Ўзбекистон | 22:10 / 16.11.2021
32579
12 дақиқада ўқилади

“Қаерликсиз?” — Ўзбекистонда маҳаллийчиликни кучайтирган учта омил

Судларга бўлган ишончсизлик, қонунларнинг устувор эмаслиги ва коррупция ортидан криминал ва ярим криминал тоифаларнинг жамиятдаги нуфузи ортади.

Фото: Kun.uz

Регионализм, трайболизм – бу ижтимоий феноменнинг номлари кўп. Гарчи бу сўзлар истеъмолимизда бўлмаса-да, камдан кам ўзбекистонлик бир марта бўлса ҳам маҳаллийчилик кўринишига дуч келмаган. Масалан, ватандошимиз билан Ўзбекистон ичида ёки чет элда биринчи бор учрашганимизда одатда кутилган савол – “қаерликсиз” бўлади. Ва бу савол сиз шу топда қайси шаҳар ёки туманда яшаётганингизни ёки туғилганингизни билиш учун эмас, балки сизнинг аждодларингиз қайси вилоятда яшаб ўтганини билиш учун берилади.

Чет элда яшаш ва саёҳат қилиш тажрибам мени бу ҳақда ўйлашга ундади – нега бу ерларда одамлар ўз ватандошларининг қайси вилоятдан келиб чиққанига унчалик қизиқмайдилар-у, ўзбекистонликлар қўшни вилоятлик ватандошлари ҳақида бир қанча стереотипларни шакллантириб олган?

Шахсан мен ўз қулоғим билан “фалон вилоятликлар ёлғончи ва фаросатсиз бўлиши” экани ҳақида эшитганман. Шу билан бирга, мен “фақатгина фалон вилоятлик бўлмасин” деган шарт билан ўзига бизнес-ҳамкор танлайдиганларга дуч келганман. Ўша “фалон” вилоят эса суҳбатдошимнинг қайси вилоятлик эканига караб ўзгарарди ва мамлакатимизнинг исталган вилояти бўлиши мумкин эди.

Муаммонинг сабабларига шўнғишдан аввал, келинг, бундай ижтимоий феъл-атвор оқибатларини – меваларини аниқлаб олайлик. Бу турдаги тафаккурнинг иқтисодий оқибатлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар бор. Ўрганишлар шуни кўрсатяптики, миллат ичида содир бўладиган бўлиниш (қутблашиш ёки поляризация) жамиятда ўзаро ишонч (ижтимоий ишонч) даражасини пасайтиради, инвестициялар келишини камайтиради, давлат харажатларини кўпайтиради, жиддий келишмовчиликлар учун замин яратади.

Бошқача қилиб айтганда, регионализм, маҳаллийчилик Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ҳатто сиёсий ҳаёти учун жиддий хавф туғдирувчи омилдир.

Ким айбдор?

Маҳаллийчилик жамиятимиз учун шаксиз зарар келтиришини аниқлаб олдик. Бироқ бу иллатнинг келиб чиқиши ноаниқ бўлиб турибди.

Ўзбекистонда регионализм сабаблари бир нечта. Биз фақат учтаси ҳақида гаплашамиз: қонун устуворлиги соҳасидаги муаммолар, прописка институтининг таъсири ва “пойтахт таассуби” деб аталадиган ҳолат.

Қонун устуворлиги

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (15-модда) қонун устуворлиги мустаҳкамланган, унинг 18-моддаси эса ҳар ким: жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенг эканини белгилайди. Бироқ Ўзбекистон судлари фаолияти, хусусан 2016 йилдан бошланган ислоҳотларгача бўлган фаолияти дунё ҳамжамияти томонидан танқидга учраб келди – адолат ва шаффофлик даражаси паст бўлгани учун. Адлия вазири Русланбек Давлетов эса 2012-2016 йиллар оралиғида атиги 7 та оқлов ҳукми чиқарилганини, чунки суд тизими ҳукмларни “штамповка” қилишга сафарбар этилганини айтди. Яъни жиноят ишлари кўрилганда адолатга умид қилиш қийин эди. Бу жиноят ишлари ҳақида эди.

Фуқаровий ҳуқуқий тизим билан боғлиқ ҳолат ҳам кўнгилдагидан йироқ. Қонун устуворлиги индекси бўйича Ўзбекистон 128 мамлакат ичида 72-чи ўринда, ўзининг хатарли даражадаги юқори коррупцияси ва келишмовчиликлар судда кўриб чиқилишининг қийинлиги билан.

Фуқаровий судлар кишиларнинг ўзаро келишмовчиликларини ҳал қилиш учун керак. Аммо судларга нисбатан ишонч бўлмаса, қандай қилиб одамлар маиший ва иқтисодий келишмовчиликларига ечим топиши мумкин? Бу саволга жавоб бериш учун экстремал мисолларга мурожаат қилишимиз мумкин – давлатчилиги суст ёки умуман мавжуд бўлмаган мамлакатларда кишилар бундай келишмовчиликларини қандай ҳал қилишади?

Колумбия университети профессори Дэниель Корстандж бу борада Яманда тадқиқот ўтказди. Яманда анъанавий суд институти деярли йўқ, жамият қабилавий муносабатлар асосида яшайди: қабилавий ҳуқуқ устувор, бунда судялар вазифасини оқсоқоллар бажаради, қонунлар ролини эса қабиланинг ёзилган ёки ёзилмаган қонунлари бажаради.

Корстанджнинг тадқиқоти шуни кўрсатдики, Яманда қонун устуворлиги юксалган заҳоти яманликлар қабилавий ҳуқуққа нисбатан муносабатлари ўзгарар экан, яъни давлат қонунларига ҳурматлари ошар экан. Давлат жорий қилган ҳуқуқий тизимни кучли ҳисоблаган яманликлар қабилавий ҳуқуққа қарши эканлар ва аксинча, давлат қонунлари ишламаяти деб ҳисоблайдиганлар қабилавий қонунлар тарафдори экан.

Яъни одамлар томонидан ўйлаб топилган қабилавий қонунлар келишмовчиликларни ҳал қилишнинг шунчаки вақтинчалик номукаммал воситаси сифатида кўрилар экан – давлат институтлари мустаҳкамлангани заҳоти яманликлар қабилавий судларни самарасиз ҳисоблай бошлашади.

Яманликлар давлат судлари ишлашини исташлари тушунарли: қабилавий судлар ишлатилганда кишилар камроқ одамлар билан ҳуқуқий муносабатларга кириша оладилар. Бунда қабилалар турли қонунлар тўпламини ишлатишлари сабаб турли қабила вакиллари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш имконсиздир. Инчунун, қабилалар бир-бирига ишончсизлик билан қарашади, токи давлат қонунлари устувор бўлмагунча.

Яман – легал-анаъанавий суд тизимига муқобил судлар пайдо бўлгани кузатилаётган ягона давлат эмас. Сомали ва Афғонистонда ҳам уруш, ҳарбий интервенциялар, қўзғолонлар ва бошқа сиёсий бўҳронлар сабаб бутун мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш имконсиз бўлиб қолган. Афғонистонда “паштунвали”, Сомалида “ксир” – булар универсал давлат ҳуқуқини жорий қилиш билан боғлиқ муаммолар сабаб ҳанузгача қабилалар ичра муносабатларни тартиблаб келмоқда.

Бахтимизга Ўзбекистон бундай ачинарли ҳолатдан йироқ. Бироқ биздаги давлат суд тизимининг номукаммаллиги билан маҳаллийчилик кучайиши орасидаги алоқа ўзгаришсиз қоляпти деб бемалол айтишимиз мумкин.

Давлат судларига бўлган ишонч паст бўлса, одамлар адолат ўрнатишнинг муқобил воситаларига мурожаат этишади. Масалан, бунақа ҳолатда бизнес шартномалар тузаётган томонларга ўзлари яшаётган вилоят вакили билан алоқа қилиш қулайроқ бўлади: келишмовчиликларни давлат суди орқали ҳал қилиш ўрнига “муаммо бўлса фалон обрўли акалар орқали ҳал қиламан” деган кайфият, яъни ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилишда локал ричагларни ишлатишга хоҳиш кучаяди. Ричаг вазифасини эса бу ерда нуфузли танишлар, умумий танишлар, оталар, боболар, устозлар ва бошқалар ўтайди.

Табиийки, бундай ричаглар сони томонлар турли ҳудуд вакиллари бўлганда сезиларли камаяди, томонлар яшайдиган ҳудудлар қанча узоқ бўлса, шунча камаяди. Шу учун давлат судларига бўлган ишонч пасайганда кишилар “бегоналар” билан алоқа ўрнатишдан четланишга уринишади. Бу ҳол уларда ўзига хос феъл-атворни – регионализмни шакллантиради.

Қўшимча сифатида айтиш керакки, судларга бўлган ишочсизлик оқибатида криминал ва ярим криминал тоифаларнинг жамиятдаги нуфузи ортади, чунки аслида суд ҳал қилиб бериши керак бўлган келишмовчиликларни суд орқали ҳал қилиш қийинлашганда омма ичида маълум “авторитетлар”га мурожаат этиш ҳолатлари кўпаяди. Бу эса, табиийки, одамларнинг тафаккурига таъсир этади, зеро, адолат демократик воситалар орқали умумқабул қилинган қонунлар воситасида эмас, балки кўча “решала”ларининг иродаси орқали “қарор топиши” кишилар онгида, албатта, из қолдиради.

Прописка” институти мероси

Президент Шавкат Мирзиёев пропискани кишанга ўхшатди ва 2020 йил бошида конституцияга хилоф бундай тизимни бекор қилишга топшириқ берди. У Хоразмга ташрифи пайтида ўз бошидан ўтганларини, пойтахтга келганда пропискаси бўлмагани учун қай даражада қийналганларини айтиб берди. “Айбим – Тошкентда туғилмаганим эди”, деган эди у.

Ростдан ҳам тенг ҳуқуқли Ўзбекистон фуқароларини 30 йил давомида “пойтахтда яшашга лойиқ бўлган” ва “лойиқ бўлмаган”ларга бўлиш кишиларнинг ҳудудлараро ўзаро алоқаларига кучли зарба берди.

Эркин ҳаракатланишга нисбатан қонунчиликда белгиланган чекловлар ҳамда капитал ва ишчи кучига бўлган талабнинг пойтахтда мужассамлашиши нафақат номинал, балки Тошкент билан бошқа регионлар ўртасида иқтисодий нотенгликни келтириб чиқарди. Ишчи кучининг Тошкентга кириб келишини сунъий чеклаш пойтахт ва вилоятларда маош ҳажмидаги нотенгликни пайдо қилди.

Иқтисодчилар Роберт Андерсен ва Жош Кюртис 44 давлат маълумотларига таяниб, кишиларнинг ўз-ўзини синфий идентификация қилиши (ўзини камбағал, ўртаҳол ёки бой ҳисоблаши) қанча пул топаётганига эмас, балки бошқа ватандошлари топаётган даромадлар нисбатига боғлиқлигини аниқлаган. Яъни йилига 20 минг доллар (харид имконияти паритетига тўғирлангандан кейин) топаётган киши АҚШда камбағал, Мянмада бой ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, кишилар доим ўз иқтисодий фаровонлигини нисбий категорияларда баҳолайди. Ўзбекистонда, прописка тизими эффекти сабаб синфий турланиш ҳудудий тус олди, зеро фаровон ҳаётни соф меҳнат, истеъдод билан эмас, ҳатто коррупция билан ҳам эмас, балки пойтахт пропискаси билан боғлаш тенденцияси кучайди. Иқтисодий нотенгликни ҳудудий келиб чиқиш билан боғлаш кайфияти кучайди, бу эса тошкентликлар ва вилоятликлар ўртасида адоватни пайдо қилди.

Прописка тизими мамлакатнинг ижтимоий капиталига катта зарар келтирди. Унинг асоратлари кетгани йўқ – бекор қилинган бўлса ҳам, оқибатлари ҳали ҳамон ижтимоий ҳаётимизнинг нақд ўртасидан қизил чизиқ бўлиб ўтиб туради.

Ҳамма йўллар Тошкентга олиб боради ёки “пойтахт таассуби”

Пойтахт таассуби (ингл. “capital city bias”) – иқтисодий феномен бўлиб, режали иқтисодиёт ёки катта давлат секторига эга, шу билан бирга нопропорционал катта ресурсларни пойтахтга ташлайдиган мамлакатларга хосдир. Бундай ҳолат оқибатида марказ ва ҳудудлар ўртасида баланс бузилади.

Ўзбекистон собиқ совет иттифоқининг инфраструктурани ривожлантиришга бўлган ёндашувини меърос қилиб олди ва маълум миқдорда давом эттирди. Масалан, транспорт инфраструктураси талаб-таклиф асосида эмас, марказлашган режалаштириш асосида кенгайди: “марказ”ни ҳудудлар билан боғлаш учун темир йўллар қурилди.

Ҳозирги Ўзбекистонда ҳам совет меросининг ўрни бор. “Ўзбекистон темир йуллари” корхонаси сайтидаги поездларнинг қатнов жадвалига қарайдиган бўлсак, битта бўлса ҳам вилоят марказидан ўтадиган жами поездларнинг 82 фоизи ёки Тошкентдан, ёки Тошкентга йўналиш олган. “Ўзбекистон ҳаво йуллари”нинг 2019-2020 йилги ички рейслари жадвалида 35 рейсдан 1 тасидагина учиш ё қўниш нуқтаси Тошкент эмас.

Юқоридагилардан бир қизиқ манзара шаклланади: прописка тизими “вилоятликлар”нинг пойтахтга келишини чеклаган, шу билан бирга транспорт инфраструктурасидаги дисбаланс айнан пойтахтни улар учун “учрашадиган жой”га айлантирган.

Яъни прописка Тошкентда яшовчиларни бошқаларга қарши қўйган бўлса, инфраструктуранинг номутаносиблиги ҳудудлараро алоқаларни маълум миқдорда чеклаган эди. Буларнинг ҳаммаси маҳаллийчилик ва ҳудудлараро муросасизликни озуқалантирар эди.

Хулоса

Маҳаллийчилик – мамлакатнинг уйғун ривожи учун катта душман. Одамларнинг маданий ўзига хосликлари, тилдаги турфалик ва бошқалар бу феноменга сабаб бўлиши мумкин, аммо айнан қонун устуворлиги билан боғлиқ муаммолар, пропискага ўхшаган институтлар ва инфраструктурадаги ҳудудлараро дисбаланс тарихан юқори вазнли факторлардир.

Прописканинг бекор бўлгани шаксиз тараққиёт ва миллий бирдамликка қараб ташланган муҳим қадам бўлди. Ўйлаймизки, 2016 йилда бошланган демократик ислоҳотларни, хусусан судлар мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда иқтисодиётни либераллаштиришда давом этиш бу жараённи тезлаштиради.

Шаҳзод Йўлдошбоев,

Georgetown университети талабаси, АҚШ

Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.

Мавзуга оид