Ўзбекистон | 16:42 / 27.08.2024
33589
6 дақиқада ўқилади

Ҳокимнинг ўғли қамоқдан озод қилинди, оддий фуқаро эса йўқ – битта судда икки хил қараш

Поп тумани ҳокимининг ўғли бўлган “Жийдакапа барака чорва” фермер хўжалиги раҳбари 200 млн сўмдан ошиқ электр токини ўғрилагани учун қамоққа олиниб, 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати уни қамоқдан озод этди. Айни шу суд шундай ишда Жиноят кодексининг бир хил моддаси билан айбланган оддий фуқаронинг апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, 2,5 йиллик қамоқни аслича қолдирди.

Бойнинг боласи жиноят қилса – шўхлик, камбағалнинг боласи шўхлик қилса – жиноят, деган эски гап бор. Наманган вилоятида эскиларнинг шу гапи нечоғлик ҳақиқат эканига далил бўладиган қизиқ ишлар бўлмоқда.

Наманган вилоят судининг апелляция инстанциясининг 2024 йил 7 августдаги ажрими билан жуда кўп миқдорда ўғрилик қилган Султонов Ғулом Аъзамовичга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, у суд залидан озодликка чиқарилди. “Дарё”нинг ёзишича, Ғулом Султонов Поп тумани ҳокимининг ўғли ҳисобланади.

Суд ажримига кўра, судланувчи Ғулом Султонов ўзи раҳбар бўлган Уйчи туманидаги “Жийдакапа барака чорва” фермер хўжалигига қарашли чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш цехини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, электр энергиясини яширин равишда талон-торож қилганликда айбланган. Зарар миқдори 200 млн 326 500 сўмни ташкил қилган.

Судланувчи ЖИБ Уйчи туман суди ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда ўғирлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ҳукм ўзгартирилиши натижасида судланувчига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ўзгартирилган. Маҳкум суд залидан дарҳол озод этилган. Ҳукмда етказилган зарар қоплангани келтирилган.

Бир ҳил ҳолат – икки хил муносабат

Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида айни шу каби яна бир иш кўриб чиқилган. Унда тадбиркор Б.А. тижорат мақсадида ҳисоблагичдан ташқари табиий газга уланиб, давлат манфаатларига 1 млрд 8 млн сўмлик табиий газни ўғрилик йўли билан талон-торож қилгани айтилади.

Наманган шаҳар судининг ҳукми билан Б.А. Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда ўғирлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга ҳам 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Б.А. апелляция шикоятида зарар миқдори нотўғри ҳисобланганлиги, аниқланган тармоқ эски тармоқ бўлиб, ундан фойдаланмаганлиги, шундай бўлса-да етказилган моддий зарарни бартараф қилганлигини билдириб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. Аммо Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирмай, дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Биринчи ҳолатда судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантириш учун асослардан бири сифатида Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 1-бандини келтирган.

“Биринчи инстанция суди томонидан Ғулом Султоновга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалиги, муқаддам судланмагани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланиб, судланувчининг шахсини ва содир этилган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини, фуқаровий даъвогар даъвоси йўқлигини инобатга олмасдан унга нисбатан бирмунча оғирроқ жазо тайинланган.

Апелляция инстанция суди муҳокамасида ҳимоя томонидан Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими бошлиғи И.Нажмиддиновнинг, Наманган вилояти Уйчи тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг илтимосномалари тақдим қилиниб, унда Ғулом Султоновнинг қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, фермер хўжалигини фаол бошқариб келаётганлиги, қишлоқ хўжалигидаги улкан тажрибаси, биринчи маротаба жавобгарликка тортилаётгани, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлаш сўралган”, дея келтирилади суд ажримида.

Иккинчи ҳолатда эса судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирмаслик учун асослардан бири сифатида айнан Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 1-бандини келтирган.

Биринчи инстанция суди Б.А.га жазо тайинлашда қонун талаби ва Пленум қарорлари тушунтиришларига амал қилган ҳолда, уни айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчилигини, қарамоғида икки нафар фарзандлари борлигини, жиноят натижасида етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, қилмишда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, уни жазосини енгиллаштирувчи ҳолатларни содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилигини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда қонун санкциясида назарда тутилган жазодан бирмунча енгил жазо тайинлаган”, дейилади ажримда.

Биринчи ҳолатда судлов ҳайъати қўллаган ҳуқуқий асослар негадир иккинчи ҳолатда аксига “ишлаган”.

Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноят учун 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Маълумот учун, Аъзамжон Султонов 2017 йил октябр ойидан буён Поп тумани ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Бунгача у вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлган.

Мавзуга оид