Ўзбекистон | 18:05 / 16.11.2021
53434
4 дақиқада ўқилади

Танасидан игналар топилган болакайнинг бугунги ҳолати қандай?

Уч йил олдин Фарғонада 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 14 дона игна топилгани кўпчиликни ларзага солганди. Kun.uz ҳаётининг илк давридаёқ оғир синовни бошдан ўтказган болакайни йўқлаб борди.

Азизбек 2018 йилда Тошкентда операция қилиниб, танасидан 11 та игна олиб ташланган, 3 тасини эса олишнинг иложи бўлмагани боис боланинг танасида қолдирилганди. 17 кунлик комадан кейин ўзига келган болакай мўъжиза ўлароқ яшаб кетди.

Биз Худойбердиевлар хонадонида унинг ота-онаси Азимжон ва Шоҳсанамхон билан суҳбатлашдик. Азизбек тўрт ярим ёшга кирибди. Шўх, тинимсиз ҳаракатда экан.

“Авваламбор, халқимизга катта раҳмат айтаман. Боламнинг ҳақига дуода туришди. Тиббиёт ходимларининг ҳам ёрдами беқиёс. Улар Азизбекнинг дардини аритиш учун бор кучини беришди.

Боламнинг ҳолатига келсак, операциядан сўнг яхши томонга ўзгарган. Анча ўйнаб қолди. Юришга ҳаракат қиляпти. Лекин барибир ўртоқларидан озгина орқада. Гапиришга ҳаракат қиляпти.

Шунисигаям шукр. Мана, икки ой бўлди, боғчага бердик. Боғчаниям анча фойдаси бор экан. Одамови бўлиб қолувди. Одамларгаям киришишни ўрганди.

Ўнг тараф оёқ-қўлида тонуси бор. Массаж олиб, даволовчи гимнастика қиляпмиз. Натижада ўнг оёғини босиб қолди. Ўнг қўлида озгина ҳаракат чекланиши бор. Невропотологлар вақт ўтган сари секин-секин тарқаб кетади дейишди.

Болам операциядан кейин 17 кун комада ётган. Шунинг таъсиридан деб ўйлайман. Врачларнинг айтишича, кома таъсирида боламнинг бошида қон айланиши сустлашиб, ҳаракатланиш аъзоларига таъсир қилган. Шунинг ҳисобига ўнг оёғи ва қўли ҳаракат қилишга суст. Докторлар айтиши бўйича, вақт ўтгани сари секин-секин тарқаб ўз ҳолига келади. Ўнг оёғи қўлидан кўра анча ҳаракатчан”, – дейди Азизбекнинг онаси Шоҳсанамхон.

Ҳозирги кунда боланинг танасида учта игна қолган. Ота-она 2019 йили Тошкентга болани операция қилган хирургларга кўрикка олиб боришган. Мутахассислар массаж ва даволаш гимнастикаларини мунтазам олиб туришни маслаҳат берган. Азизбекнинг танасида қолиб кетган учта игнани эса бола кучга тўлиб бемалол юриб кетганида жарроҳлик операцияси орқали олиб ташлашларини айтишган.

Азизбекнинг ота-онаси фарзандини операция қилган Ҳабибулло Ақилов ва унинг жамоасига яна бир бор ўз ташаккурини билдирди.

“Худо хоҳласа, ўғлимиз оёққа туриб олса, суннат тўй қилмоқчимиз. Бизга дуода бўлиб турган Ўзбекистон халқига ҳамиша бизни қўллаб-қувватлаганларга раҳмат айтмоқчимиз. Уларнинг барчасини тўйга айтамиз”, – дейди Шоҳсанамхон Худойбердиева.

Азимбой Худойбердиевнинг айтишича, унинг оиласига Тошлоқ тумани ҳокимлиги мунтазам ёрдам бериб келади. Ҳокимлик хонадонга иссиқхона қуриб беришдан ташқари, Азизбекнинг имтиёзли равишда боғчага жойлашишига ёрдам беришган.

Азизбек боғчага боради. Оила томорқасидаги иссиқхонада деҳқончилик қилиб тирикчилигига маблағ топмоқда.

Kun.uz мухбирининг ташрифидан хабар топган туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев Худойбердиевлар хонадонига ўзи билан мини-трактор ҳам олиб келибди. Бу ускуна оиланинг тирикчилигига асқатади.

Азизбекнинг умумий ҳолати яхши. Танасида игналар билан яшаётган болажонга соғлик тилаб қоламиз.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

P.SШу пайтгача бериб келинган хабарларда болакайнинг танасидан 16та игна топилгани айтилган эди. Ота-она бу сафарги ташрифимизда игналар сони 14та бўлгани, улардан 11тасини олиниб, 3таси қолганини айтиб ўтди.

Мавзуга оид