Жаҳон | 09:03 / 16.11.2021
6042
2 дақиқада ўқилади

Хитой фазовий ракеталарни учириш учун сузувчи космодром қурмоқда

Хитойда фазовий ракеталарни учириш учун махсус сузувчи космодром қурилмоқда. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Space.com нашри.

Фото: CASC

Янги турдаги космодромнинг ўлчамлари 162,5×40 метрни ташкил қилади. Махсус платформа Шаньдун провинциясининг Хайян шаҳрида жойлашган янги космодром ёнида қўлланади.

Платформа “Чанчжэн-11” ҳамда Smart Dragon ракета-ташувчиларини учириш учун мўлжалланган қурилмалар билан жиҳозланади.

Келгусида платформани ракеталарнинг биринчи поғонасини қўндириш учун қўллаш режалаштирилмоқда. Ҳозирда SpaceX компанияси Falcon 9 ва Falcon Heavy ракеталарининг биринчи поғонасини қўндиришда шундай сузувчи платформадан фойдаланади.

Таъкидланишича, ракеталарни денгиздан учириш Хитойга фазовий кемаларни орбитага чиқаришда кўпроқ имконият тақдим этади ва ракеталарнинг ишлаб бўлган поғоналари одамлар учун хавф туғдириб қуруқликка эмас, балки денгизга тушиши учун парвознинг оптимал траекториясини танлашни осонлаштиради.

Хитой шу кунгача Сариқ денгиздан “Чанчжэн-11” ракетасини икки марта учиришга муваффақ бўлган. Бу мақсадда парвозлар учун қайта жиҳозланган баржа қўлланган. Бу Хитойга АҚШ ва Россиядан кейин фазовий ракетани сузувчи платформадан учира олган учинчи давлатга айланиш имконини берган.

2021 йил бошида Хитой денгиздан “Чанчжэн-11” ракетасининг 3 та парвозини амалга оширмоқчилиги маълум қилинган, бироқ ҳозирча Пекин бирорта бундай парвозни амалга оширмаган.

Жорий йил бошидан Хитой 41 та ракетани фазога учириб, ўзига хос миллий рекорд ўрнатди. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, АҚШ жорий йилда ҳозирча 39 та ракета парвозини амалга оширган.

Мавзуга оид