Ўзбекистон | 20:57 / 19.11.2021
31457
3 дақиқада ўқилади

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун қаерда? — Сенаторлар ўзлари 5 ой олдин маъқуллаган қонунни эслолмаяпти

Янги таҳрирдаги “Давлат тили тўғрисида”ги қонун 2021 йил 26 июн куни Сенат ялпи мажлисида маъқулланган эди. 19 ноябрдаги матбуот анжуманида бу қонуннинг кейинги тақдири нима бўлгани ҳақида Kun.uz мухбири берган саволга жавобан, сенаторлар қонун ҳали Сенатга келиб тушмаганини айтди.

19 ноябрь куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Kun.uz мухбири Сенат томонидан 5 ой олдин маъқулланган “Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуннинг кейинги тақдири билан қизиқди.

“Сенат бу қонунни маъқуллаганди, лекин шундан кейин унинг тақдири номаълум қолди. Хўш, кейин нима бўлди, у амалга кирдими ёки йўқми?” – дея савол билан юзланди журналист.

Сенатор Наримон Умаров саволга жавобан бу қонун янги таҳрирда Сенатга ҳали кирмаганини билдирди.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда бизга кирмаган. Буни кимлардир ишлаётганидан хабаримиз бор. Лекин бу ҳали лойиҳа сифатида ҳам кўрилмаган. Маълумотингиз учун, Қонунчилик палатасидан бизга ҳали кириб келмаган”, – деди Умаров.

Шундан сўнг журналист тушунмовчилик бўлаётгани, ушбу қонун Сенатда аллақачон маъқулланганини тушунтиришга уринди. Аммо Наримон Умаров янглишмаётганини қатъий таъкидлади.

“Илёсжон, биз кеча-кундуз Сенатда ўтириб ишлаймиз, сиз эса ёдингизга бир келганда Сенат билан гаплашасиз. Кирган бўлса, айтардик. Кирган дердик. Қонунчилик палатасидан сўранг, дўстим. Бизда йўқ. Нима, ёш болага ўхшаб бир-биримизни аниқлаштирамизми энди?

Кимдир сайлов олдидан қонунда ўзгариш қиламан деб юрибди, лекин бу ҳали ўзгариш дегани эмас. У қонун ҳали кириши керак, лойиҳа сифатида қабул қилиниши керак”, – деди Сенат аъзоси.

Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси шу йилнинг 24 март куни қабул қилган.

Шундан кейин қонун 26 июн куни Сенатнинг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилинган ва маъқулланган. Бу ҳақда Сенатнинг расмий сайтида ҳам маълумот берилган.

19 ноябрдаги матбуот анжуманида Наримон Умаровдан ташқари яна ўндан ортиқ сенатор қатнашди, бироқ улар ҳам масалага аниқлик киритмай, сукут сақлади.

Конституциянинг 84-моддасига асосан, Сенат маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун ўн кун ичида президентга юборилади. Қонун президент томонидан 30 кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.

Мавзуга оид