«Саҳро Манҳэттени». Ямандаги ўрта аср осмонўпар биноларида одамлар ҳали ҳам яшамоқда
Эски Санодаги айрим бинолар баландлиги 30 метргача — Чикагодаги илк осмонўпар бинолар билан бир хил. Уларнинг ёши 300–500 йил бўлиб, жуда чидамли ва экологик тоза. Иссиқ ва қуруқ иқлим учун идеал турар жой. Лекин жой жуда кўп бўлса, осмонўпар бино нима учун саҳро ўртасида қурилган?
Улкан Баб ал-Яман дарвозаси орқасида Яман пойтахти Санонинг қадимий қисми жойлашган. У деворлар орқасидаги ўзга оламга олиб борувчи порталга ўхшайди, дея ёзади ана шу биноларга саёҳат қилган BBC мухбири Ульрике Леммин-Вулфри.
Бир-бирига ёпишган баланд, лекин ингичка уйлар, тор кўчалар, кичик, бироқ яшил мевали боғлар... Бозорда худди қадимги вақтлардагидек эшак сотилади. Чилангар кўчада катта калит ясаяпти. У мана шу улкан эшиклардан бири учун бўлса керак.
Сотувчи аравада кактусга ўхшаш тиканли нок сотяпти. Новвой ердаги тандирда иссиқ нон ёпяпти. Кўринишидан чарчаган туя айлана бўйлаб юриб, тегирмон тошларини ҳаракатга келтирмоқда ва кунжутни майдалаяпти.
Бироқ бу ердаги энг ҳайратланарли нарса – архитектура.
Эски Санодаги бу каби уйлар дунёнинг ҳеч бир ерида бошқа учрамайди (Яманнинг ўзидан ташқари). Биноларнинг биринчи қаватида деразалар йўқ. Катта эшиклар лой ғиштлардан терилган бир хил деворларга ўзгачалик беради. Тепага қарасангиз, қизиқ нарсанинг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Бинолар жуда баланд. Айрим ҳолларда ҳар бир қаватда бор-йўғи бир-иккита хона бўлади. Бироқ унинг ёнида турганингизда бино худди осмонга етгандек туйилади.
Уйлар ҳам чиройли, ҳам қулай. Биринчи қаватлар расталар ёки устахоналар учун мўлжалланган. Юқори қаватдаги айрим деразаларга ё рангли ойна, ё машрабий – нақшли ёғоч панжаралар ўрнатилган. Демак, у ерда аёллар яшайди. Дераза ромлари ёки қаватларни бир-биридан ажратадиган горизонтал фризлар оҳакдан маҳорат билан ишланган. Сариқ деворлар билан уйғунлашиб, пряник уй эффектини ҳосил қилади. Ясси томларда очиқ айвонлар жойлашган. Об-ҳаво иссиқ бўлганида уй эгалари мана шу ерда ухлашади. Кўчадан қараганда уйлар баландлигини чамалаш қийин, бироқ улардан узоқлашиб, биноларнинг айримлари етти қаватдан иборат эканини санаб кўриш мумкин.
Осмонўпар бино беш асрлик бўлганида
Томида қаҳвахона жойлашган ана шундай улкан бинолардан бирига кўтарилдим. Ҳамма томонда худди шундай баланд уйлар бор эди. Ўзимни Нью-Йорк ёки Дубайдагидек ҳис қилдим.
Фарқи шундаки, ушбу баланд биноларнинг ёши 300 дан 500 йилгача ва улар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда темир бетондан эмас, қуёшда қуритилган лойдан қурилган.
Эски Санодаги айрим уйларнинг баландлиги 30 метргача – Чикагодаги илк осмонўпар бинолар билан бир хил.
Ана шундай иншоотлар Яман бўйлаб тарқалган. Масалан, 1930 йилда инглиз сайёҳи Фрея Старк “Саҳродаги Манҳэттен” деб номлаган Шибам шаҳри ёки мамлакат ҳукмдорлари – имомлар яшаган Дар-ал-Хажар (“Қоядаги сарой”). Мазкур архитектура шу даражада бетакрорки, ЮНЕСКО Шибам, Зобид ва Эски Санони ўзининг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритган. Улкан иншоотлар Яманда VIII-IX асрлардаёқ қурила бошлаган, дея қайд этади Шарқ ва Африка тадқиқотлари Лондон мактаби профессори ва “Яманнинг архитектуравий мероси – киши нигоҳини ўзига қаратувчи уйлар” китоби муаллифи Тревор Мэрченд.
“Ўрта аср манбаларига кўра, милоддан аввалги III асрда Санода қурилган, Сабаийлар салтанати ҳукмдорлари яшаган Чумдам саройи 20та қаватдан иборат бўлган ва ҳашамат билан безатилган”, — дейди у. Мутахассис бу фикрни текшириб кўриш ҳам, углеродли таҳлил асосида материаллар ёшини аниқлаш ҳам деярли имконсиз эканини айтди. Гап шундаки, лой деворлар қуёш ва шамол таъсирида дарз кетган, улар доимий равишда таъмирланган.
Биноларнинг ғаройиб жиҳатларидан бири, уларда ҳали ҳам одамлар яшайди. Эски Санада улардан айримлари меҳмонхона ва қаҳвахонага айлантирилган. Бироқ катта қисмида одамлар яшайди.
“Болалигимизда кўчада тўп тепардик, ўсмирлигимизда эса турли рангдаги витраж ойналар ортида қаҳва ҳўплардик”, — дейди Яман Эски биноларни қўриқлаш ва тиклаш фонди вакили Арва Мокдад.
Бироқ нима учун?
Мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб ва осмонўпар бинолардан ҳайратланиб, яманликларнинг аждодлари жой шунча кўп бўлса, нима учун бундай биноларни саҳрода қуришганини тушуна олмадим.
“Яман архитектураси ва унинг реставрацияси” китоби муаллифи Салма Самар Дамлужи менга шундай тушунтирди: аслида бу ерда қурилиш учун жой етишмаган, чунки саҳрода яшаш имконсиз, қишлоқ хўжалиги учун мос келадиган бир сиқим ер олтинга тенг бўлган.
Шаҳарлар юқорига қараб ўсарди, чунки ихчам бўлиши керак эди. Бунда хавфсизлик масаласи ҳам ҳисобга олинарди. Душманлардан ҳимояланиш учун уларнинг ҳар бири атрофида “сур” деб аталувчи баланд девор қуриларди. Тунда шаҳар дарвозалари беркитиларди.
Қабилалараро можаролар Яман учун доим одатий ҳол бўлган, дея тасдиқлайди профессор Мэрченд.
Табиий материаллардан қурилган Яман уйлари араб чўл иқлими учун мос келади. Кесакилар бинони қуёш нурларидан ҳимоя қилади, энг кучсиз шамол ўтиши ва етарлича ёруғлик тушишига имкон яратади.
Ғиштлар оловда пиширилмаган, қуёшда қуритилган. “Пишмаган ғишт иссиқликни аста-cекин ўзига сингдиради ва чиқаради. Кундузи бундай уйлар салқин, кечаси эса ташқарига нисбатан иссиқроқ”, — дея тушунтиради Берклидаги Калифорния университети архитектура профессори Рональд Рид.
Лойли архитектура – профессор Рид илмий қизиқишининг асосий предмети. У Колорадо штати жанубида катта буваси томонидан пишмаган ғиштдан қурилган кенг уйда яшайди.
Боғланган қатор усули
Қадимий яманлик усталар нарвонлардан деярли фойдаланишмаган, деворни ичкаридан кўтаришган. Дастлаб ерга икки метргача чуқур кириб борган тошли фундамент қурилган. Унинг устида туриб, усталар биринчи қават деворини қуришган, ёғоч шифтни ўрнатиб, унинг устида кўтарилишган ва ҳ.к.
Боғланган қатор усулида ғиштлар қирраси ташқи томонга қараган ва иккита юқори ғишт чегараси пастки ғишт ўртасидан ўтади. Конструкция ёғоч тахталар билан мустаҳкамланган. Нарвондан қуриб битказилган уйлар юқори қаватларини таъмирлаш учун фойдаланилган.
Салма Дамлужининг сўзларига кўра, ушбу техника деярли йўқолиб кетган. “Биз лойдан қурилган, уч аср ва ундан кўп турган олти қаватли уйларни кўрамиз. Замонавий архитектор бундай бинони қура олмайди”, — дейди у.
“Уларга қараш ачинарли”
Жалуджи ва “Даван” архитектура фонди қадимий ҳунармандчиликни сақлаб қолишга уринмоқда. Улар анъанавий технологиялар асосида, бироқ замонавий қулайликларга эга, табиий материаллардан қурилган уйларни лойиҳалаштиряпти.
Тарихий биноларга шамол эрозияси хавф соляпти. Яман ҳукумати ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи исёнчи хуситлар ўртасидаги кўп йиллик уруш, оммавий қашшоқлик туфайли кўплаб уй эгаларининг уларни таъмирлашга имконияти йўқ.
2020 йилда ЮНЕСКО Яманнинг 8 мингта уйини ўрганди ва қулаб тушиш арафасидаги 87та уйни ўз ҳисобидан таъмирлаб берди. БМТ ва маҳаллий ишқибозлар қўлидан келган барча ишни амалга оширмоқда, бироқ ресурс етарли эмас.
“Тарих харобага айланаётганини кўриш ачинарли. Бу бутун инсоният учун катта йўқотиш”, — дея қайғуради Арва Мокдад.
Бироқ фахр учун сабаб ҳам мавжуд.
“Бошқа исталган мана шундай жой музей экспонати бўларди, бироқ бизда бундай уйларда одамлар яшашади! Уч авлодни кўрган уйда яшаб, ўтмиш билан алоқани ҳис қилиб туйиладиган фахрни сўз билан ифодалаш мушкул”, — дейди у.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
15:56 / 22.12.2024
Америкалик ҳарбийлар Қизил денгиз устида ўз қирувчисини уриб туширди
18:08 / 19.12.2024