Муваффақиятли карьера ва Google ва Amazon компанияларига ишга кириш талаблари – АҚШдаги дастурчи билан суҳбат
Uzbek.life’нинг навбатдаги суҳбатдоши АҚШнинг Google компанияси дастурчиси Фаррухбек Ҳабибуллаев бўлди.
Суҳбатдошимиз Наманган вилоятида туғилиб ўсган. Дастурлаш соҳасини даставвал YouTube’даги видео дарслар орқали ўрганишга ҳаракат қилган.
Culture shock’ни қандай қилиб енгиш мумкин?
Ўзбекистонда бакалаврни тамомлагач Қўшма Штатларга илк келган вақтим 23 ёшда эдим. Албатта, ҳар қандай инсон учун янги муҳитга, янги атмосферага кўникиш қийин бўлса керак. Ҳаётдан олиб қарасак ҳам бир дарахтни ўсиб турган жойидан кўчириб, бошқа жойга ўтказсангиз янги жойда ўсиб-яшнаб кетгунча вақт керак бўлади. Маданиятлар хилма-хиллиги, одамлар муомаласи, бошқа турдаги овқатларга ўрганиш барибир ҳам осон бўлмайди. Кўпчилик қатори менда ҳам бошида сulture shock бўлган. Америкадаги ижтимоий ҳаётга мослашиш ва сulture shock’ни енгиш учун кўпроқ дўстлар орттиришга ҳаракат қилдим. Чунки қанчалик кўп одамлар билан мулоқот қилсангиз муҳитга мослашиш ҳам осон кечади. Маслаҳатим, иложи борича атроф-муҳитни ўрганишга, америкаликлар нималарни қадрлаши ҳақида кўпроқ билиб олиш зарур. Чунки сиз яшаётган давлат қаер бўлмасин, у ердаги инсонларнинг одатларини қадриятларини, албатта ҳурмат қилишингиз лозим. Қайси давлатга борманг сulture shock’ни енгиш учун ишлайсизми ё ўқийсизми кўпроқ одамлар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилинг. Ҳеч қачон уялиб турмай тадбирлар, танловларда, албатта қатнашинг.
Ўзбекистондан туриб Америкадан иш топганман
Америкага келиш учун асосли сабабингиз бўлиши керак. Масалан, таълим, иш ёки миграция жараёни. Мен ўқишни тамомлагандан сўнг Ўзбекистондан туриб Америкадан стартап компаниясидан дастурчилик бўйича иш топганман. Ишга кириш жараёнидаги интервью онлайн тарзда бўлган. Бу компания биотехнологиялар бўйича иш олиб борарди. Ушбу компаниянинг асосий фаолияти ҳали давоси топилмаган турли касалликлар учун даволовчи дори воситалар ва вакцина топиш, яъни ишлаб чиқаришдан иборат эди. Америкада стартап компаниялар жуда ҳам кўп. Кейинчалик бошқа бир стартап компанияга ишга ўтганман. Ўзи аслида катта компаниялардан кўра стартап компанияларда ишлаш ҳам қулай, ҳам осонроқ. Бу компанияда асосан робототехника ва короботикларнинг операцион системаси бўйича иш олиб бораётган жамоада ишлаганман.
Ёш дастурчиларга тавсияларим
Янги соҳага кириб келаётган дастурчиларга тавсиям, сиз ҳар қандай компанияда ўз фаолиятингизни бошласангиз бўлади. Муҳими, қаерга ишга кирсангиз ҳам ўз устингизда тинимсиз ишлашингизга тўғри келади. Кўпчилик стартап компанияларда иш бошлаган яхши деб ҳисоблайди. Сабаби, бу каби компанияларда ишлаш нисбатан осонроқ. Катта компанияларда ишлаш орқали эса кўпроқ тажриба орттириш мумкин. Ривожланиш учун бу каби компаниялар яхши танлов. Солиштирадиган бўлсак, стартап компанияларнинг яхши томони лойиҳалар одатда юқорига қараб ўсади, катта компанияларда эса юқорига эмас, балки лойиҳалар энига қараб кенгайиб боради.
Amazon ва Google компаниясига ишга кириш
Amazon компаниясига ишга киришимдан менга стартап компаниясида олган тажрибаларим асқотган. Бундан ташқари, магистратурада IT соҳаси бўйича фундаментал билимларни олганим ишга кириш жараёнидаги интервьюлардан осон ўтишимда ва job offer олишимда ёрдам берган деб айта оламан. Масалан, Amazon’га киришдаги интервьюда менга берилган топшириқлар: алгоритм, операцион системада ишлаш, систем дизайнер қилиш бўлган. Биринчи интервью скрин бўлиб унда ўтгандан сўнг, 5 та босқичда яна бешта инсон билан суҳбатдан ўтишингизга ва юқоридаги каби турли хил топшириқлар бажаришингизга тўғри келади. Amazon компаниясига ишга киришдаги интервью билан бошқа компанияларга ишга киришдаги суҳбатнинг фарқли томонларидан бири – Amazon нафақат сизнинг IT соҳаси бўйича билимларингизни текширади, балки қанчалик мантиқий фикрлай олишингиз, бундан ташқари янги ғоялар бера оласизми-йўқми, бунга алоҳида эътибор қаратади. Яъни сизнинг Amazon компаниясига нима бера олишингиз уларни кўпроқ қизиқтиради. Бундан ташқари сиздаги лидерлик қобилияти ҳам ишга кириш жараёнида сизга устунлик беради. Шунингдек, интервью давомида аввалги иш фаолиятингизда нималар билан шуғулланганингиз, турли хил муаммоларга дуч келганингизда у муаммоларни қандай қилиб енгиб ўтганингиз сўралади.
Amazon ва Google компаниясига ишга кириш талаблари, интервью жараёни деярли бир хил. Улар орасида катта фарқ бор деб айта олмайман. Лекин Google'га ишга кириш Амазонга қараганда нисбатан қийинроқ бўлади. Ҳозир Google компаниясида smart car, яъни ақлли машиналарнинг операцион ситемаси бўйича жамоада ишлайман. Кўп дастурлаш тилларини биламан, лекин фаолиятимда асосан, C++, Жава дастурларидан фойдаланаман. Сабаби, катта компанияларда деярли шу дастурлар асосида ишланади. Amazon ва Google компанияларда ҳам айнан кўпинча мана шу дастурлардан фойдаланишади.
Яқин келажакдаги мақсад ва белгиланган режалар
Дастурчи бўлишни хоҳловчи инсонлар мактабдан бошлаб математика, физика каби фанларни яхшилаб ўзлаштириши керак. Дарсликдаги билимлар билан чекланиб қолмасдан, бу фанларни нисбатан чуқурроқ ўрганиш лозим. Шундагина бир соҳада қотиб қолинмайди. Аксинча, соҳага янгилик олиб кирадиган инсонлар айнан кўплаб билимларни ўзлаштирган бўлишади. Шунингдек, хорижий мамлакатларда дастурчи бўлиб ишлаш учун хорижий тилларни ҳам билиш талаб этилади.
Албатта, яқин келажакда Ўзбекистонга қайтиш ниятим бор. Юртимизга қайтганимдан сўнг ўзим туғилиб ўсган туманда мактаб очмоқчиман. Болаларни асосан аниқ фанларга, чет тилларга ўқитишни ва IT соҳаси бўйича фундаментал билимларни бериб, уларни тўғри йўлга йўналтиришни мақсад қилганман. Ўйлайманки, дастлабки таълимдан бошлаб уларни IT йўналиш билан таништириб борсак, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳам бу соҳани ривожлантириш мумкин.
Тўлиқ видеони Uzbeklife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.
Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024