Жаҳон | 16:40 / 24.11.2021
34572
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонликларга «Дўзах дарвозаси»га яқин бориш тақиқланди

Изоҳ берилишича, мазкур тақиқ заҳарланиш, куйиш ва тупроқ кўчишига олиб келиши мумкин бўлган газ отилиши сабабли жорий этилди.

Фото: Igor Sasin/AFP/Getty Images/file

Туркманистонда маҳаллий аҳолига махсус рухсатномасиз Тошовуз вилоятида жойлашган халқ орасида «Дўзах дарвозаси» деб ном олган Дарвоза газ кратерига яқин бориш тақиқланди. Бу ҳақда «Хроники Туркменистана» хабар бермоқда.

Қайд этилишича, илгари Дарвоза қишлоғи аҳолиси меҳмонларни кратер ёнига олиб борган, қишда эса чўпонлар сурувларини унинг яқинига жойлаштирган.

Эндиликда кратер йўлига полиция постлари ўрнатилди ва аҳолига унга яқин бориш тақиқланди. Изоҳ берилишича, мазкур тақиқ заҳарланиш, куйиш ва тупроқ кўчишига олиб келиши мумкин бўлган газ отилиши сабабли жорий этилди.

Шу билан бирга, туристларга ушбу тақиқ тааллуқли эмас. Улар гуруҳ бўлиб ва «Туркменсияҳат» корпорацияси рухсатномаси билан кратерни томоша қилишлари мумкин.

Дарвоза кратери 1971 йилда ерости гази тўпланган жойда пайдо бўлган. Ташқарига чиқаётган газ одамларни заҳарламаслиги учун кратерни ёндиришга қарор қилинган. Олов бир неча кунда ўчиши тахмин қилинган, аммо 50 йилдан буён ёнмоқда.

Мавзуга оид