Ўзбекистон | 18:02 / 05.12.2024
3091
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти Туркманистон етакчисини яқинлашиб келаётган байрам — Бетарафлик куни билан самимий табриклаб, биродар туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 5 декабр куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Туркман халқининг миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевга Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши ва бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалалари томонлар эътибор марказида бўлди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. Юк ташишлар, шу жумладан, Туркманбоши порти орқали кўпаймоқда. Шовот—Тошовуз чегараолди зонаси қурилиши давом этмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа йўналишларда кооперация кенгаймоқда.

«Энергетика ва сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жорий халқаро вазият ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди», — дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Туркманистон етакчисини яқинлашиб келаётган байрам — Бетарафлик куни билан самимий табриклаб, биродар туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Мавзуга оид