Даврон Файзиевнинг эътибори, ҳиқичоқ туфайли «захирага олингани», танқидлар ва Туркия – Роналдиньонинг мухлиси Ориф Толипов билан суҳбат
Tribuna.uz`да янги лойиҳа: «Шарҳловчи»
Илк меҳмонимиз – йилдан йилга ҳар томонлама ўсишга эришаётган шарҳловчи, муҳаррир, мухбир, блогер Ориф Толипов. Ёш шарҳловчи билан футбол, шарҳ, ундаги қизиқ воқеалар ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.
Шарҳловчиликка кириб келиши
– 2015 йили «Sport» телеканалида танлов кўринишидаги кўрсатув ташкил этилган. Финал босқичигача етиб борганман. Ўша кўрсатувда экспертлар орасида бўлган Даврон Файзиев ўзи учун бир неча иштирокчини белгилаб қўйган экан. Даврон ака 2016 йили «UzReport»да фаолиятини бошлаган. Ўшанда каналга спорт мухбири керак бўлган. Улардан «Сизда вариантлар борми?» деб cўрашганида, мени таклиф қилганлар. Ўшанда қизиқ бўлган. Даврон ака қўнғироқ қилганида, овозларидан танимаганман. «Ҳазиллашманг, сиз Даврон Файзиев эмассиз-у», деганман. Кейин Даврон ака бироз тўхтаб, овозларини шарҳ жараёнидаги тонга тушириб: «Нега ўхшамаяптими?» деганлар.
Синов тариқасида ишга олинганман. Унгача журналистикада фаолият юритмаганман, газ плитаси сехида ишлардим. 2017 йилнинг ёзида ўртоқлик баҳслари орқали шарҳга кириб борганман. Дебютим «Лацио»нинг ўйинига тўғри келган. Эслаб қолганимнинг сабаби, ўйиндан олдин таркибларни ўқиётганда Иммобилени «Иммобайл» деб талаффуз қилганман. Даврон ака «Яна бир қайтар-чи» деганлар ва хатойимни тўғрилаганлар.
«UzReport»да мухбирлик, муҳаррирлик ҳам қиламан. Лекин севган касбим – шарҳловчилик. Шарҳни яхши кўраман. Ишхонада бўш бўлиб қолсам ҳам, шарҳ хонасига кириб ўтираман.
Танқидлар
– Даврон ака «Яхши шарҳловчи бўлиш учун камида 4-5 йил керак» деб айтганлар. Тўхтаб қолмаса, ўз устида ишлашда давом этса, 5 йилда томошабинларнинг асабига тегмайдиган шарҳловчи бўлиб етишиш мумкин. Негативлар аввалгидан камайган бўлса-да, ҳали ҳaм бор. Ҳозирча ўзимдан тўлиқ қониқаётганим йўқ.
Юзма-юз танқид бўлмаган. Бир марта маҳалладошим йўлда тўхтатиб, умуман шарҳловчиларга нисбатан бир эътирозни айтган: «Ўзбек тилини бузиб юборяпсизлар». Мен эса футбол терминларини халқаро номи билан айтишимиз шартлигини тушунтирганман. Айримлар «cэйв» сўзини ишлатишимиздан норози бўлади. Лекин агар бунчалик чуқур ёндашсак, «футбол» сўзини ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади.
Ота-онам асосан мақтов эшитганини айтишади. Эҳтимол, танқидлар эшитган бўлишса ҳам, менга айтишмас.
Устозларнинг устун жиҳатлари
– Хайрулла акамдам, аввало, босиқликни ўрганиш керак. Менда воқеаларга шошқалоқлик билан муносабат билдириш одати бор. Улар эса хулоса чиқаришга шошмайдилар. Кейин самимиятни таъкидлаган бўлардим. Даврон акамдан нозик нуқталарни илғашни, шарҳга жамиятдаги воқеаларни интеграция қилиш ва дипломатик муомалани олган бўлардим. Бобур акам воқеаларга кескин муносабат билдиради, мен ҳам баъзи вазиятларда шундай қатъий позицияга эга бўлишни хоҳлардим. Ҳасан акам маълумотлар, статистикалар, йиллар давомида тўпланган база бўйича жуда кучли. Кўчириб олиб, фойдаланишни истайсиз.
YouTube`да фаоллашгани
– Биринчи сабаб – молиявий жиҳатдан монетизацияга кириб, келажак учун даромад манбасини яратиш. Иккинчиси – янги чақириқ.
Лекин ундаги видеоларнинг шарҳга алоқаси йўқ. Чунки уларни уйда – тунги 01:00дан кейин ёзаман. Шунга шарҳларда «Баландроқ гапиринг» деб ёзишади. Оила аъзоларим ухлашаётгани учун паст гапиришга мажбур бўламан.
Тотализатор ўйинлари
– У нарса нотўғрилигини ўзим учун белгилаб бўлганман. Қонун ичидами-ташқарисидами, аҳамиятсиз. Бу борада каналимга реклама берувчилар чиқиб туришади, аммо рад этаман. Қонунийлаштирилган тақдирда ҳам, позициям ўзгармайди.
Яқинларим ичида тотализатор ўйнайдиганлар йўқ. Танишларим ичида эшитганман. Бу нарсанинг охири ютқизиқ бўлади, деб қайтаришга ҳаракат қиламан. Танишлар даврасига бориб қолсам, ўйинлардан тахминларимни сўрашади. «Билмайман» дейман.
Бир танишимиз тикарди, ютарди, катта пуллар кўтарганда мақтанарди. Яқинда қарз сўради. Кейин суриштирсам, анча пул ютқазиб қўйибди. Бу охири яхшилик билан тугайдиган йўл эмас.
Туркия ҳақида кўп ёзиши, китобга ошнолик
– Туркия орзумдаги давлат эмас-у, лекин анча нарсани ўрганса бўлади. У давлатда 2000 йилдан кейин бўлган ўзгаришларни ўзлаштирса, ўрганса, таҳлил қилса бўлади. Шунингдек, Истанбулни, денгизни яхши кўраман. Эҳтимол, бу ёшликда кўрилган филмлар таъсири бўлса керак.
Командировкаларга чиққанда, албатта, ўзим билан китоб олиб юраман. Севимли асарим – Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романи. Камида 2 марта тўлиқ ўқиб тугатганман. Бу асарнинг яхши томони – қаеридан ўқисангиз ҳам, тушуниб кетаверасиз. Баъзи китоблар бўлади, охиригача бир темпда ўқишингиз керак. «Лолазор» ундай эмас. У сюжет эмас, бошқа аспектлар учун ўқилади.
«UzReport» ЕЧЛсиз қолгани
– Албатта, таъсир қилди. Шарҳга ўрганиб қолган одамга ҳафтанинг ўртасида қийин бўляпти. Бу – бошқа даражадаги турнир. Футбол кўрган одам буни жуда яхши тушунади. Хафа бўлдим, ранжидим, лекин табиий жараён. «UzReport»да эмаслиги биз учун ёмон, аммо Ўзбекистон учун рақобат бўлаётгани яхши ҳолат. Ҳали «UzReport» қайтади. Олдинда режалар бор.
Шарҳ – бу …
– Шарҳ – мен учун футболнинг гўзаллигига энг камида путур етказмаслик, иложи бўлса уни бойитиш. Футбол трансляцияси – кадрнинг ўзи билангина томошабинни жалб қила оладиган маҳсулот. Шарҳ эса уни бойитади ёки, аксинча. Шарҳ энг камида футболга зарар етказмаслиги керак.
Кўрингани каби осон эмас. «Шу шарҳловчидан яхшироқ шарҳлайман» дейиш жуда ҳам катта хато. Инсон қилган ишни инсон қилади, аммо босиб ўтиш керак бўлган босқичлар бор.
Актёрлик? Агар Ҳасан акам бу саволга жавоб берса, «Ҳа» дейди. Мен эса бундай ҳисобламайман. Футболни шунчаки кузатиш ва шарҳлаш ҳам табиий эҳтирослар беради.
Қизиқ воқеалар
– Яқинда бўлди. Ҳиқичоқ тутиб қолди. Микрофонни ўчираман-ёқаман, ҳеч ўтиб кетмади. Танаффусгача етиб олиб, кейин Муҳаммадали Муҳаммадкаримов билан алмашдик.
Ла Лига баҳсларида такрорий вазиятлар худди жонли ўйин кетаётгандек кўрсатилади, секинлаштирилмайди. Такрорий лавҳа белгиси йўқ. Бир сонияга телефон ёки ноутбукка чалғисангиз, унинг такрорий вазият эканлигини билмай қоласиз. Бир марта шундай бўлган: голни яна бир марта шарҳлаб юборганман. Хатойимни сезгач, «Аввалгисидан яхшироқ эмоция бера олдим-а» деб вазиятдан чиқиб кетганман.
Роналду ва Месси билан ўйинларда доим муаммолар бўлади. Масалан, «Месси яккакурашда ютқазди» десангиз ҳам, «Сен Мессини муҳокама қиладиган даражада ким бўлибсан?» деган танқидлар ёғилади. Ёки мақтасанг, «сен Роналдучисан» «сен Мессичисан» дейишади. Аслида бошқа жамоалар ёки футболчилар гол урганда ҳам, эҳтирос бўлади. Лекин уларда мухлис кам бўлгани учун сезилмайди.
Гонорар
- Қайси ўйинни шарҳлашимизни режиссёримиз ҳал қилади. Аввалдан шундай.
Гонорар? Исталган шарҳловчига назар ташласангиз, бошқа ишлари ҳам борлигини кўрасиз. Масалан, ўзим ҳам асосан мухбир ва муҳарирман. Чунки шарҳловчилик юқори даромадли касб эмас. Қачондир фақат шарҳловчилик билан шуғулланиб, кўп пул топишдан умидимиз йўқ эмас. Лекин ҳозирги кунда шарҳловчиликнинг ўзи билан рўзғор тебратиб бўлмайди.
Гонорар миқдори ўйинлар даражасига боғлиқ эмас. «Эл Класико»ни шарҳласангиз ҳам, «Вильярреал» – «Леванте»ни шарҳласангиз ҳам шартномада келишилган пулни оласиз. Лекин, албатта, шарҳловчиларга даражаси ва тажрибасига қараб маош тўланади.
Қисқа савол-жавоблар
– Футболда қайси қоидага ўзгартириш киритган бўлардингиз?
– Футбол оптимал вариантда, деб ҳисоблайман. Тўғри, мукаммаллаштириш учун VAR`га ўхшаган деталлар киритиляпти. Лекин шахсан тошошабин ва шарҳловчи сифатида менга халал бераётган нарса йўқ.
– Режиссёр бир ўйин бўйича кино олмоқчи. Қайси баҳсни тавсия қиласиз?
– 1999 йилги EЧЛ финали, аср учрашуви – «МЮ» – «Бавария» (2:1).
– Футбол туфайли йиғлаганмисиз?
– Асосан, Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларида ҳиссиёт келади. Йиғи бўлмаса ҳам, мағлубиятларда бўғзингизга нимадир тиқилади. Аламли ўйинларимиз кўп бўлган. Айниқса, жаҳон чемпионатига чиқишимизга бир қадам қолганида муваффақиятсизликка учраганимизда, йиғлагудек ҳолга тушганман.
– Ўзбек футболидаги муаммолар?
– Энг катта муаммо – клубларнинг маҳаллий бюджетларга қарамлиги. Сўнгги пайтларда ҳакамлик масаласи ҳам кўп тилга олинмоқда. Лекин ҳакамлик қачондир яхши бўлган, демак, тўғриласа бўлади. Аммо 30 йил бўлдики, хусусийлаштириш бўлмаяпти. Жараён қийин кечмоқда.
– Жаҳон чемпионатини ҳар 2 йилда ўтказиш ғоясига муносабатингиз?
– Ишқибозлар учун ҳар 2 йилда ўтказиладиган йирик турнир бор: ЖЧ ва Евро. Бу – кўримлилик жиҳатидан ечилган масала. Шахсан мен бу ғояга қўшилмайман, йирик мусобақалар 4 йилда бир ўтказилиши тарафдориман.
– Энг яхши ўйин?
– 2009 йил АПЛ доирасидаги «Ливерпуль» – «Арсенал» баҳси. 4:4 ҳисоби қайд этилган ўйинда мен учун дунёнинг энг яхши яримҳимоячиларидан бири саналган Андрей Аршавин покер қайд этган. Бундай сценарийни бошқа кўрмаганман. Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларига келадиган бўлсак, Қатарда ўтган 2011 йилги Осиё Кубогидаги баҳсларни айтишим мумкин.
– Эсда қоларли камбэклар?
– «МЮ» – «Бавария» (2:1, 1999 йилги EЧЛ финали), «Манчестер Сити» –«МЮ» (2:3, 2018 йил АПЛда), «Сельта» – «Барселона» (3:3, 2021 йил Ла Лигада).
– Энг чиройли 3та гол?
– Деннис Бергкампнинг «Ньюкасл»га урган голи (2002 йил), Роналдиньонинг ЖЧ-2002да Англияга жаримадан киритган тўпи, Уэйн Рунининг Манчестер дербисида акробатик усулда урган голи (2011 йил).
– Пепнинг «Барса»си ёки Зиданнинг биринчи «Реал»и?
– Пепнинг «Барса»си.
– «Олтин тўп-2021»га ким ҳақли?
– Жоржиньо.
– Эсда қоларли ЖЧ ва Евро?
– ЖЧ-2002 ва Евро-2020.
– Хави «Барса» учун янги Гвардиола бўла оладими?
– Ҳа, потенциали бор. У мураббийликка нолдан келаётгани йўқ.
– Тарихдаги энг яхши ўйинчи?
– Роналдиньо.
– Фати ё Винисиус?
– Винисиус.
– Сульшер ёки Артета?
– Сульшер.
– Перес ё Лапорта?
– Турган ўрнига кўра Перес кучлироқ.
Рамзий терма жамоа: Шей Гивен – Дани Алвес, Жон Терри, Серхио Рамос, Патрис Эвра – Андреа Пирло, Андрес Иньеста, Дэвид Бекҳэм – Лионель Месси, Криштиану Роналду, Роберт Левандовски.
Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов
Мавзуга оид
12:28 / 06.12.2024
Ҳусановдаги ўсиш, фантастик финал, «Насаф» чемпионлиги ва Париж йўлланмаси – ўзбек футболининг 2024 йилдаги энг эсда қоларли 10 воқеаси
22:33 / 31.05.2023
Футбол подкаст. «Сити» требл қила оладими? Моуриньо ёки «Севилья»дан қай бирининг анъанаси бузилади?
19:30 / 19.07.2022
Кичик Шумахер билан тақдири ўхшаш шарҳловчи
16:10 / 20.05.2022