Жаҳон | 04:26 / 29.11.2021
10027
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавируснинг янги штамми нега айнан “омикрон” деб номланганига изоҳ берди

Фото: Reuters

ЖССТ коронавируснинг ЖАРда илк бор қайд қилинган янги штаммига грек алифбосининг 13- ва 14-ҳарфлари: “ню” (nu) ва “кси” (xi)ни ўтказиб юбориб, нега айнан 15-ҳарфи – “омикрон” номи берилганига изоҳ берди.

Ташкилотда таъкидланишича, бу турли тилларда тушунмовчилик юзага келмаслиги мақсадида амалга оширилган. Мисол учун, nu ҳарфи талаффуз этилиши инглизча сўз new (янги)га ўхшаш, xi эса Хитойда кенг тарқалган фамилиялардан бири каби талаффуз этилади (жумладан, Хитой раиси Си Цзиньпин фамилияси шундай айтилади).

ЖССТ матбуот хизматида ташкилот касаллик ва вирусларни белгилашда “маданий, миллий, ҳудудий, касбий, ижтимоий камситишдан” қочишга ҳаракат қилиши таъкидлаб ўтилган.

Жумладан, халқаро ташкилот 2021 йил майидан коронавируснинг штаммларини белгилашда географик номлардан воз кечиб, “хавотир ва қизиқиш уйғотувчи” вариантларни грек алифбоси ҳарфлари билан белгилашни бошлаган.

Ҳозирда ЖССТ “хавотирли” штаммлар сирасига 5 та штаммни киритган, булар: альфа, бета, гамма, дельта ва омикрон. Вируснинг охирги омикрон штамми ҳақида жанубий африкалик мутахассислар маълум қилишди. Ҳозирда янги штамм билан касалланиш ҳолатлари ЖАРдан ташқари, Британия, Бельгия, Германия, Нидерландия ва Исроилда қайд қилинган.

Мавзуга оид