Спорт | 16:18 / 30.11.2021
28442
6 дақиқада ўқилади

«Олтин тўп» ҳақида охирги марта

Фото: PASCAL LE SEGRETAIN/GETTY IMAGES

«Ким биландир бу борада рақобатлашмайман. Айнан кимнидир ютишни хоҳламайман. Мен ўзим учун, жамоаларим ва мухлисларим учун ғалаба қозонаман.

Фаолиятимдаги энг катта мақсад – ўз клубим ва терма жамоам учун турли даражадаги совринлар олиб бериш. Энг катта мақсад – профессионал футболчи бўлиш ниятидагиларга мотивация бериш. Энг катта мақсад – футбол тарихида ўз номимни олтин ҳарфлар билан ёзиб қолдириш»

(Криштиану Роналду «Олтин тўп» ҳақида)

Яқинда «Франс футбол» муҳаррири Паскал Ферре Криштиану Роналду «Олтин тўп»лар сони бўйича Мессидан ўтиб кетишни мақсад қилгани ҳақида айтиб ўтганди. Роналду уни ёлғончиликда айблади ва юқоридаги сўзларни айтди. Яъни жамоавий спорт билан шуғулланадиган инсон шахсий совринларни ҳаётининг бош мақсадига айлантириши мумкинми ёки «Олтин тўп» шунчаки қўшимча бонусми? Нима деб ўйлайсиз?

«Олтин тўп» масаласи, бу совринга ким ҳақли-ю, кимга ноҳақ топширилди, деган саволлар кўпайиб кетди. Шу мавзуда шахсий фикрим қуйидагича:

Мен учун «Олтин тўп» футболда, ҳатто тарихий нуқтайи назардан ҳам кичик аҳамиятга эга бўлган соврин. Бир пайтлар бундай тортишувлар, жанжаллар, зиддиятлар бўлмасди, футбол мусобақалари фонида ўтиб кетадиган, шунчаки тадбир эди, холос.

Бир пайтлар шахматда Карпов–Каспаров, боксда Тайсон–Льюис каби рақиблар ушбу спорт даражасини қай тариқа тахта ёки рингдан ташқарига кўчира олган бўлса, Месси ва Роналдудан шундай фойдаланишди. Футбол майдондан ташқарига чиқди. Ушбу икки ажойиб футболчининг ўз жамоалари либосида бирор соврин учун курашишлари анча завқли томоша. Шунинг ўзи етмасдан, энди бу икки футболчи рақобатини майдондан ташқарига, тадбир залига кўчиришди. Ўн йилдан бери деярли ҳар йили биз худди Карпов ва Каспаров, Тайсон ва Льюис сингари, жамоавий спортнинг икки юлдузининг ўзаро кураши имитациясини кузатишга мажбурмиз. Ўзингизни бундан қутқаринг.

Тасаввур қилинг, бир неча болага топшириқ берилди: «Энг кучли ҳайвоннинг номини ёзиб топширинг». Бир бола оғирроқ юк кўтаришини инобатга олиб, филга овоз беради. Кимдир ўрмон қироли деб шерга. Яна бири циркда ўйнамайди-ку, деган машҳур нақлга амал қилиб, бўрини танлайди. Якуний натижани тахмин қилиш қийин. Бу сафар шер, келаси сафар, айтайлик, баъзи болалар алмашса, фил ғолиб келиши мумкин. Нега ўтган йил ўрмон қироли бўлгани учун шер эди, бу сафар оғир юк кўтаради, деб филга берилди? Ўлчов қани, деб тортишиб юришдан маъно борми?

Агар болаларга «энг кучли» деганда қайси ўлчов назарда тутилгани айтилса, якуний натижа тушунарли бўларди. «Энг оғир юкларни кўтарувчи» деб маъно берилса, бир сафар фил, келаси сафар, агар номзодлар ичида фил йўқ бўлса, туя ғолиб келади, ҳаммаси тушунарли.

Авваллари «Олтин тўп» қайсидир маънода ўз давридаги катта натижаларни ифодалаб берарди. 1990 йилда Маттеус, чунки Германия жаҳон чемпиони, 1998 йилда Зидан, 2006 йилда Каннаваро, ҳаммаси тушунарли ва мантиқ бор. Журналистлар бир хил приоритетлар асосида овоз берадилар ва табиийки, якуний натижа ҳам айнан ўша мантиқ билан уйғун келади.

Ҳозир ҳаммаси ўзгарган. Икки футболчининг бошқалардан яққол устунлиги, қўшимча пиар кампания, маълум вақт ФИФА билан қўшма совринга айлангани каби омиллар натижасида приоритетлар фарқли. Ҳозир овоз бераётганлар ягона мантиқ қолипидан чиқиб кетишган, бири футболчи урган голларга қарайди, кимдир эгаллаган совринларга, кимдир яна бошқа. Ҳар бири ўзича ҳақ. Мана шу турли ўлчовлар йиғилиб, ягона натижа олинади. Табиийки, якуний натижа ҳар хил бўлиши мумкин. Уни тушунтириб бўлмайди. Уни йилма-йил бир қолипга солиб бўлмайди.

Менга олдинги «Олтин тўп» ёқарди, ҳозиргиси ёқмайди. Лекин илгари ҳақли бериларди, ҳозир ноҳақ берилади, дея оламанми? Йўқ, албатта. Шунчаки, ёқмайди, ёқмагани учун кузатмайман, мен учун Месси Роналдудан кўп олгани унинг яхшироқ эканини ифодаламайди, Модричда «Олтин тўп»лар сони Иньестаникидан кўплиги Модричнинг кучлироқ эканини кўрсатмайди. Ҳеч нарсани кўрсатмас, ифодаламас экан, бу совриннинг аҳамияти яна тушиб боради, шу холос.

Хўп, сўровнома мана шундай натижа келтириб чиқаргани Мессининг айбими? Йўқ. Мессига соврин ноҳақ топширилдими? Йўқ, албатта. Агар сўровномадаги овозлар сони арифметик жиҳатдан тўғри ҳисобланган бўлса, етарли, демак – Мессига ҳақли равишда беришган.

Месси «Олтин тўп» тадбирида совринни қабул қилиб олди. Левандовски майдонда ЕЧЛ совринини боши узра кўтарди. Мавсум ким учун яхшироқ ўтди? Ким ғолиб-у, ким мағлуб? Қайси бири муҳим? Қайси бири кўпроқ бахтли?

Келинг, футболчиларнинг ўзига қўйиб берайлик. Улар ҳам мақсадларини ўзлари белгилашсин.

Қ.Асланов

Мавзуга оид