Жаҳон | 22:07 / 03.12.2021
18888
15 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: «Омикрон» «дельта»ни сиқиб чиқармоқда, болалар орасида касалланиш кўрсаткичи ошмоқда

Pfizer раҳбарининг сўзларига кўра, Covid’га қарши ҳар йиллик эмланишлар кўп йиллар давомида талаб этилиши мумкин. Бироқ кўпчилик олимлар буни мажбурий деб ҳисобламаяпти; буюк британиялик олимлар AstraZeneca уколидан кейин тромблар ҳосил бўлиш механизмини моделлаштирди; Жанубий Африкада «омикрон» коронавируснинг етакчи вариантига айланди.

Ҳар йиллик эмланишлар зарурми? 
Pfizer компанияси раҳбари, доктор Альберт Бурла BBC’га берган интервьюсида одамлар бир неча йил давомида Covid-19’га қарши вакцинани ҳар йили олиши талаб этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Унинг фикрига кўра, бу «ҳимоянинг юқори даражаси»ни қўллаб-қувватлаш учун зарур.

Pfizer бош директори эмланишлар кўп йиллар давом этишини башорат қилмоқда

Pfizer бош директори BBC’га интервьюни Жанубий Африкада «омикрон» варианти аниқланишидан олдин берганди. Бурланинг сўзларига кўра, Pfizer «бета» ва «дельта» вариантларига жавоб тариқасида янгиланган вакциналарни ишлаб чиққан, бироқ уларга эҳтиёж бўлмаган.

Ҳозирда компания «омикрон»га қарши вакцина устида иш олиб бормоқда. Жараён муваффиятли кечса, янги вакцина уч-тўрт ойдан кейин тайёр бўлиши мумкин.

Жорий йилда Pfizer коронавирусга қарши вакцинлар савдосидан камида 35 млрд доллар олади. Акциялари қиймати эса кескин ўсди. Бироқ ривожланган мамлакатларда аҳолининг кўп қисми вакцинанинг камида битта дозасини олган бўлса, Африканинг айрим мамлакатларида аҳолининг 5 фоиздан кам қисми эмланган.

Альберт Бурла фойда олаётгани учун кечирим сўраши керак деб ҳисобламайди – унинг фикрига кўра, охир-оқибат миллионлаб кишилар ҳаёти сақлаб қолинди, муҳими ана шу.

«Биз жаҳон иқтисодиётининг триллионлаб долларини тежадик. Бу келаси пандемия олдидан инновациялар учун кучли рағбатдир», деди у. 

Шунингдек, Бурла Pfizer-BioNTech вакцинасини биринчи бўлиб маъқуллаган Буюк Британия каби бой мамлакатларгина вакциналарга биринчи бўлиб буюртма берганиини таъкидлаб, спекуляция борасидаги айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, қашшоқ мамлакатларга вакцина ўз нархида етказиб берилган.

… ёки йўқми?

Буюк Британия эмлаш ва иммунизация бўйича бирлашган қўмитаси аъзоси профессор Адам Финн BBC’га берган интервьюсида Covid-19’га қарши ҳар йиллик бустер вакциналар зарурияти олимларда ҳали ҳам шубҳа уйғотаётганини маълум қилди.

«Бустерлар номаълум узоқ вақт давомида бизга керак бўлиши ҳақида бирор нарса дейиш қийин, бу – мазкур вирус қандай ривожланишига боғлиқ. Грипп вируси ҳар йили ўзгаради ва биз вакцина формуласини ўзгартиришга ва хавф гуруҳида бўлган одамларни такрор эмлашга мажбур бўламиз.

Коронавирус билан ҳам ана шу ҳолат такрорланиши мумкин. Бироқ ҳар йили қайта эмланиш талаб этилиши ёки талаб этилмаслиги ҳозирги вақтда номаълум», дейди у.

Oxford-AstraZeneca ёрдамида организмга кирадиган аденовируснинг батафсил тасвири. Унинг ҳажми – бор-йўғи 100 нонометр 

«Омикрон» Жанубий Африка бўйлаб тарқалмоқда

Ҳозирда «омикрон» Жанубий Африкада коронавируснинг доминант вариантига айланди. Сўнгги суткаларда мамлакатда 8500дан ортиқ янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинганди.

Юқумли касалликлар миллий институти маълумотига кўра, ноябрь ойида қайд этилган барча вирусли геномларнинг 70 фоизи янги вариантга тегишли.

Жанубий Африканинг кўплаб қисмларида Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари сонининг барқарор ўсиши кузатиляпти. Соғлиқни сақлаш вазири мамлакатдаги 9та провинциядан 7тасида ўсиш қайд этилганини маълум қилди.

Юқумли касалликлар миллий институтининг маълум қилишича, шифохонага ётқизилган одамларнинг кўпчилиги коронавирусга қарши эмланмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги вариант дунёнинг 40га яқин мамлакатида аниқланганини тасдиқлаяпти.

«Омикрон» аниқланганидан кейин кўплаб мамлакатлар томонидан Африка жанубидаги давлатлардан саёҳатлар қилишга қўйилган тақиқларни Африка иттифоқи ва БМТ биргаликда қоралади. Таниқли жанубий африкалик эпидемиолог ва Коронавирус бўйича Африка мақсадли гуруҳи аъзоси Салим Абдул Карим BBC’га берган интервьюсида бу тақиқларни оқлаб бўлмаслигини айтиб ўтди.

«Ҳозирда вирус 30дан ортиқ мамлакатда аниқланган, шунинг учун Африка жанубидаги мамлакатлар учун тақиқлар жорий этишни талаб қилиш оқлаб ва қўллаб-қувватлаб бўлмайдиган қарордир. Ушбу мамлакатларнинг кўпчилигида касалланиш ҳолатлари ошмаяпти. Мен учун бундай қарор очиқ камситувчи характерга эга. Чунки бизда саёҳатлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича жуда аниқ стратегия бор», деди у.

Профессор Карим коронавируснинг янги варианти тез тарқалаётганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар бу нима билан изоҳланишини ҳозирча айта олишмайди: кузатувлар яхшиланиши ва янги ҳолатларнинг рўйхатга олиниши ёки «омикрон»нинг ўзига хос жиҳатлари.

Африкада коронавирусга қарши эмланганлар фоизи аввалгидек жуда паст 

Янги штамм болалар орасида кенг тарқалмоқда

Жанубий Африка Юқумли касалликлар миллий институти эпидемиологи Мишель Грум мамлакатда кузатилаётган ўсишни «омикрон» туфайли эканини  таъкидлаган. Covid-19 тарқалиши темпи ЖАРда аввал кузатилган учта тўлқин тезлигидан ошиб кетган.

Пайшанба куни бу ерда 11,5 мингта янги ҳолат рўйхатга олинди. Янги авж олишнинг асосий ўчоғи аҳоли тиғиз яшовчи Гаутенг провинцияси бўлмоқда, мамлакатнинг энг йирик шаҳри Йоханнесбург ва мамлакат пойтахти Претория ҳам шу ҳудудда жойлашган. 

Жума куни жанубий африкалик эпидемиологлар болалар ўртасида шифохонага ётқизилаётганлар сони кескин ошганини хабар қилишди. Олимлар бу ёш тоифасидаги касаллик кўрсаткичи юқорилигини 12 ёшдан кичиклар ҳозирча коронавирусга қарши эмланмаётгани билан изоҳлашмоқда.

«Биз барча ёш гуруҳлари бўйича, айниқса беш ёшгача бўлган болаларда касалланиш кўрсаткичи кескин ўсиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Беш ёшгача болалар орасида касалланиш кўрсаткичи ҳозирда 60 ёшдан катталар ўртасидаги касалланиш кўрсаткичидан кейинги иккинчи ўринда», деган Юқумли касалликлар миллий институти ходими Васила Жассат.

Шу кунларда жанубий африкалик олимлар коронавирусни бошдан кечирганлар «омикрон» билан тўқнашгач, яна вирусни юқтириб олиши эҳтимоли «дельта» ёки «бета» вариантларидагидан кўра уч баробар юқори эканини хабар қилишганди.

Ҳозирча янги штамм билан боғлиқ ҳолатларнинг аксарида енгил симптомлар кузатилаётган бўлса-да, Мишель Грум нисбатан оғирроқ симптомлар бир неча ҳафтадан кейин оммавий тарзда намоён бўла бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Фото: Getty Images

АҚШга кириш учун тестни 24 соатдан кечиктирмасдан топшириш талаб этилади

Президент Жо Байден кўплаб штатларда коронавируснинг янги варианти «омикрон» аниқланганидан кейин АҚШга кириш қоидаларини кучайтирди.

Келаси ҳафтадан бошлаб, АҚШга келувчи барча, жумладан, мазкур давлат фуқаролари ҳам эмланиш ҳолатидан қатъи назар кетишдан камида 24 соат олдин коронавирус тестини топшириши керак. Лаборатория тестлари зудлик билан амалга оширилиши керак бўлса, кўпинча кўпроқ вақт олади ёки нархи қимматроқ бўлиши мумкин.

Жо Байден вакцинанинг бустер дозасини 40 миллион нафарга яқин америкалик олганини маълум қилди

Поезд, самолёт ва автобусларда ниқоб тақиш март ойи ўртасигача мажбурий бўлади.

АҚШда коронавируснинг янги варианти билан боғлиқ 10та ҳолат қайд этилди. Нью-Йорк штатида янги вариант беш кишида аниқланган. Ҳавайида янги штамм сўнгги вақтларда ҳеч қаерга бормаган ва коронавирусга қарши эмланган кишида аниқланган. Бу вирус маҳаллий аҳоли орасида тарқала бошлаганини англатади. Барча ҳолатларда касаллик белгилари енгил бўлган.

Аввалроқ Африка жанубидаги саккизта мамлакатдан АҚШга кириш вақтинча тақиқланганди. Эпидемиологлар бу «омикрон» хусусиятларини ўрганиш учун вақтдан ютиш имконини беришини айтишмоқда.

Кучли мутацияга учраган вариантнинг юқиши қай даражада кучлилиги ва унга қарши вакциналар қанчалик самарали экани ҳозирча номаълум.

АҚШ қиш мавсумида касалланиш ҳолатлари кўпайишидан хавотирланиб, катта ёшдаги аҳолини вакцинанинг бустер дозасини олишга чақирмоқда. Жо Байденнинг сўзларига кўра, қарийб 40 миллион америкаликлар қўшимча дозани олган, бироқ 100 миллионга яқин киши бу имкониятдан ҳали фойдалангани йўқ. 

Олимлар тромблар ҳосил бўлиш механизмини аниқлашди 

Олимлар Oxford-AstraZeneca уколидан кейин кам ҳолларда тромблар пайдо бўлишига олиб келадиган механизмни аниқлашга муваффақ бўлинди деб ҳисоблашмоқда.

Уэльс ва АҚШ олимлари жамоаси вакцинанинг асосий таркибий қисми қондаги оқсилни қандай қилиб ўзига тортишини намойиш этишди. Улар бу иммун тизими иштирокидаги занжирли реакция ишга тушишига олиб келади деб ҳисоблашяпти.

AstraZeneca вакцинаси қарийб миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолган деб ҳисобланади. Бироқ уколдан кейин ҳосил бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган тромблар борасидаги хавотир кўплаб мамлакатларда, айниқса, Pfizer ва Moderna препаратлари нархи арзонлашганидан кейин унинг ўрнига бошқа вакциналар қўлланишига олиб келди. 

Кардиффдаги олимлар қон ивиши сабабларини аниқлаш учун ҳукуматдан шошилинч маблағ олди. Илк натижалар пайдо бўлгач, уларга AstraZeneca мутахассислари ҳам қўшилди. 

AstraZeneca вакили тромблар вакцина туфайли эмас, балки коронавирус сабабли юзага келиши эҳтимоли кўпроқ эканини таъкидлади. Улар нима учун пайдо бўлиши борасида тўлиқ тушунча ҳали аниқланмагани қўшимча қилинди.

«Тадқиқот тўлақонли жавоб бермаса ҳам, у қизиқарли ғояларни таклиф этади. AstraZeneca фавқулодда кам учрайдиган мана шу ножўя таъсирни бартараф этиш бўйича ҳаракатларимиз доирасида ушбу натижалардан фойдаланиш йўлларини ўрганмоқда», деди у.

Кўплаб вакциналар иммун тизимини машқ қилдириш учун одам организмига коронавирус ирсий коди бир қисмини киритади. AstraZeneca шу мақсадда аденовирусдан фойдаланди (хусусан, шимпанзенинг шамоллаш вируси).

Тадқиқотчилар аденовирус тромблар ҳосил бўлиши билан боғлиқ бўлиши мумкин деб ҳисоблашди. Шунинг учун криоэлектрон микроскопия усули ёрдамида улар молекуляр даражада аденовируснинг батафсил тасвирини олишди.

Уларнинг Science Advances журналида эълон қилинган тадқиқоти аденовируснинг ташқи юзаси ўзига «тромбоцитли 4 омил» оқсилини (қон ивишига ёрдам берувчи модда) магнит каби ўзига тортади.

Олимларнинг фикрига кўра, организм ушбу тромбоцитларни бегона аденовируснинг бир қисми ҳисоблаб, уларга ҳужум қила бошлайди. Шу тариқа, қонга антитана ажраб чиқади, улар тромбоцитлар билан тўпланиб, хавфли қон ивишини юзага келтиради.

Бироқ бунинг учун ўзига хос ҳолатлар мажмуи талаб этилади. Бу эса нима учун қон ивиши кам ҳолларда ҳосил бўлишини тушунтиради. Буюк Британияда AstraZeneca’нинг қарийб 50 миллион дозасига вакцина тромбози билан боғлиқ 73та ўлим ҳолати тўғри келади.

Европада мажбурий эмлаш ҳақида ўйлашмоқда

Европа иттифоқи мамлакатлари Covid-19’га қарши курашда мажбурий эмлаш имкониятини кўриб чиқишлари керак, деб ҳисоблайди Еврокомиссия раҳбари.

Урсула фон дер Ляйен вакциналар «омикрон»нинг янги вариантига қарши курашда ҳал қилувчи маънога эга бўлишини маълум қилди.

Янги вариант пайдо бўлиши билан ЕИ саёҳатларга чекловларни кучайтирди. Бироқ фон дер Ляйен ЕИ аҳолисининг учдан бири ҳали эмланмагани ҳисобга олинса, блок аъзолари учун коронавирусга қарши мажбурий эмланишни муҳокама қилиш «тушунарли ва ўринли» деб ҳисоблайди. 

Германияда эмланмаганлар учун локдаун жорий этилади

Германияда Рождество ярмаркаларига фақат вакцина олганлар ва коронавирус бўлиб тузалганлар киритилади

Германиянинг лавозимдан кетаётган канцлери ва унинг вориси Олаф Шольц вакцина олмаганлар учун миллий локдаун ҳақида эълон қилишди. Эмланмаган ва коронавирусни бошдан ўтказгани ҳақида сертификатга эга бўлмаганларга дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари ва нонвойхоналардан ташқари бошқа жамоат жойларига бориш тақиқланади.

Гап нафақат бино ичкарисига кириш, балки бино ташқарисида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида ҳам кетяпти.

Эмланмаганларга Рождество ярмаркаларига бориш тақиқланади. Шунингдек, улар контактга киришиши мумкин бўлган одамлар сонига чекловлар жорий этилади. Янги қоидалар бўйича, эмланмаганлар бошқа уй хўжалигидаги икки одам билан учрашиши мумкин.

Мамлакатда Бундеслига ўйинлари ва концертлар ўтказилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган йиғилишларга чекловлар жорий этилмоқда. Ҳафталик касалланиш 100 минг кишига 350та ҳолатдан ошган туманларда тунги клублар ёпилади.

Янги йил арафасида одамлар тўпланишига йўл қўймаслик учун салютлар ҳам тақиқланади.

«Бутун мамлакат бўйлаб маданий ва кўнгилочар тадбирларга фақат вакцина олганлар ёки коронавирусга чалиниб, тузалганлар бориши мумкин», дея маълум қилди Ангела Меркель.

Бундан ташқари, расмийлар мажбурий вакцина жорий этишни муҳокама қилишмоқда. Агар парламент ана шундай қонун қабул қилиниши учун овоз берса, у 2022 йилнинг февраль ойида бошланиши мумкин.

Германияда эмланиш даражаси ҳозирда 70 фоиздан камроқ кўрсаткични ташкил этяпти. Мамлакатда касалланиш ўсиши пандемия бошидан бери рекорд даражага етди. Касалхоналар бонг урмоқда: кўп шифохоналар тўлган ва беморларни даволаш учун бошқа мамлакатларга юборишга мажбур бўлишмоқда. Сўнгги кунда Германияда коронавирус билан касалланиш бўйича 73 209та янги ҳолат қайд этилган.

«Қарорларимиз вазият жуда жиддий эканини айтяпти», деди Меркель. Янги қоидалар «минимал стандартлар» сифатида қаралиши кераклиги, ҳар бир ўлка шахсий, қатъий чораларни жорий этиши мумкинлиги қўшимча қилинди.

«Вакцина борасидаги нотенглик»

Буюк Британия келаси икки йилда вакцинанинг 114 миллион дозасини сотиб олиш бўйича келишув имзолади. Айни вақтда қашшоқ мамлакатлар энг заиф қатламлар учун биринчи эмлашни таъминлай олмайди, деб огоҳлантирди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарларидан бири, доктор Майкл Райан.

Соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича ижрочи директор Райан бустерларнинг соғлом одамлар учун фойдаси борасида ҳеч қандай исбот унга маълум эмаслигини таъкидлади.

Буюк Британияда қайта эмлаш дастурини тезлаштириш борасидаги саволга у қуйидагича фикр билдирди: «Вакциналар миқдори жуда кўп бўлган айрим мамлакатларга кимни эмлаш масаласини ҳал этиш қийин. Бироқ кўплаб мамлакатларда бу муаммо эмас – у ерда энг заиф қатламга ҳам вакцинанинг биринчи дозасини қила олишмайди».

Райаннинг фикрига кўра, ҳозирда асосий вазифа вакцинани барча заиф кишилар, кексалар, ёндош касалликлари бўлганларга зудлик билан таклиф этишдан иборат. Ана шунда ҳар бир одам эмланишнинг ҳеч бўлмаганда бирламчи курсини ўташи кафолатланади.

Мавзуга оид