Жаҳон | 14:05 / 21.10.2022
10171
3 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқида болалар учун «омикрон»га қарши вакциналар маъқулланди

Европа комиссияси олти ойликдан катта болаларни эмлаш учун COVID-19’га қарши вакцина ишлаб чиқарувчилар - Pfizer ва Moderna воситаларидан фойдаланишни маъқуллади. Шунингдек, Европа иттифоқида «омикрон» вариантига қарши янги Moderna вакцинасидан фойдаланиш тасдиқланди. 

Фото: rte

Европа комиссияси (ЕК) 20 октябр, пайшанба куни олти ойликдан тўрт ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун Pfizer/BioNTech ва Moderna компанияларининг COVID-19’га қарши вакциналаридан фойдаланишни маъқуллади. Шу тариқа, ЕК Европа дори агентлиги (ЕМА) тавсияларини қабул қилди. Илгари иккала вакцина ҳам катталар ҳамда беш ёшли (Pfizer) ва олти ёшдаги (Moderna) болалар учун тасдиқланган. 

Тўрт ёшгача бўлган болалар учун эмлаш дозалари сезиларли даражада паст бўлади. EMA мутахассисларининг фикрига кўра, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу доза танани инфекциядан ҳимоя қилиш учун етарли. Ҳозирда Европа иттифоқининг турли мамлакатларида чақалоқлар ва ёш болаларни оммавий эмлаш масаласи муҳокама қилинмоқда.  

Бундан ташқари, Европа комиссияси SARS-CoV-2’га қарши модификацияланган Moderna Spikewax вакцинасини коронавирус омикрон вариантининг BA.4 ва BA.5 субвариантларига қарши фойдаланиш учун тасдиқлади. Шу билан бирга, ушбу вакцина коронавируснинг олдинги вариантларига қарши самарали бўлиб қолмоқда, деб таъкидлади EMA мутахассислари. Улар Spikewax’дан жорий куз/қиш мавсумида катталар ҳамда 12 ва ундан катта ёшдаги болалар учун кучайтирувчи восита сифатида фойдаланишни тавсия этяпти. 

«Европада инфекция ҳолатлари яна кўпаймоқда, шунинг учун бу қишда ҳамма ўз ҳимоясини эмлаш ва такрорий эмлашлар билан кучайтириши муҳим», деб ёзди Европа комиссари Стелла Кариакидес Twitter’да. 

Германияда октябрь ойида коронавирус билан касалланиш ўсишда давом этмоқда. 19 октябр ҳолатига кўра, Германиядаги касалхоналарда коронавирус билан касалланганлар сони 24 000 дан ошди, бу ёзги тўлқиннинг энг юқори чўққисига тенг. Шифокорлар келгуси ҳафталарда беморлар яна кўпайиши касалхоналарнинг ҳаддан ташқари юкланишига олиб келишидан хавотирда, шу жумладан ходимлар орасида касалланишнинг кўпайиши туфайли ходимлар етишмовчилиги юзага келиши мумкин.

Мамлакат ковидга қарши айрим чекловларни, жумладан ёпиқ жойларда мажбурий ниқоб тақишни қайтариш имкониятини муҳокама қилмоқда. 

Мавзуга оид