Жамият | 15:03 / 05.12.2021
14834
5 дақиқада ўқилади

Жиззахда атрофи бетонланган дарахтлар. Экопартия экоқўмитани танқид қилди, кўчатлар бошқа жойга кўчирилди

4 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳрида 75 туп дарахт атрофи бетонлаб юборилгани акс этган суратлар тарқалди. Экология қўмитаси ҳолат бўйича маълумот берди.

Экология қўмитаси ахборот хизмати маълум қилишича, ҳолат Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўрганилди.

Мирзачўл тумани, Гагарин шаҳарчаси, «Дўстлик» МФЙ, Халқлар Дўстлиги кўчасининг икки томонига экилган 75 туп дарахт атрофи «Файз-Барака» МЧЖ томонидан йўлак қуриш ишлари давомида бетонлаб юборилгани маълум бўлди.

Қўмита дастлаб дарахтларнинг барчаси: 38 туп арча, 7 туп ясин, 1 туп тут, 1 туп акация, 1 туп гилос, 4 туп қайрағоч, 7 туп элдор қарағайи, 12 туп айлан дарахтларининг тагидаги бетонлар бузиб олингани ва уларнинг таги юмшатилиб, парвариш қилингани ҳақида хабар берди.

МЧЖнинг ушбу ишга йўл қўйган ходимларига нисбатан расмий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгилангани маълум қилинди.

Ўзбекистон Экологик партияси

Кўп ўтмай Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ушбу ҳолат бўйича муносабат билдириб, қўмитанинг ҳаракатлари етарли даражада таъсирчан эмаслиги маълум қилинди.

«Мазкур ҳолат юзага келиши мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётган, ҳар бир дарахтга, бир туп бўлса-да кўчат экишга алоҳида эътибор қилинаётган бир вақтда қатор саволларни туғдирмоқда.  

Биринчидан, катта йўл ёқасида йўлак қуриш бир-икки кунда битказиб юбориладиган кичик иш эмас. Бунинг учун аввало лойиҳа-қурилиш ишлари ҳар томонлама пухта режалаштирилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бу жараёнда эса ҳар бир туп дарахт ҳисобга олиниши шарт.

Шундай экан, лойиҳалаш ва қурилиш жараёнида мутасаддилар қаерга қарашган? Қурилиш жараёнини туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари, туман архитектори назорат қилиши керак эмасми? Ободонлаштириш бўлими, экология инспекцияси қаерга қаради? 

Умуман, бу мутасаддиларнинг шу ерда саломатлик йўлаги қурилаётгани-ю, бу ерда баравж ўсиб турган дарахтлар ости бетонлаб ташланаётганидан хабари бўлганмикан ўзи? Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, тумандаги ҳар бир туп дарахтни ҳимоялаш уларнинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак эмасми?

Ўзбекистон экологик партияси дарахтларга нисбатан бундай шафқатсиз муносабатни кескин қоралайди. Бугун мамлакатимизда халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида қурилаётган пиёдалар учун қулай бўлган саломатлик йўлаклари яшил масканлар, жумладан ён-атрофдаги дарахтлар билан ҳамоҳанглигини унутмаслигимиз зарур.

Президентимиз ташаббуси билан айни вақтда мамлакатимиз бўйлаб дарахт экиш бўйича ўтказилаётган «долзарб қирқ кунлик» ҳам ҳар бир туп дарахт кўчатига алоҳида эътибор ва парвариш шарт эканини кўрсатиб турибди. Бунинг учун масъулиятни ҳар бир мутасадди ўз зиммасига олишига тўғри келади.

Маълум қилинганидек, дарахтлар атрофидаги бетон қўпорилиб йўл қўйилган хато тўғриланган. Бироқ берилган суратлардан кўриниб турибдики, ҳолат тўлиқ бартараф этилмаган, дарахтлар атрофи номигагина бетондан тозаланган, уларни парваришлаш учун етарлича шароит яратилмаган. Қолаверса, етказилган зарар ҳамда жарима миқдори жамоатчиликка маълум қилиниши керак эмасми? Бу ҳам ободонлаштириш бўлими ва бошқа мутасаддиларнинг масалага «хўжакўрсин» кайфиятда ёндашаётганини кўрсатиб турибди.  

Қурилишни амалга оширганларни жаримага тортиш билангина бундай ҳолатларга бутунлай барҳам бериш мушкул. Дарахтларга бундай муносабат учун тегишли ташкилот раҳбарлари, ҳар бир мутасаддининг ҳам масъулиятини кўриб чиқиш керак. Токи ҳар бир туп дарахт атроф табиий муҳитнинг бир бўлаги сифатида доим ҳимоя ва парваришда бўлиши кафолатлансин», дейилади партия матбуот хизмати муносабатида.

Ўзбекистон Экологик партияси

Кейинроқ, 5 декабрь куни эса қўмита бетонлаб қўйилган дарахт кўчатлари эрта тонгдан вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан бетон ариқ ёқасидаги тупроқ ерга кўчириб ўтқазилгани, кўчириш имкони бўлмаган кўп йиллик дарахтларнинг таги юмшатилгани ҳақида маълум қилди.

Фото: Экология қўмитаси
Фото: Экология қўмитаси

Ҳозирча қўмита етказилган зарар ҳамда жарима миқдорини жамоатчиликка маълум қилмади. 

Мавзуга оид