Жамият | 20:58 / 15.12.2021
20913
3 дақиқада ўқилади

Андижонда қизининг номусига теккан йигитни ўлдирган ота 12 йилга озодликдан маҳрум этилди

Ота йигитнинг танасига пичоқ билан зарба берган ва қаршилик кўрсатолмай ётиб қолганидан фойдаланиб, уни сим билан бўғиб ўлдирган.

Фото: Getty Images

1 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Жалақудуқ туман судида қизининг номуси учун қотилликка қўл урган Ш.А.га ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Андижон вилоят суди ахборот хизмати маълум қилди.

Суд ҳукмида айтилишича, Андижон туманида яшовчи Ш.А.нинг 2003 йилда туғилган қизи М.Ф. 2020 йил 20 ноябр куни аразлаб уйидан чиқиб кетиб қолган. Кейинроқ у ўша кеча аввалдан гаплашиб келган йигити Ш.И. билан тунни бошқа жойда ўтказгани маълум бўлади.

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг М.Ф.нинг ота-онаси йигит ва унинг яқинлари билан гаплашиб, қизга совчи жўнатиш, қизини тўй қилиб олиб чиқиб кетишлари кераклигини айтишади. Лекин орадан бир неча ой ўтса-да, Ш.И.дан совчи келмайди. Ш.И. қизнинг уйидагиларига машина ва уй олиб беришсагина уйланиши мумкинлигини билдиради.

Бир сафар йигит қизни урганидан хабардор бўлган ота қизига йигитни уйга чақиришини, у билан тўй ҳақида гаплашиб олишини айтади.

Йигит 17 май куни соат 18:00лар атрофида қизнинг уйига келади. Ш.И. билан ёлғиз қолган ота ундан қизини нима сабабдан урганини сўраганида, у қизни бир йигит билан телефонда гаплашгани учун урганини айтади. Кейин эса Ш.А.  йигитдан қачон тўй қилишини сўрайди. Йигит унинг қизига уйланмаслиги, қизи билан жинсий алоқада бўлганини телефонига тасвирга олгани, видеотасвирни интернетга чиқариб, уни ва оиласини шарманда қилишини айтганида, ота ғазабга миниб стол устида турган чинни чойнакни олиб, йигитнинг юз қисмига уради. Сўнгра унинг юзига қўли билан бир неча марта зарба беради, баданининг турли қисмларига хўжалик пичоғи билан енгил тан жароҳати етказади. Йигитнинг қаршилик кўрсатолмай ётиб қолганидан фойдаланиб, уни сим билан бўғиб ўлдиради.

Суд ҳукми билан Ш.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ, Андижонда қимор сабаб қўшнисини ўлдирган йигит 14,5 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид