Ўзбекистон | 15:01 / 17.12.2024
14429
2 дақиқада ўқилади

Андижонда фуқароларнинг машиналарини ижарага олиб, уларни йўқ қилиш билан шуғулланган йирик уюшган гуруҳ устидан суд бошланди

14 кишидан иборат жиноий гуруҳ аъзолари одамларнинг автомобилларини гўёки ижарага олиб, уларни қайтариб бермай, эҳтиёт қисмларга бўлиб, йўқ қилиб юбориш билан шуғулланган. Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ суди кўраётган ишда 40 га яқин автомобиллар топилмаган ва эгасига қайтарилмаган.

Андижон вилояти Жалақудуқ тумани судида фуқароларнинг машиналарини ижарага олиб, уларни йўқотиш билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳ устидан суд бошланди.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ аъзолари 60 тача машинани фирибгарлик йўли билан ижарага олиб, сўнг эҳтиёт қисмларга бўлиб, йўқ қилиб юборган.

Тергов вақтида фақатгина 15 тача машина топилиб, жарима майдонига қўйилган. Топилган машиналарнинг деярли барчаси носоз ҳолда бўлгани, кўплаб эҳтиёт қисмлари ечиб олингани, ўрнига яроқсизлари ўрнатиб қўйилгани айтилмоқда.

Kun.uz билан боғланган жабрланувчилардан бири Nexia-3 автомобилини ижарага берганини, аммо қайтариб ололмаганини маълум қилди.

“Биз Муҳаммадюнус деган одамга ижарага берганмиз. У Рустам деган одамга берган, Рустам эса Наманганга, Жалолхон қассоб деганига олиб бориб берган, терговда шундай кўрсатмалар берилди. Лекин судда улар бир биримизни танимаймиз дейишмоқда”, дейди жабрланувчи.

Суд мажлислари онлайн жадвалида кўринишича, судланувчилар 14 кишини ташкил этади. Улар қуйидагилар:

  • Ортиқов Низомиддин
  • Мирзаев Шоёдбек
  • Деҳқонов Валижон
  • Шамсуддинов Сайфиддин
  • Эрматов Раҳимжон
  • Урунбаев Рустамжон
  • Холбердиев Музаффар
  • Содиқов Умидбек
  • Мирзаев Машъалбек
  • Валиев Муҳаммадюнус
  • Қаҳҳоров Жалолиддин
  • Турсунов Дилшод
  • Мухторов Усмонбек
  • Юнусов Ботиржон.

Юқорида исм-шарифлари келтирилган шахслар Жиноят кодексининг 168-модда 4-қисми “а” ва “в” бандлари (уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 171-модда 3-қисми “а” ва “б” бандлари, (жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш), 227-модда 2-қисми “а” бандида (автомототранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Жиноят ишида 57 нафар жабрланувчи бор.

Мавзуга оид