Ўзбекистон | 17:46 / 16.12.2021
4752
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек бахшичилик санъати UNESCO рўйхатига киритилди

Бахшичилик санъати ноёб тарихий-маданий мерос бўлиб, UNESCO рўйхатига киритишнинг барча мезонларига жавоб бериши тасдиқланди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

UNESCO’нинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси ХVI сессияси доирасида Бахшичилик санъати Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.

Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, ушбу элемент бўйича номинацион пакет республиканинг UNESCO ишлари бўйича миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, 2020 йилда тақдим этилган.

UNESCO қўмитаси мазкур элементни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритишни аккламация (кенг консенсус) йўли билан ҳеч қандай дебатлар ва овозга қўйишларсиз маъқуллаган.

Баҳолаш комиссияси вакиллари бахшичилик санъати ноёб тарихий-маданий мерос бўлиб, уни Номоддий маданий мероснинг репрезентатив рўйхатига киритиш учун барча мезонларга жавоб беришини айтишган.

Вазирликка кўра, қабул қилинган қарор UNESCO кўмагида бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, кўпайтириш ва тарғиб қилиш чора-тадбирларини миллий ва халқаро миқёсда янада кучайтиришга хизмат қилади.

Маълумот учун, бахшичилик санъати Ўзбекистон томонидан репрезентатив рўйхатга киритилган номоддий маданий меросларнинг олтинчи элементи бўлди. Бунга қадар рўйхатдан “Бойсун тумани маданий макони” (2008), “Катта ашула” (2009), “Аския” (2014), “Палов маданияти ва анъаналари” (2016) ва “Лазги” (2019) ўрин олган эди.

Мавзуга оид