Ўзбекистон | 15:37 / 17.12.2021
33181
8 дақиқада ўқилади

Статистика қўмитаси orginfo.uz сайти асосчиси устидан ИИВга шикоят киритди

Корхона ва ташкилотлар тўғрисида очиқ маълумотлар жойланадиган сайт эгасига маъмурий иш очилган. Статистика қўмитаси очиқ манбалардан бошқалар фойдаланишига нега йўл бермоқчи эмас?

Юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи Orginfo.uz сайти асосчисига нисбатан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилди.

Иш очилишига Давлат статистика қўмитаси киритган ариза сабаб бўлган.

Сайтни дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов 2021 йил январь ойи бошида очган. Унинг Kun.uz'га айтишича, бу платформа Статистика қўмитаси расмий сайтига жойланган корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги очиқ маълумотлар асосида яратилган.

“Статистика қўмитаси сайтида STIR рақами ёрдамида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси – очиқ маълумотлар. Мен шу маълумотларнинг (STIR рақамларини) барчасини кўчириб олиб, уларни корхона раҳбари исм-шарифи, юридик шахс номи, таъсисчилари бўйича ҳам қидириш имконини берувчи қулай сайт яратдим.

Буни қилишдан мен ҳеч қандай моддий манфаат кўзламаганман ёки бирор ёмон мақсадим ҳам йўқ. Эътибор қилсангиз, сайт аноним очилган эмас, балки .uz доменига жойлаштирилган. Агар ёмон ниятим бўлганида, ўз шахсимни яшириш учун уни .org ёки .info каби хорижий серверларга ҳам жойлашим мумкин эди. Шунингдек, платформада реклама ҳам йўқ.

Мен сайтни ишга туширган вақтимда IT соҳасида магистратурада таълим олардим. Бу сайтни яратишимдан мақсад – кейинчалик йирик компаниялар, иш берувчиларга кўрсатишим учун портфолиода ўзим яратган турли дастурий маҳсулотларни жамлаб бораман.

Қўмита сайтида эса корхоналар ҳақида маълумот қидириш унчалик қулай эмас – бунинг учун сиз ўша корхонанинг СТИР рақамини билишингиз керак”, – дейди Бобурмирзо Ҳамроқулов.

Дастурчининг айтишича, август ойида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази уни чақириб, Давлат статистика қўмитаси унинг устидан арз қилганини маълум қилган.

Қўмита даъвосига кўра, orginfo.uz сайтида Давлат статистика қўмитаси манба сифатида кўрсатилиб, келтирилган маълумотлар баъзида расмий манбага мувофиқ келмай қолган. Чунки Ўзбекистондаги юридик шахслар ва корхоналарга доир маълумотлар тинимсиз ўзгариб туради.

Шундан сўнг дастурчи ўзи яратган сайтдаги маълумотлар ҳар 10 кунда Статқўм маълумотларига асосан янгиланиб туришини таъминлаган ҳамда stat.uz'даги расмий базадан бир неча кун кечроқ юриши ҳақида огоҳлантириш ёзиб қўйган.

ИИВ Киберхавфсизлик марказидаги суҳбатдан 3 ой вақт ўтиб, жорий йил 17 ноябрь куни Бобурмирзо Ҳамроқулов ўзи яшайдиган Андижон вилояти Асака тумани ИИБга чақирилган. ИИБ ходимлари унга нисбатан вазирликдан келган хат асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2 моддаси билан маъмурий иш очилганини ҳамда иш судга оширилишини билдирган.

Kun.uz билан гаплашган Давлат статистика қўмитаси Ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шаҳбоз Жонодилов қўмита маълумотлари барча учун очиқлигини, ҳамма ундан бемалол фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади. Лекин қўмита билан orginfo.uz сайтига маълумотларни олиб жойлаш бўйича келишув бўлмаганини қўшимча қилди.

“Давлат статистика қўмитасидаги маълумотларни orginfo.uz сайтига олиб жойлаш бўйича ҳеч қандай шартнома ҳам, келишув ҳам бўлмаган. Билмадим, бу дастурчи маълумотларни қаердан олган. Бизники бўлмаган маълумот учун бизни манба сифатида кўрсатган. Натижада маълумот қидирганда икки хил нарса чиқса, инвесторлар ва бошқаларда ишончсизлик пайдо бўлишни бошлаган ва бизга сўровлар келган.

Биз ҳар бир сўровчига алоҳида жавоб бериб ўтирмаймиз-ку. Шунинг учун “Ўзкомназорат”га қўмита номидан маълумот тарқатаётган шахсни аниқлаб, чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш юзасидан хат чиқардик.

Биз бу сайтнинг ишлашига қарши эмасмиз, лекин қўмита билан келишмасдан уни манба сифатида кўрсатилиши ва ёлғон маълумот тарқатилишига қаршимиз”, – деди Давлат статистика қўмитаси масъул ходими Шаҳбоз Жонодилов.

Давлат статистика қўмитаси биноси

Қўмита вакили stat.uz'даги реестр orginfo.uz сайтидаги каби фойдаланишга қулайлаштирилиши борасидаги саволимизга:

“Бу борада техник ходимларимиз ва дастурчиларимиз ишлаяпти. Бизда ҳам шундай қулайликлар бўлиши кутилмоқда, лекин қачон ишга тушиши маълум эмас”, – дея жавоб берди.

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Шерзодбек Нуриддинов Kun.uz сўровига жавобан фуқаро Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан ИИВ Тезкор ҳамкорлик бошқармасининг 2021 йил 17 июндаги хатига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилганини маълум қилди.

“Фуқаро томонидан 2021 йилнинг январь ойида orginfo.uz номли сайт яратиб, ушбу веб-сайт томонидан манба сифатида Давлат статистика қўмитасини кўрсатган ҳолда, юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўз веб-сайтида эски, бугунги кун ҳақиқатига тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатгани аниқланган.

Бундан ташқари, фуқаро Б.Хамроқулов ўзининг orginfo.uz веб-сайти ва қўмита ўртасида ҳеч қандай шартнома ёки келишувнинг мавжуд эмаслиги, бунинг натижасида жамиятда фуқаролар ҳамда хорижий инвесторлар томонидан расмий статистик маълумотларга нисбатан турли хил тушунмовчилик ҳамда фикрларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган”, – дейилади вилоят ИИББ берган расмий изоҳда.

Шунингдек ҳолат юзасидан дастурчига нисбатан Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда суд муҳокамаси бўлиши кутилмоқда. ИИББ расмийси суд қачон бўлиши маълум эмаслигини билдирди.

Бир томондан Давлат статистика қўмитасининг келтирган важлари қанчалик ўринли экани ҳам савол остида. Катта очиқ маълумотлар базасига эгалик қилувчи қўмита нега маълумотлар базасидан фойдаланишни қулай қилиб қўймаган?  Балки шунда масъуллар айтмоқчи “ишончсизлик билдираётган инвесторлар” маълумотни orginfo.uz'дан эмас, балки расмий сайтдан олган бўлармиди?

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда мустақил ОАВ ва блогерлар платформада келтирилган очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳокимият тизимидаги манфаатлар тўқнашувига йўл қўяётган амалдорлар ва уларнинг яқинларига доир кўплаб маълумотларни жамоатчиликка очиқлаб келмоқда. Балки шундай очиқлик кимларгадир ёқмаётгандир, эҳтимол.

Маълумот учун айтиш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) киритилганига унча кўп бўлгани йўқ.

Ушбу моддада ҳар қанақанги ёлғон ахборот эмас, айнан “шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган” ёлғон ахборотни тарқатиш ҳақида гап боради.

Давлат органининг расмий сайтидаги очиқ маълумотларни ўзи яратган сайтда жойлаб бораётгани, боз устига унда бирор кимнинг қадр-қиммати камситилиши ёки обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумотлар сақланмаслиги қўмитанинг даъвоси ва ички ишлар органининг бу хатти-ҳаракатларини шубҳа остида қолдиради.

Kun.uz суҳбатлашган бир неча ҳуқуқшунос воқеаларнинг бу тарзда тус олганига муносабат билдираркан, Статистика қўмитаси нари борса муаллифлик ҳуқуқига даъво қила олиши мумкинлиги, ИИБнинг фуқарога қўяётган айблови нотўғри эканини айтди.

Kun.uz воқеалар ривожини, хусусан дастурчи устидан суд жараёнини ёритиб боради.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид