Ўзбекистон | 19:39 / 19.12.2021
26308
4 дақиқада ўқилади

Ангренда икки юк поезди тўқнашуви оқибатида 20 та вагон ағдарилди

«Ўзбеккўмир»нинг кўмир ортилган поезди бошқарувсиз ҳаракатланган бошқа состав билан тўқнашди. ФВВ машинист ва ёрдамчиси жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда кўмир ортилган юк поезди Ангрен ҳудудида изидан чиқиб кетгани, темир йўл устида ва ён атрофида ётган кўмир ортилган вагонлар мажақланиб кетгани акс этган видеолар тарқалди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ушбу ҳолат 19 декабрь куни соат 05:03да Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан 19 км шарқий йўналишда жойлашган «Ўзбеккўмир» АЖга қарашли «Ангрен кўмир кони» ҳудудидаги темир йўлда содир бўлган.

Қайд этилишича, авария 10-сонли локомотив состав электровознинг сиқилган ҳавосиз қолиши оқибатида бошқарувсиз ҳаракатлангани ва 1-йўлда ҳаракатланиб кетаётган 17-сонли локомотив составига урилгани оқибатида келиб чиққан. Натижада жами 33та юк вагонидан 20та вагон (010-сонли локомотив составидан 14та кўмир ортилган юк вагон ва 017-сонли локомотив составидан 6та бўш юк вагони) темир йўли изидан чиқиб, ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида 010-сонли локомотив состави машинисти ва унинг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олгани айтилган. Улар «Темир йўл транспорти» филиали ҳудудидаги Тиббий ёрдам пунктига олиб борилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган ва Ангрен шаҳар шифохонасига юборилган.

«Мазкур ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида воқеа жойига «Ўзбеккўмир» АЖ тасарруфидаги «Темир йўл транспорт» филиалидан 2та юк крани, 2та погрузчик ва 50 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган. Бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади ФВВ ахборот хизмати хабарида.

Ҳодиса юзасидан «Ўзбеккўмир» АЖ ҳам баёнот берди. Жамият ахборот хизмати ФВВдан фарқли равишда авария туфайли ўлим юз бермагани ва ҳеч ким тан жароҳати олмаганини маълум қилган.

«Жамият тасарруфидаги «Темир йўл транспорти» филиалига қарашли 010-сонли локомотив состав уланган электровознинг тормоз тизимида юз берган носозлик оқибатида мазкур состав «Жигаристон» станциясининг 7-юклаш йўлидан бошқарувсиз юриб кетиб, «Блокпост» ва «Штольня» станциялари оралиғидаги 1-йўлда ҳаракатланиб бораётган 017-сонли локомотив составига бориб урилган. Тўқнашув оқибатида 010-сонли локомотив состави темир йўлдан чиқиб кетган ва составга қўшилган 23 вагондан 14таси ағдарилиб, носоз ҳолга келган.

− 017-сонли локомотив состав электровозига уланган 10та юк вагонидан 6 таси темир йўлдан чиқиб кетган ва ағдарилиб, носоз ҳолга келган.

Ўлим ва тан жароҳати олиш ҳолатлари йўқ. 010-сонли локомотив состав электровоз машинисти Б.Ж.Ниязматов ҳамда машинист ёрдамчиси Б.А.Собиров жамият ҳудудидаги тиббий ёрдам пунктида тиббий кўрикдан ўтказилганида, уларнинг тан жароҳати олмаганликлари аниқланган», дейилади «Ўзбеккўмир» АЖ баёнотида.

Ҳозирда ҳодиса сабаблари Ўзбекистон ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси тергов бўлими томонидан ўрганилмоқда. Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилиниши айтилган.

Мавзуга оид