Спорт | 11:56 / 20.12.2021
40918
3 дақиқада ўқилади

«Энди менинг биринчи мухлисим йўқ». Одил Аҳмедов фаолиятини якунлагани сабаби ва энди нима иш қилишини айтди

Фото: Tribuna.uz

Ёзда миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган Одил Аҳмедов, 18 декабрь куни футболчилик фаолиятини тугатганини расман эълон қилди. Футболчининг фаолиятига бағишланган «Одил Aҳмедов: «Орзунинг шонли йўли» китоби тақдимот маросимидан кейин у футболдан кетгани сабаби ва энди нима билан машғул бўлиши ҳақида тўхталди. 

«Ҳар бир нарсанинг боши бўлганидек, охири ҳам бор. Яқинда Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятимни якунлаганим ҳақида эълон қилгандим. Бугун эса ўзим учун яна бир қарорни қабул қилдим. Бу қарорга келиш жуда оғир бўлди. Бугун сизларнинг кўз ўнгингизда бутсаларимни михга илиб, футболчилик фаолиятимни якунлаганимни маълум қиламан. 

Ёш ўйинчиларга айтадиган гапим – орзу қилинг, мақсад қўйинг ва ҳаракат қилинг. Ҳаммасига эришасиз. Биз албатта, жаҳон чемпионатига чиқамиз», - деди Аҳмедов.

Тадбирда Одил Аҳмедовнинг фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилганда, у бу йил оғир жудоликка учрагани – отасини йўқотганини айтиб, буни фаолиятини якунлашга сабаб сифатида кўрсатди.

«Футболдаги энг биринчи мухлисим ҳам маслаҳатгўй отам эдилар. Энди эса у киши йўқ. Шу боис фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйладим», - деди Одил.

Тадбирдан кейин эса 34 ёшли собиқ футболчи ОАВ вакиллари билан суҳбатда қароридан афсусланмаслиги ва энди нима билан шуғулланишини айтди.

«Бугунги қароримдан афсусланмайман, буни тўғри қарорларимдан бири дея оламан. Чунки бунга сабабларим етарли. Узоқ ўйлаб, яқинларим билан маслаҳат қилиб, фаолиятимни тугатишим тўғри, деган қарорга келдим. 

Фото: Tribuna.uz

Фаолиятимга бағишланган китоб ёшларга янги мақсадларга етишиш учун ёрдам бериши мумкин, деб ўйлайман. Чунки унда қийинчиликларни қандай енгиб ўтганим ҳақида ёзганман. 

Энди нима билан машғул бўламан? Биласиз, ўзимнинг футбол академиям бор, ўша ишим билан жиддийроқ шуғулланиш имкони бўлади. Умуман олганда, футбол ичида бўламан», - дейди Одил.

Аввалроқ, миллий жамоа собиқ сардори «Odil Junior» академияси учун ойига 50-100 миллион сўм сарфлаши ҳақида маълум қилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Одил Аҳмедов 2007 йилдан 2021 йилнинг ёзигача бош жамоа сафида тўп суриб, Ўзбекистон ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичига чиқа олмаганидан сўнг миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган эди. 34 ёшли яримҳимоячи Хитой Суперлигаси жорий мавсумида «Цанчжоу Майти Лайонс» сафида 7 ўйинда майдонга тушганди. У фаолияти давомида «Пахтакор», «Анжи», «Краснодар», «Шанхай СИПГ» клубларида ҳам тўп сурди.

Мавзуга оид