Ўзбекистон | 20:56 / 20.12.2021
23227
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Русланбек Давлетов TikTok ва Twitter блокланишига муносабат билдирди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистонда TikTok блокланишига муносабати ҳақидаги саволга жавоб қайтариб, тармоқни блоклаганлар ундаги фақат кераксиз контентларни кўрганини тахмин қилди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Тошкент ёшлар форумида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва адлия вазири Русланбек Давлетов ижтимоий тармоқлар блокланишига шахсий муносабатини билдирди.

«TikTok бир платформа, у ерда турли контент бор. Ҳамма ўзига керакли контентни олади.

Минг афсуски, тақиқ қўйган одамлар керакмас контентларга киргани кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирилса, платформанинг ҳеч қандай зарари йўқ, деб ўйлайман. Менинг фикримча, тағин билмадим», деди ҳоким.

Адлия вазири ҳам TikTok ва Twitter блокланишига ўз муносабатини билдирди.

«Чекловлар кўпайиб кетди дегани, чекловлар бўлмаслиги керак дегани эмас. У ҳар доим мақбул даражада бўлиши керак ва ўзининг соҳасига қараб, қонунга қараб бўлиши лозим.

Ижтимоий тармоқларга келадиган бўлсак, мен ахборот алмашинувида эркинлик тарафдориман. Бугунги замонда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, унинг устига ўтириб, жиловлай олмайсиз. Ҳеч қачон қилолмайсиз.

Тарих ҳам бунга гувоҳ. Гутенберг 1445 йилда босма дастгоҳни кашф қилган, шу орқали кўпчилик миллатларнинг саводи чиққан. Усмонийлар империяси эса бундан қўрқиб, XVIII-XIX асргача Гутенбергнинг дастгоҳини мамлакатга киритмаган. Бу эса миллатнинг савод бўйича қолоқ бўлишига олиб келган. Бунинг орқасидан саноат, ишлаб чиқариш ва рақобат Европада кескин ривожланиб кетди ва улар ҳар томонлама ўсишга эришди», деди вазир.

Шунингдек, у ноқонуний контент ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Ахборот алмашинуви доим бўлиши керак, бу билимни кучайтиради. Аммо ноқонуний контент ҳар доим бўлади. Ноқонуний контент нима? Бу терроризмга бошловчи чорловлар, диний адоват қўзғатувчи, порнография ёки зўравонлик ҳақидаги материаллар.

Ривожланган давлатларда буларнинг барчаси қонун билан тартибга солинган. Қонун билан ишласак, янглишмаймиз. Ахлоққа қарайдиган бўлсак, биз кўп миллатли мамлакатмиз, шу сабабли ҳамма бир хил ахлоқий стандартга қараб яшамайди. Кийинишимиз, юриш-туришимиз, ейдиган ва ҳатто ичадиган ичимлигимиз ҳам бошқача», деган у.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт ҳокими 2020 йили бўлиб ўтган Тошкент ёшлар форумида «ТикТокерлар»ни чеклаш эмас, уларга имконият бериш кераклигини қайд этганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил 2 июлдан Twitter ва TikTok'ка расман чеклов қўйилган.

15 декабр куни Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов TikTok раҳбарияти билан музокара ўтказиши ортидан, Ўзбекистонда бу платформа фаолияти қисман тикланди.

Мавзуга оид