Ўзбекистон | 13:45 / 22.12.2021
10605
2 дақиқада ўқилади

Наманган электр тармоқлари корхонаси директори туман ҳокими бўлди

Учқўрғон тумани ҳокими ишда йўл қўйилган камчиликлар учун ишдан олинди. Унинг ўрнига мутахассислиги энергетик бўлган ҳоким тайинланди.

Халқ депутатлари Учқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилишича, сессияда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди ва туманни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлар ишга солинмаётгани, тадбиркорликни ривожлантириш, кичик саноат зоналари ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратишга етарли эътибор қаратилмагани танқид остига олинди.

Туманнинг собиқ раҳбари Азимжон Абдумуталович Ваҳобов фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун туман ҳокими лавозимидан озод этилди.

Наманган вилояти ҳокимининг қарори ҳамда туман Кенгаши депутатлари тасдиғи билан Жаҳонгир Носиржонович Риззаев Учқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Жаҳонгир Риззаев 1986 йил 5 декабрь куни Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-энергетик.

У 2018 йил май ойидан ҳозирги вақтга қадар «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг бош директори лавозимида фаолият юритган.

Маълумот учун, Азимжон Ваҳобов Учқўрғонга 2017 йил октябридан буён раҳбарлик қилиб келаётганди.

Бундан аввалроқ, кун давомида Наманган вилоятининг яна икки туманида - Косонсой ва Норин туманларида янги ҳокимлар иш бошлаганди.

Мавзуга оид