Акром Раҳмонқуловга доир иш судда кўрилмоқда
Жиззах вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосарига миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилишда ифодаланган айбловлар қўйилган.
Жиззах вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги қурилиш объектларида коррупцион хатти-ҳаракатлар ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Акром Раҳмонқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жорий йилнинг июнь ойида якунланиб, Тошкент вилоят судига юборилган. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.
Унинг айтишича, айни дамда иш бўйича суд музокаралари якунланган, яқин кунларда суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда.
Акром Раҳмонқулов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида президент Жиззах шаҳрида қурилиши тугалланмаган кўп қаватли турар жой мажмуаси қулаб тушиши ортидан Жиззах вилояти ҳоким ўринбосари Акром Раҳмонқуловни сиёсатга хиёнатда айблаган ва кейинроқ у ишдан олинганди.
Жорий йилнинг апрель ойида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳозиргача терговда аниқланган ҳолатларга кўра, Акром Раҳмонқулов 2018-2020 йилларда жами 494 млрд сўмлик 82та объектлар қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилганини маълум қилганди.
Шунингдек, терговда Акром Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14та хонадон, 43та автомашина, 37та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатлангани, Раҳмонқуловнинг 10 нафар жиноий шериклари ҳам қамоққа олингани айтилган эди.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
12:23 / 19.12.2024
Манба: Жиззах вилояти ҳокими ишдан олинган
12:31 / 10.11.2024