Жаҳон | 23:20 / 04.01.2022
6589
2 дақиқада ўқилади

АҚШда авиация учун хатар эҳтимоли туфайли 5G тармоғини ишга тушириш яна кечиктирилди

АҚШ транспорт вазири ва федерал авиация бошқармаси раҳбари юқори тезликдаги мобил интернет самолётлар қурилмаларига халал бериши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Фото: Reuters

Американинг AT&T ва Verizon компаниялари авиация учун хатар эҳтимоли туфайли 5G тармоғини ишга туширишни ортга суришга рози бўлди. Бу ҳақда DW хабар берди.

AT&T баёнотида айтилишича, бу қарор АҚШ транспорт вазири Пит Буттижичнинг илтимосига кўра қабул қилинган. Шу билан бирга, компания 5G тармоғи авиация хавфсизлигига хатар солмаслигини таъкидлаган. 

1 январь куни Буттижич ва АҚШ федерал авиация бошқармаси (FAA) бошлиғи  Стив Диксон янги мобил тармоқни ишга туширишни икки ҳафтага кечиктиришни сўраган. Авиация соҳаси вакиллари 5G тармоғи самолётлар электроникасига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Дастлаб телекоммуникация компаниялари рад жавобини берган, аммо авиакомпаниялар судга бериш билан таҳдид қилганидан сўнг қарорларини ўзгартиришга мажбур бўлди. 

AT&T ва Verizon 2021 йил февралда тендер орқали 5G тармоғи учун частоталарни қўлга киритганди. Тармоқни 5 декабрда ишга тушириш режалаштирилганди, бироқ Airbus ва Boeing компанияларининг хавотирларидан сўнг 5 январда ишга тушириш мўлжалланганди.

Мавзуга оид