Жаҳон | 14:37 / 04.01.2022
26613
18 дақиқада ўқилади

Brexit’га бир йил тўлди: Британия Европа Иттифоқини тарк этиб ютдими ё ютқазди?

Роппа-роса бир йил аввал Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқиб, мустақил ҳаёт кечира бошлади. Брексит ғоясини илгари сурганлар миллатга эркинлик ва фаровонлик ваъда қилишган, унга қарши бўлганлар эса иқтисодий таназзул ва жаҳонда нуфузнинг пасайиши билан қўрқитишганди.

Ким ҳақ бўлиб чиқди? BBC бу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилди.

2016 йилнинг июнида ўтказилган референдумда британияликларнинг 52 фоизи брекситни ёқлаб овоз берган эди, шундан сўнг улар тарк этиш қандай бўлиши: юмшоқ, қатъий ёки ярим юмшоқлиги борасида ўзаро узоқ тортишишди. Бу орада икки бор бош вазир ўзгарди, икки марта парламентни қайта сайлашди, ниҳоят, 2020 йилнинг январида Борис Жонсон ЕИ билан 45 йиллик биргаликдаги ҳаётга нуқта қўядиган келишувни имзолади.

Яна бир йил ҳаммаси аввалгидек давом этаверди, ўтиш даври бир йил муқаддам — янги йил кечасида ниҳояланди. Шунда ҳам охиригача эмас. Ҳамон қисман кечиктириш амалда, савдо борасидаги кўплаб чекловлар жорий йил мобайнида кучга киради.

Британиялик балиқчилар брекситдан пул ишлашни ният қилишган эди. Лекин реаллик Шимолий денгиздан ҳам совуқроқ бўлиб чиқди: орзулар савдо тўсиқларига урилиб чилпарчин бўлди.
Фото: Getty Images

Турли истиснолардан ташқари тарихий (ҳали ҳеч бир давлат ЕИдан чиқиб кетмаган) тажрибани ковид эпидемияси, локдаунлар ва коронакризис бузиб қўйди. Кўп вақт ҳам ўтмади — бор-йўғи бир йил.

Бироқ брексит британияликларнинг ҳаёти, даромади ва эркинликларида қандай из қолдиргани борасидаги дастлабки хулосалар чиқарилди.

Британия етишмовчиликка дучор бўлди

Брекситдан сўнг Британия энг кутилмаган нарсаларнинг етишмовчилигидан қийнала бошлади. Супермаркетларда вақти-вақти билан ё минерал сув, ё салат, ё пишлоқ ғойиб бўла бошлади. Қурилиш материаллари ва эҳтиёт қисмлар тақчиллиги бошланди. Айниқса меҳнат бозори чок-чокидан сўкилиб кетди: ошпазлар, официантлар, далаларда мавсумий ишчилар етишмай бошлади.

Лондондаги йирик супермаркетнинг алкоголсиз ичимликлар бўлимидаги 2021 йил ёзидаги одатий манзара.
Фото: Getty Images

Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ — Британия ягона Европа бозорини тарк этиб бўлган эди ва товарлар, хизматлар ҳамда ишчи кучлари олдида аввал бўлмаган тўсиқлар бўй кўрсата бошлади. Бу эса савдо-сотиқ ҳамда иқтисодиётга зиён етказа бошлади, чунки брекситгача Буюк Британия буларнинг барчасини чекловларсиз импорт қилган.

Масалан, Британия истеъмолидаги озиқ-овқатларнинг тенг ярми — импорт, жами импортнинг 60 фоизи эса брекситгача Европадан олиб кирилган. Фақат озиқ-овқат эмас, ЕИ ажралишгача Буюк Британиянинг бош савдо шериги ҳисобланарди, унинг ҳиссасига импортнинг 53 фоизи, экспортнинг 44 фоизи тўғри келган.

Фақат битта мисол келтирамиз: ёнилғи кризиси. Кузда Британия АЁҚШларида навбатлар пайдо бўла бошлади, кейин бензин ва дизел ғойиб бўлди. Чунки ҳайдовчилар етишмасди, европаликлар ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлгач, уй-уйларига жўнаб кетишганди.

Ла-Маншнинг нариги қирғоғида эса бу вақтда ҳеч қанақа тақчиллик кузатилмаётганди. Боз устига, бензин тақчиллиги Британиянинг бир қисми сифатида ЕИни тарк этган Шимолий Ирландияда ҳам йўқ эди. Чунки улар Борис Жонсоннинг рухсати билан ҳозирча божхона масалаларида Европа Иттифоқида бўлиб туришибди.

YouGov’нинг яқинда ўтказган сўровномасига кўра, супермаркетларда озиқ-овқат етишмовчилигига италян, испан ва данияликларнинг 6–8 фоизи дуч келган. Британияликлар орасида бундайлар 56 фоизни ташкил этган.

Британияликлар камбағаллашди

Брексит Буюк Британия иқтисодиётини чуқур нокдаунга улоқтирди. Ҳаттоки расмий таҳлилчилар ҳам буни тан олишмоқда.

2021 йил сентябрида бензинга навбат.
Фото: AFP

Office for Budget Responsibility’даги ҳукумат экспертларининг баҳолашича, ўртача истиқболда Британия иқтисодий ўсиш суръатларининг 4 фоизидан маҳрум бўлади. Нодавлат прогнозлар эса янада салбийроқ: минус 6–7 фоиз.

Миллат бойимоқда, лекин мумкин бўлган суръатларда эмас. Бунга иккита асосий сабаб бор.

Биринчиси юқорида тилга олинди — ягона Европа бозорининг тарк этилиши туфайли товарлар импорти, капитал ва ишчи кучининг камайиши. Арзон испан салати ва полякларнинг михи, арзонга ишлайдиган румин оқсочи, италиялик пиццашунос ёки юнон сартароши — булар энди тарихда қолди.

Иккинчи сабаб — экспортнинг қисқариши. ЕИнинг ягона бозори британияликларга Болгария ва Германиядан тортиб, Кипр ва Португалиягача ярим миллиард потенциал мижозларнинг чўнтагига қўл солиш имкониятини берарди.

Энди улар орасида бож, солиқ ва формалликлардан иборат девор ўрнатилди.

CER тадқиқот институтининг ҳисоблашича, савдодаги брексит тўсиқлар Британияга 13 млрд фунтга тушган. Бу эса унинг аввалги товар айланмасининг 16 фоизини ташкил этади.

Институт Британиянинг ютуқларини унинг шартли эгизаги, савдо ҳажми ва иқтисодий ўсиш динамикаси референдумгача ва ўтиш давригача Британияникига ўхшаш бўлган мамлакатлар гуруҳи билан таққослаб шундай хулосага келган. Тажриба бутун брексит эффектини пандемия чақирган муаммолардан тозалаб олиб ўрганиш имконини берган, чунки ковид муаммоси бутун кўҳна қитъани тенг қамраб олган.

Дивиденд ўрнига — оширилган солиқлар

Иқтисодий зиён манаман деб кўриниб тургани рост, лекин брекситга қаршилар қўрқитган қиёмат қойим бўлишидан узоқ. Ҳозир улар асосли равишда бу ҳали ҳаммаси эмас, дейишмоқда, чунки ЕИ билан боғловчи барча ришталар узилмаган, кўплаб савдо тўсиқлари 2022 йил давомида пайдо бўлади.

Бироқ иқтисодиёт ҳеч қачон ЕИдан чиқиш учун бош сабаб бўлмаган. Борис Жонсон кампанияси сиёсий ва молиявий суверенитет байроқлари остида ўтди. Унинг асосий аргументлардан бири Европа Иттифоқига аъзолик бадалидан халос бўлиш эди.

«Биз ЕИга ҳафтасига 350 млн фунт тўлаймиз. Яхшиси, уни соғлиқни сақлаш тизимига сарфлаймиз», — деб ёзилган эди референдум кампанияси даврида Жонсоннинг автобусига.
Фото: Getty Images

Иқтисод қилинган пулларни бош вазир NHS миллий соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга йўналтиришини ваъда қилган эди. Алалоқибат, унинг молия вазири бу мақсадлар учун фуқаролар ва бизнес ҳам пул ташлаши кераклигини эълон қилди — апрелдан солиқ ошади.

Ҳукумат 2025 йилгача қўшимча 30 млрд фунт йиғишни режалаштирмоқда. Бу сумма шу вақт ичида Буюк Британия брекситдан қанча йўқотиши ҳақида айтилган консенсус-прогноздаги билан айнан тенг.

Иммиграция устидан ғалаба

Брексит муваффақиятли бўлган соҳалардан бири иммиграцияни чеклаш бўлди. Мамлакатга кириб келаётганларнинг умумий сони кескин камайди. Чунки европаликлар энди шунчаки кириб келиб яшай олишмайди — улар уч ой ичида иш топишлари лозим бўлади. Иш бўлганда ҳам дуч келган иш эмас, юқори маош тўланувчи иш бўлиши керак.

Брексит туфайли Ла-Маншдан резина қайиқларда сузиб ўтган нолегал мигрантлар сони ўсгани, далаларда ҳосил чириётгани, фураларни ҳайдашга одам топилмаётганига қарамасдан, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш тарафдорларининг бош талабларидан бири бажарилди — чегараларга қулф урилди.

Британияга иммиграция 90 фоизга қулади. Асосан ковид ва брексит туфайли. Британиядаги ЕИ фуқароларида ҳокимиятдагилар ўйлаганидан бир ярим баробар кўп экан. Энди иккита муаммо пайдо бўлди.

Биринчиси — истиснолар қилишга тўғри келмоқда. Ҳоум-офис ҳайдовчилар ва қассобларга вақтинчалик визалар беришга рози бўлди. Чунки ҳайвонларни сўядиган, паррандаларнинг патини юладиган, уларни юк машинасида дўконларга тарқатадиган одам қолмас экан. Ишлайдиган қўллар етишмовчилиги туфайли Британия илк марта рождество байрамига ўзи курка етиштириб бера олмади. Уни Франция ва Польшадан олиб киришди.

Ҳайдалган европаликлар ҳам қайтишга шошилишмаяпти. Улар учун қитъада ҳам иш етарли, маошлар ҳам қарийб шунча ва қоғозбозликдан озод. Шу сабабли паррандачилик фабрикалари учун эълон қилинган 5 мингта вақтинчалик визага талаб икки баробар кам бўлди, 5 мингта ҳайдовчилик визасига эса 200 тача одам талабгор бўлди, 800 нафар қассоб ўрнига эса йигирматача одам келди.

Британияликлар рождествога 8–9 миллион курка истеъмол қилишади. Сўнгги 15 йил ичида уларнинг барчаси оролда етиштирилган. 2021 йилда брексит туфайли илк марта курка етишмовчилигига дуч келинди.
Фото: Getty Images

Иккинчи муаммо — ЕИнинг жавоби. Британияликлар нафақат бозорларини иммигрантлар учун беркитишди, ўзлари ҳам Европа Иттифоқининг 27 давлатида ҳаракатланиш эркинлиги ва ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди.

Натижада, инглиз архитектори энди Германияда уй қура олмайди, британиялик модел эса бир-икки кунга Италияга съёмка учун бора олмайди. Уларга ишлаш учун рухсатнома керак, бу эса узоқ вақт ва анча пул талаб қилади. Юздан зиёд мусиқачилар ҳукуматга очиқ хат йўллаб, Британияга йилига 100 млрд фунт пул олиб келадиган соҳани «шармандаларча топширганлик»да айблашди.

Қиролликнинг бутунлиги ёки Ирландиянинг бирлашиши

Брексит нафақат Буюк Британия даромадларини, қиролликнинг бутунлигини ҳам таҳдид остига қўйди. Уларни бирлаштириб турган тўрт миллатдан фақат Англия ва Уэлс ҳозирча бирга. Шотландия ва Шимолий Ирландияда брексит марказдан қочувчи куч ҳосил қилган.

Жонсон референдумдан сўнг уч йил ўтгач, ЕИ билан ажралиш шартларини келишишни ваъда қилиб ҳукумат тепасига келди. Ундан аввал ишлаган Тереза Мей бунга эриша олмади, чунки асосий масала — Ирландия масаласини ечишга ожизлик қилди.

Гап шундаки, оролнинг бир қисми — Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллик таркибига киради. У ерда аҳвол тинч эмас, қон тўкилишига нуқта қўйган келишув эса ЕИ таркибига кирувчи Ирландия билан чегаралар бўлмаслигини тақозо этади.

Шимолий Ирландиядаги тартибсизликлар.
Фото: AFP

Шимолий Ирландияда яна тартибсизликлар рўй бермоқда. Юнонистларга ҳам, лоялистларга ҳам, республикачиларга ҳам Борис Жонсон ЕИ билан имзолаган битим ёқмади.

Британия ЕИ аъзоси бўлиб турган чоғда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Брексит яна қироллик чегараларини тиклади, энди эса чегара қаердан ўтиши керак деган савол пайдо бўлди. Орада тўсиқлар барпо этмаслик учун ё бутун Буюк Британияни божхона иттифоқида қолдириш керак эди ёки Шимолий Ирландия ва қолган Британия ўртасида денгиз орқали божхона чегараси ўтказиш керак эди.

Тереза Мэй биринчи вариантдан воз кечди, чунки у брексит руҳиятига зид эди, иккинчисидан ҳам воз кечди — чунки у мамлакат ичида чегара ўрнатилишини тақозо этади. У Буюк Британиянинг ҳеч бир бош вазири бу ишга қўл урмайди, дея ишончи комил эди.

Борис Жонсон бошқача фикрда бўлди. У мамлакат ичида чегара ўрнатилишига рози бўлди ва шу шартларда ЕИ билан келишув имзолади. У мазкур келишувни катта силжиш сифатида тақдим этиб, шу билан сайловларда ғалаба қозонди ва брексит муваффақиятли тамомланди, деб эълон қилди.

Бироқ тез орада маълум бўлдики, ЕИ асло ҳазиллашмаётган экан. Жонсон имзолаган келишув товарларнинг Буюк Британия ичида божхона расмийлаштирувидан ўтишини талаб қилар экан, Жонсон эса ҳеч қанақа текширувлар бўлмайди, дея қасам ичиб ваъда берган эди.

Натижа ЕИ билан узоқ тортишувлар, янги имзоланган келишувни қайта кўриб чиқишга уриниш, муваффақиятсизликка учраш, бош музокарачи Дэфид Фростнинг қочиб кетиши ва музокараларда қисман капитуляция бўлиш билан якунланди.

Энди шотландияликлар ортидан ирландияликлар ҳам Англиядан ажралиб чиқишни истаб қолишди. Сўнгги сўровномаларга кўра, Шимолий Ирландияда 67 фоиз аҳоли брексит оролнинг бирлашишини яқинлаштирди деб ҳисоблайди, яна 53 фоиз киши бу борадаги референдум яқин 10 йил ичида юз беришини тахмин қилмоқда. Жанубий Ирландиядагилар эса 62 фоиз аҳоли Шимолий Ирландия билан қўшилишни ёқлашмоқда.

Британиянинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни

Брексит Британиянинг етакчи савдо ва дипломатик ролини тиклаш учун Европа Иттифоқи йўлидан воз кечиш сифатида тақдим этилган эди. Хўш, нимага эришилди?

Янги зеландиялик фермерлар Британия бозорини ўзларининг бутун дунёга машҳур маҳсулоти билан тўлдириб ташлашмоқчи. Британиялик чорвадорлар брекситдан бошқа нарсани кутишган эди.
Фото: AFP

Савдо соҳасида Британия бошқа мамлакатлар билан шу вақтгача уни боқиб келган энг яқин, энг бой ва харидорлари кўп бўлган Европа бозорига чиқиш ўрнини боса олувчи бирор манфаатли битим тузишни уддалай олмади.

Шу давр ичида имзоланган савдо келишувлари ё европаникининг ғирт нусхаси ёки иложсизликдан капитуляция эди. Аввал Британия савдо иттифоқларини ярим миллиард юқори маош олувчи аҳолига эга, жаҳоннинг иккинчи иқтисодиёти номидан имзолаган бўлса, энди эмиссарлар дунё бўйлаб Европанинг бир четидаги, 66 млн аҳолига эга давлат номидан мижоз овлашга маҳкум этилди.

Натижада янги савдо битимлари бир пайтлар Британия ҳеч қачон рози бўлмайдиган ён беришларга тўла. Британиялик фермерлар шу сабабли Австралия ва Янги Зеландия билан имзоланган келишувларни безовталик ва кўзда ёш билан ўқимай иложи йўқ.

Брекситнинг бош ташқи савдо соврини — АҚШ билан эркин савдо қилиши ҳаттоки муҳокама ҳам қилинмаяпти. Америка ўз иттифоқчиси ва собиқ метрополиясига илиқ муносабатда, бироқ улар Ирландияни ҳам кам севишмайди, бу ҳақда Жо Байден бир неча бор такрорлаган. Юқорида тилга олинган Ирландия масаласи ечилмас экан, АҚШ билан савдо битими тузишнинг иложи йўқ.

Шундан сўнг ҳам уни манфаатли деб атаб бўлмайди, юқорида саналган сабаблар туфайли. Америка иқтисодиёти Британияникидан 7 баробар катта, савдо музокараларида эса ўлчам катта аҳамиятга эга.

Британиянинг жаҳон сиёсатидаги ўрни

ЕИ билан ажралиш Британиянинг жаҳон сиёсатидаги ролини ҳам ўзгартирди. У ҳамон ядровий барқудрат давлат, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан бири. Лекин у энди кўпроқ инглиз тилли ва узоқдаги АҚШ ва Австралиянинг иттифоқчиси, уларнинг бош таҳдиди эса Осиёдан.

Брекситдан сўнг Британия хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик масалаларида ЕИдан узоқлашиб, АҚШга яқинлашди.
Фото: Getty Images

Европа фронтида Британиянинг товуши тобора пастроқ эшитилмоқда.

Яхши бир мисол — ЕИ ва Россия муносабатларининг яқиндаги кескинлашуви. Бир неча йил аввал, Қрим аннексия қилинганда Британия Владимир Путин ва унинг Европа шарқини таъсир ҳудудларига бўлиб олишга бўлган уринишларини танқид қилувчилар орасида биринчи қаторда эди.

Энди эса Лондоннинг овози асосан АҚШга ҳамоҳанг тарзда, аммо бироз пастроқ янграмоқда, Европа етакчилари хори ичида эса ядровий жомадони борлигига қарамасдан, Борис Жонсоннинг овози билинмаяпти.

Ички сиёсат

Модомики жаҳон аренасида ишлар авж эмас экан, балким брексит ички сиёсатда катта дивидендлар олиб келгандир?

Аввалига — ҳа. У журналист ва шаҳар бошлиғи Жонсонни парламентда кенг ўринга эга бўлган бош вазирга айлантирди.

Бироқ, сайловчиларнинг Европа фронтидаги тушунарсиз ғалабалар ҳақидаги ҳисоботларга қизиқиши ўлиб, улар ички ишларга кўпроқ эътибор бера бошлашади. Бу ерда эса Борис Жонсон жиддий муаммоларга рўпара бўлган. Ковид, жанжаллар, оширилган солиқлар, инфляция, бой берилган сайловлар.

ЕИдан чиқиш учун овоз берганларнинг ҳам ишончи ўлмоқда. Яқинда ўтказилган сўровнома евроскептикларнинг аксарияти Жонсондан норози эканини аён қилди. 2019 йилнинг ёзида улар 74 фоиз эди, пандемия келганда улар 86 фоизгача кўтарилди, энди 38 фоизни ташкил этмоқда. Брекситга қарши овоз берганлар ичида эса розилар сони бир неча баробар кам.

Жонсон сайловни «брекситни якунлаймиз» ва «кучли иқтисодиёт» шиорлари билан ютган. Икки йил ўтгач ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Фото: AFP

Перманент брексит ва ЕИ сиймосидаги ташқи душман билан туганмас жанг ички фронтда тобора камроқ очко олиб келмоқда. Савдонинг қисқариши туфайли кўрилаётган зарар аҳолининг даромадларини пасайтириб, норозилар сафини кўпайтирмоқда.

Энди нима бўлади?

Брекситнинг иқтисодий оқибатлари энди-энди бўй кўрсата бошлади. Янги 2022 йилда савдода янги тўсиқлар пайдо бўлади, бу эса шубҳасиз Британия бизнеси ва аҳолиси даромадларини қисқартиради.

«Бир йилгина ўтди, брекситнинг Британия иқтисодиётига зиёни тобора равшанлашмоқда, — деб ёзади бу масалада энг катта экспертлардан бири, The UK in a Changing Europe тадқиқот маркази раҳбари Ананд Менон. — Бироқ Жонсоннинг таъкидларига терс ўлароқ, брекситнинг кўп деталлари, зарар ёки фойданинг якуни ҳажми ҳали аниқ эмас».

Манзарани тўлиқ кўришга ковид оқибатлари ва савдода кўплаб чекловларнинг вақтинча ортга сурилиши халақит бермоқда. Лекин булар вақтинча.

«Пандемиянинг таъсири тез орада йўқ бўлади, лекин брекситнинг оқибатлари қолади. Айрим соҳаларда, масалан савдо-сотиқ ва миграцияда оқибатлар баттарлашаверади», — дея огоҳлантиришмоқда The UK in a Changing Europe иқтисодчилари.

Борис Жонсон ўз партиясини 2019 йилги сайловларда «Get Brexit Done» дея брекситни якунлаш ваъдаси билан ишончли ғалабага олиб келди.

«Брексит ҳали тугаган эмас, — дея Британиянинг дастлабки йилдаги эркин сузишини якунлар экан Ананд Менон. — Ҳали энг қизиқлари олдинда».

Мавзуга оид