Тоғда топилган скелетлар: сирли қотиллик қандай фош қилинганди?
Сирли қўшалоқ скелет
1993 йилнинг эрта баҳорида Тожикистоннинг Исфара шаҳридан тахминан 10 км масофада жойлашган тоғ бағридан чўпонлар одам суякларини топиб олишади. Бу ҳақда дарҳол Исфара туман ички ишлар бўлимига хабар берилади. Бироқ суяклар топилган жойга етиб келган тожикистонлик тезкор ходимлар бу ҳудуд қўшни Ўзбекистон Республикасига тегишли эканини аниқлайди. Шу туфайли, тартибга мувофиқ Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИБга хабар берилади.
Воқеа жойига вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, туман прокурори, прокурор-криминалист, прокуратура терговчиси, суд-тиббиёт эксперти ва ИИБ тезкор ходимлари зудлик билан етиб боради.
Тергов гуруҳи қизиқ манзарага дуч келади – Шўрсув аҳоли пунктидан тахминан 14 км узоқликдаги тоғ чўққилари орасидаги қўлбола қабр Тожикистоннинг Исфара тумани билан чегара жойда қазилган эди. Бу терговни чалғитиш учун қилинганмикан?
Яқин орада аҳоли яшаш пункти йўқ бўлиб, Исфарага қарашли энг яқин қишлоқ бу ердан 7 км масофада жойлашганди.
Қабр атрофидаги 10 квадрат метр масофада одам қовурғалари сочилиб ётар, қабрнинг ўзидан ҳам суяклар чиқиб турарди. Балки, ёввойи ҳайвонлар ҳид олиб, кўмилган жойни қазиб ташламаганида ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб кетармиди...
Кўздан кечириш чоғида иккита бош суяги топилди.
Жасадлар чуқурликка ноодатий усулда – худди ўйин карталаридаги фигуралар каби оёқлари бир-бирларига узатилган ҳолда кўмилганди.
Табиий ўлимми ёки қотиллик?
Скелетлар эҳтиёткорлик билан чуқурликдан чиқариб олинди. Марҳумларнинг жинсини, ёшини, шахсини, вафот этиш вақти ва сабаби, дафн этиш вақти кабиларга аниқлик киритиш мақсадида экспертиза тайинланди.
Воқеа жойини кўздан кечириш ва кейинги тергов босқичларида ҳам тезкор ходимлар томонидан «Бу – табиий ўлим ва оддий дафн қилиш» деган фикрлар бир неча бор янграйди. Дарҳақиқат, тоғли жойларда дайдиларни вафот этган жойида дафн этиш ҳолатлари бир неча бор кузатилганди. Лекин терговчининг ички ишончи бу жиноят эканини айтиб турарди. Ҳали бир қарорга келиш учун етарли фурсат бўлса-да, ушбу ички ишонч шу куниёқ Жиноят кодексининг 80-моддаси (Кодекснинг аввалги таҳририда қасддан одам ўлдириш жинояти 80-моддада назарда тутилган эди) билан жиноят иши қўзғатишга туртки бўлди.
Бедарак йўқолганлардан «нажот» бўлмади
Терговнинг дастлабки кунлариданоқ ҳолат бўйича маълумот тўплаш учун Ўзбекистон тумани ИИБнинг деярли барча тармоқ ходимлари ва кенг жамоатчилик жалб этилди. Маҳаллий матбуотда эълонлар жойланди. Барча қўшни туманлар, шунингдек Андижон, Наманган, Хўжанд ва Ўш вилоятларида фуқароларнинг бедарак йўқолганлиги фактларини ўрганиш учун ИИБ тезкор ходимлари хизмат сафарларига жўнатилди.
Суд-тиббиёт эксперти ўрганиш учун олинган скелетларда айрим суяклар йўқлигини маълум қилди. Бунга қўшимча равишда кўмилган жойдан ҳеч қандай кийим деталлари топилмагани сабабли воқеа жойини қайта кўздан кечиришга зарурат туғилди.
«Қабр»га қайта ташриф буюрган гуруҳ эрталабдан кечгача ён-атрофни тўғри маънода элакдан ўтказди. Яъни атрофдаги ҳар бир тупроқ зарраси элакдан ўтказиб чиқилди. Синчковлик билан олиб борилган изланишлар ўз самарасини берди – скелетларга тегишли яна 49та қолдиқ топилди. Улар орасида 5та табиий ва битта металл қопламали тиш ҳам бор эди.
Қайта ўрганиш жараёнида ҳам бирорта кийим бўлаги ёки унга тегишли детал топилмагани – жасадлар кийимсиз кўмилгани тўғрисида хулоса беради. Бу хулоса марҳумлар қотиллик қурбони бўлган, деган фикрни янада мустаҳкамлади.
Ягона белги – металл тиш
Ҳозирча қўлга киритилган ягона фарқловчи белги – бу марҳумлардан бирига тегишли бўлган металл қопламали жағ тиши эди. Қолган нарсалар барча одамларда бўладиган суяклар бўлиб, улардан марҳумни ажратиб олиш имконсиз эди.
Қолаверса, қўшни туман ва вилоятларда бедарак йўқолган шахслар бўйича ишларни ўрганиб чиқиш ҳеч қандай натижа бермади. Бедарак йўқолганлар орасида ҳикоя қаҳрамонлари бўлган скелетларга ўхшаши топилмайди.
Сомон ичидан игна қидириш
Кўплаб чоралар самарасиз якунланганига қарамай, жиноятни фош этиш мақсадидан бир қадам ҳам ортга чекинмаган терговчилар тезкор-қидирув фаолиятини янги йўналишга кўчиради. Эндиликда бор эътибор скелетлар топилган ҳудуд атрофидаги аҳоли пунктларида ишлашга қаратилади.
Кенг қамровли тадбирлар жараёнида фуқароларнинг бедарак йўқолиши, ҳудудларга меҳмонларнинг келиб-кетиши, қишлоқдагиларнинг сафарларга бориб келиши билан боғлиқ ҳар бир факт, воқеа чуқур ўрганиб чиқилади.
Калаванинг учи
Ён-атрофдаги ҳудудларда бедарак йўқолганлик ҳақидаги эълонлар билан скелетларга алоқадорлик мавжуд эмасди. Бу ҳолат терговчиларни ҳудудларга узоқроқ ўлкалардан меҳмонларнинг келиш-кетиш тарихини ўрганишга ундади.
Тўғри йўналишга тушган изланишлар ўз натижасини бера бошлади. Узоқ давом этган суриштирув ва сўроқлар доирасида Фарғона водийсида жойлашган Офтобрўй қишлоғи (Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Исфара туманидаги қишлоқ)да яшовчи Собит Ғаниев (исмлар ўзгартирилган)нинг хонадонига 1992 йили россиялик икки нафар ёш йигит меҳмон бўлиб келгани маълум бўлади.
Дастлабки сўроқ жараёнида мезбон «уйига россиялик «Гена» ва «Саша» исмли дўстлари меҳмон бўлиб келишгани, 2-3 кун туриб, Россияга қайтиб кетишгани, Исфарага келишдан мақсадлари ўрик қоқисини харид қилиб, Твер шаҳрига жўнатиш бўлгани»ни хотиржам сўзлаб беради. Шу билан у «бошқа ҳеч нарсани билмаслиги»ни айтиб туриб олади.
Шунинг ўзи тергов учун катта маълумот эди. Зудлик билан Россиянинг Твер шаҳридан бедарак йўқолган фуқаролар ҳақида маълумот сўралади. Ички ишлар бошқармасига 1964 йилда туғилган Игнатий Можайский ва 1968 йилда туғилган Александр Песков бедарак йўқолгани ҳақида маълумот етиб келади.
Ғишт қолипдан кўчди
Рус йигитларнинг иккиси ҳам «Агростройбизнес» кичик корхонасида ишлагани ва 1992 йилда поезд билан Марказий Осиёга жўнаб кетганича бедарак йўқолгани маълум бўлади. Игнатий Можайскийнинг белгилари орасида юқори жағида металл қопламали тиши борлиги айтилади. Скелетлардан бири Игнатийга тегишлилиги ойдинлашади.
Можайский ва Песковнинг қариндошлари Фарғона вилоят прокуратурасига таклиф этилади.
Скелетлар топилганидан 35 кун ўтиб, 1993 йил 15 май куни Тожикистон фуқароси, 1968 йилда туғилган, ишсиз Собит Ғаниев Тожикистон прокуратураси розилиги билан жиноят ишига гумон қилинувчи сифатида жалб қилиниб, ҳибсга олинади.
Шу куниёқ унинг хонадонида тинтув ўтказилиб, марҳумларга тегишли бир неча буюм топилади. Жумладан, Игнатийнинг отаси ўғлига тегишли бўлган ҳамённи, Александрнинг отаси эса ўғлига совға қилган чўмилиш кийимини таниб олади...
Шу тариқа, жабрланувчиларнинг шахсига тўла аниқлик киритилади. Лекин ҳали Ғаниевни айблаш учун далиллар етарли эмас эди.
Дастлаб Ғаниев терговни чалғитиш учун бошқача кўрсатмалар беради. Бироқ ёлғон кўрсатмалар воқеликка мос келмагани ҳамда исботлаб берилмагани учун терговчилар томонидан пучга чиқарилади. Орадан 2 кун ўтиб, Ғаниев ўз жиноий қилмишини тан олади.
Пул учун жувонмарг бўлганлар
Ғаниев терговга ўз жиноятининг мақсад ва тафсилотларини аниқ қилиб сўзлаб беради.
1992 йилнинг 11 июн куни ўрик қоқиси харид қилиш ва Тверга жўнатиш учун келган танишлари Можайский ва Песков ўзлари билан 300 минг сўм (ўша даврда катта пул) олиб келганини эшитган Ғаниевнинг нияти бузилади. Ўша куни меҳмонларнинг илтимосига биноан уларни ўз мотоциклида тоғга дам олиш учун олиб чиқади.
Ғаниев меҳмонлар учун табиат қўйнида кичик зиёфат ташкил этади. У меҳмонларини айниқса ароқ билан роса «сийлайди». Йигитлар ичкиликдан ўзларини билмайдиган ҳолатга келганидан фойдаланган Ғаниев уларни пичоқ билан ўлдиради. Жиноятни яшириш учун йигитларни ўзи қазган чуқурга кўмиб ташлайди ва из қолдирмаслик учун уларнинг кийимларини нарироқда ёқиб юборади. Ҳамёндаги пулларни ўз эҳтиёжига ишлатган Ғаниев эътиборсизлик қилиб, камарни ўз уйида қолдирган эди.
Гумон қилинувчининг сўзлари воқеа жойига олиб чиқиб, текшириб кўрилади. Воқеаларни жонлантириш орқали унинг кўрсатмалари реалликка мос келиши маълум бўлади.
Жиноят учун жазо
Прокурор, терговчи ва тезкор ходимларнинг маҳорати билан ишга оид кўплаб далиллар тўпланади. Жиноят иши доирасида ўтказилган жами 17 турдаги экспертиза, мутахассисларнинг хулосалари, тезкор-қидирув маълумотлари натижасида жиноят иши анчагина «семирган» эди.
Ғаниев ўз айбига тўла иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдиради. Тергов унга нисбатан И.Можайский ва А.Песковни ғаразли ниятда қасддан ўлдирганлик бўйича айблов эълон қилиб, ишни судга оширади.
Фарғона вилоят суди жиноят иши бўйича судланувчи С.Ғаниевни айбдор деб топиб, уни олий жазо – отиб ўлдиришга ҳукм қилади (Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йилдан бекор қилинган). Иш апелляция судида ҳам кўрилади ва ўзгаришсиз қолдирилади. Якунда жазо ижро этилади. Пул учун икки навқирон йигитни ўлдирган жиноятчининг қисмати ҳам аянчли якун топади.
Аббос Салайдинов тайёрлади
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
17:54 / 17.12.2024
Фарғона вилоятида Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан шуғулланганлар қўлга олинди
16:51 / 16.12.2024