Жаҳон | 21:36 / 10.01.2022
49016
1 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистондаги тартибсизликларда қайси мамлакатлардан иштирокчилар бўлганини айтди

Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, ҳужумлардан мақсад мамлакатда бошбошдоқликни вужудга келтириш ва ҳокимиятни ағдариш бўлган.  

Фото: «Inbusiness.kz»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел билан мулоқотида мамлакатдаги тартибсизликларда хорижлик террорчилар қатнашганини айтди.

Тўқаев бўлиб ўтган ҳодисаларни тажовузкорлик акти деб атади.

«Бу Қозоғистонга қарши хорижлик, асосан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Афғонистондан бўлган жангарилар иштирокидаги яхши ташкиллаштирилган ва тайёрланган тажовузкорлик акти. Шунингдек, Яқин Шарқдан ҳам жангарилар бўлган», — деди у.

Қозоғистон президенти ҳужумлардан мақсад мамлакатда бошбошдоқликни вужудга келтириш ва ҳокимиятни ағдариш бўлганини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, шу боис республикада контртеррор операцияси ўтказишга қарор қилинган.

Тўқаевнинг таъкидлашича, КХШТ тинчликпарвар кучлари жанговар ҳаракатларда иштирок этмайди.

«Улар Қозоғистонда вазият тўлиқ барқарорлашгунига қадар бўлиб туришади», — деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Мавзуга оид