Ўзбекистон | 20:48 / 13.01.2022
21264
2 дақиқада ўқилади

«Ашаддий қоидабузарларни уч, беш йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак» - блогер «Малибу» воқеасига муносабат билдирди

Никита Макаренконинг фикрича, ашаддий қоидабузарларни уч, беш йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак.

Фото: Никита Макаренко

Тошкентда ички ишлар ходимлари йўл қоидаларини қўпол бузган “Малибу”ни тўхтатиш учун қурол қўллагани хабар қилинган, автомобиль ҳайдовчиси UzReport TV'га берган интервьюсида воқеадан олдин Билдирсойда дам олиб, ароқ ва пиво ичиб, “ўчиб қолгани”ни айтганди. Журналист ва блогер Никита Макаренко мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

“Бизнинг давлатимиз – дунёдаги энг либерал давлат!

Қаранг. Бизда қаҳрамон бор. 7 январ куни ўқ отиб тўхтатилган “Малибу”нинг маст ҳайдовчиси.

У 2006 йилда ЙТҲ содир этгани учун жиноят иши очилиб судланган. Иш ярашув билан тугаган. 2007 йилда яна ЙТҲ бўйича судланган. Иш амнистия доирасида тугатилган. 2021 йилда 7,9 миллион сўмлик жаримага тортилган ва ҳеч нарса бўлмади – пулини тўлаб, ялло қилмоқда.

Энди эса 219-модда – “бўйсунмаслик” бўйича судланади. Бунинг учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солинади.

Ҳаттоки, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам олиб қўйилмайди! Амаки яна сайр қилишда давом этади”, дея эътироз билдирган блогер.

Макаренконинг фикрича, уни уч, беш йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак.

“Қоида бузишлар йиғилиб, узоқ муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинишга олиб келиши керак. Қайтадан ўқиб, имтиҳон топшириши лозим. Ҳозиргидек пулини тўлаб, йўлида давом этиш эмас.

Россияда 1 январдан жорий этилганидек, такроран тезликни қасддан оширгани ёки қарама-қарши йўлга чиққани учун уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш керак.

Биз жуда либерал давлатмиз. Барча қотилларни қатъиян огоҳлантирамиз ва қўйиб юборамиз”, дея хулоса қилади Макаренко.

Маълум қилинишича, мазкур ҳайдовчига нисбатан Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) асосида очилган иш бўйича тергов кетмоқда.

Мавзуга оид