Спорт | 19:40 / 13.01.2022
31924
22 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян: «Айбим – мухлисларга ўз вақтида тушунтириш бермаганим!» 

- Клуб миқёсида Ўзбекистонда барча совринларни ютган, клубдаги турли лавозимларда ишлаб, МДҲ ва Осиёда энг барқарор ва рақобатбардош жамоалардан бирини шакллантирган;

- Ўзбекистон миллий жамоаси билан жаҳон чемпионати сари юришини кутилганидан ҳам аъло бошлаб, рекорд қайд этган, мухлисларда ишонч уйғотган, кейин эса кетма-кет қониқарсиз натижалар қайд этиб, қисқа вақт ичида айнан ўша мухлислар нафратига сабаб бўлган;

- ЎФАнинг ўша пайтдаги раҳбарияти томонидан футболдан бир умр четлатилган ва Юрмалада қўним топган;

- Ўзбекистон мураббийлари орасида Хитой Суперлигасида бош мураббий сифатида ишлаган илк легионер мураббий;

- Тошкентнинг «Локомотив» жамоасида ишлаган ва эндиликда «Навбаҳор» бош мураббийи;

Бу таржимаи ҳол эгаси, англаганингиздек, Самвел Бабаян. Кўп йиллар давомида сукутни афзал кўрган мутахассис ниҳоят барча саволларга ойдинлик киритишга қарор қилди. Наманганда янги мавсумга тайёргарлик кўраётган мураббий Tribuna.uz ва Kun.uz мухбирига эксклюзив интервью берди. Интервьюда у миллий жамоага дахлдор кўплаб оғриқли саволларга жавоб берди, фаолияти ва айни кунлардаги ишлари ҳақида ҳам гапирди.

«Навбаҳор» авторитетга айлансагина, маҳаллий ёшлар шу ерда қолишга интилади»

- Ҳар бир одамнинг ўз орзулари бор. Мен ўз олдимга қўйган мақсадларимга эътибор билан қарайман. Футболдаги илк қадамларимни Наманганда қўйганман. 1995 ва 1998 йилларда Ўзбекистон кубогини қўлга киритганмиз, 1996 йилда эса чемпион бўлганмиз. Бу тарих, анъаналар, бу ғалабаларда мен жамоа билан бирга эдим. 2019 йилда «Локомотив» бош мураббийлигидаги сўнгги ўйинларимнинг биридан кейин мен қачондир албатта Наманганда ишлашимни айтиб ўтгандим. Ўша пайтда аниқ таклиф ва режа йўқ эди, шунчаки ўз истагимни айтгандим. Мана, мен бугун шу ердаман. Клуб ва вилоят ҳокимининг амбициялари бор ва буни амалга ошириш учун шу ердаман. Илк музокараларимиз бир йил аввал бўлганди. Бироқ ўшанда хориждан таклифлар борлиги учун аниқ бир тўхтамга кела олмагандик. Пандемия туфайли хорижда ишлаш имконияти йўққа чиқди. Очиғини айтганда, ҳозир ҳам Хитойдан таклифлар бор, аниқроқ айтадиган бўлсам, Суперлига клубидан. Бу масалага карантин чекловлари олиб ташлангач яна қайтамиз, бу борада агент билан келишувимиз бор. Ҳозир мен «Навбаҳор» билан келишганман. Ярим йил бу ерда мураббий ёрдамчиси бўлиб ишладим, вазиятни кузатдим, ўргандим ва мана, вақти келди, бош мураббийман.

«Вилоят ҳокими «Навбаҳор» учун барча шароитларни муҳайё қилган»

- Табиийки, салкам бир йил давомида клуб билан бирга бўлганим менга жамоадаги ҳолат, муаммолар, инфраструктура, таркиб ва бошқа масалалар билан танишиб олишимга имкон берди. Жорий йил учун менда аниқ режалар ва база бор. Шартномам 1 йилга мўлжалланган ва мана шу вақт орасида мен жамоани Ўзбекистон футболи элитасига, лидерлари қаторига қайтармоқчиман. Айни пайтда вилоят ҳокими амбициялари жамоадаги ҳолат билан мос келади. Шартномам шартларини очиқлай олмайман, аммо бемалол айтишим мумкинки, вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов «Навбаҳор» учун барча шароитларни муҳайё қилган.

«Йиллик бюджет 40-50 млрд атрофида»

- Жамоа бюджети тахминан 40-50 миллиард сўм атрофида бўлади. Бизга шиширилган бюджет керак эмас. Оптимал бюджетдан оқилона фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Биз таркибга легионерлар ва тажрибали футболчиларни жалб қилиш билан бирга маҳаллий ёш футболчиларга ҳам эътибор қаратмоқчимиз. Наманганда улғайган ва шу ерда футболчи сифатида шаклланган ёшлар бошқа жамоаларга кетиб қолмаслиги, «Навбаҳор» улар учун авторитет бўлиши, улар шу жамоада ўйнашни исташига эришиш асосий вазифаларимиздан бири. Мен интернат билан танишдим. Ростини айтганда, бу ердаги шароитларни Тошкентдаги интернатда ҳам кўрмадим. Биз тажрибали, номдор футболчилар ёнига ёш ва иқтидорли йигитларни қўшиб, мутаносибликни таъминламоқчимиз.

Фото: Tribuna.uz

Легионерлар, шартномалар, ишонч, муносабатлар

- Ҳа, футболимизда пул ювиш учун легионерлар таклиф қиладиган клублар бор. Ўша клублар бу билан ўзларини қарз ботқоғига ботирадилар. Биз бундай иш қилмаймиз. Бу ҳаммаси клуб раҳбари ва менежментнинг даражасига боғлиқ. Мана, дейлик, мураббийлар ва ҳакамлар учун мезонлар бор: турли тестлар топширишади, маълум қонун-қоидаларга бўйсунишади. Аммо клублар раҳбарлари ва менежерлари учун лозим мезонлар йўқ. Уқувсиз раҳбарлар ва ходимлар жамоани қийин аҳволга солиб қўядиган, қарзга ботирадиган шартномалар имзолашади. Эртами, кечми, бу муаммо ҳам барҳам топади. Билишимча, клублар легионерлар билан тузажак шартномаларини ЎФА юридик хизмати текшириши ҳақида Ассоциация раҳбариятига топшириқ берилган. «Навбаҳор»да худди шундай амалиёт бўлди ва бундан кейин ҳам ЎФАдагилар бу борада биз билан ҳамкорлик қилишини билиб олдик.

Ўзбекистон футболидаги илк профессионал шартнома 2002 йилда «Пахтакор»да пайдо бўлган. Яширадиган жойим йўқ – мен яхши алоқаларим туфайли Москванинг «Спартак» клуби шартномасидан нусха олганман. Ўшангача қисқагина шартлар билан тўлдирилган оддий бир варақ қоғоз шартнома ҳисобланарди. У шартномада барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар кўрсатилмаган эди.

«Ойига 20 минг долларгача маош олган футболчилар бор эди»

- Шартномалар билан футболчиларни манипуляция қилганманми? Йўқ! «Пахтакор»нинг барча футболчилари билан ўзаро ишонч биринчи ўринда эди. Футболчилар шунчалик ишонар эдиларки, шартномага ҳатто қараб ҳам қўйишмасди. Албатта, бу ишончни биз оқлаганмиз, акс ҳолда бундайин муносабатнинг имкони йўқ. Яна бир нарса: ёш тарбияланувчилар билан узоқ муддатли шартнома тузиш амалиётини ҳам илк бор «Пахтакор» қўллаган эди. ФИФАнинг рухсати билан узоғи 5 йиллик шартнома имзолаш мумкин, биз ана шунча муддатга шартнома тузардик. Футболчини клуб тарбиялайди, катта футболга йўллайди, кўп йиллар давомида футболчига ҳамма нарса беради, бунга жавобан футболчи ҳам клубга қарзини қайтариши лозим. Йиллар давомида бир футболчига меҳр бериб тарбияланг-у, у улғайгач бошқа жамоага кетворса адолатдан эмас-да. Бундан ташқари, биз ўсиб борадиган маошларни назарда тутадиган шартномалар тузар эдик. Бу футболчига қўшимча рағбат берар эди. Масалан, бирор футболчи асосий таркибнинг доимий аъзосига айланса, Миллий жамоага чақирув олса, биз автоматик равишда унинг маошини кўтарардик, ахир катта футболчининг оддий тинейджер оладиган маош билан ўтириши тўғри эмас-да!

Ҳеч қачон футболчиларнинг маошларини ўйнаган дақиқаларига боғлаб қўймаганман. Замонавий футболда мана шундай шартномалар бор ва бу оддий ҳол. Ҳа, жамоада маошларни ўз вақтида тўлаш борасида муаммолар бўлган, кимда бўлмаган дейсиз. Аммо айрим жамоаларда бўлгани каби «Пахтакор» футболчилари ҳеч қачон клуб ичидаги муаммоларни ташқарига олиб чиқиб, кимлардандир ёрдам сўраб юрмаганлар, чунки қарздорликни биз ҳеч қачон кейинги йилга ўтказиб юбормаганмиз. Мавсум якунига қадар нафақат барча футболчилар ёки мураббийлар, балки барча ходимлар билан олди-берди масаласида муаммоларни бартараф этганмиз.

Энг катта маош олган футболчилар легионерлар ва айрим маҳаллий юлдузлар эди. Тафсилотларни айтгим йўқ, умумий айтадиган бўлсам, ойига 20 минг долларгача маош олган футболчилар бор эди.

Фото: Tribuna.uz

«Миллий жамоадан футболчи сотиш учун фойдаланмаганман!»

- Мен миллий жамоага бош мураббий бўлган пайтларимда бунақаси бўлмаган. Бу сотқинлик! Менга қайси клубнинг футболчиси эканлигининг фарқи йўқ. Асосийси унинг ҳолати, қандай формада эканлиги, қай даражада тайёр эканлиги эди. Келинг, мисоллар билан гапирай: Шомуродов ва Машарипов. Жалолиддин менинг ўқувчим, мен тайёрлаган футболчи. Мен уни асосий таркибда ўйнатсам бўларди, аммо Элдор ўйнарди. Ишонинг, Машарипов асосий таркибда туширмаганимдан хафа бўлган пайтлар бўлган. Жавоҳир Соҳибов ва Отабек Шукуровни олайлик. Агар ўз футболчисини ўйнатган, деган теорияга ишонсак, мен Соҳибовни ўйнатишим керак эди, аммо таркибда Шукуров асосий ўйинчи эди, тўғрими? Чунки Шукуров имкониятлари эътибори билан асосий таркиб ўйинчиси эди. Сервер Жепаров асосий таркиб футболчиси эди, мен Жамшид Искандаровни ўйнатсам ҳам бўлар эди-ку, тўғрими?

«Шомуродовни тушунарсиз ва шубҳали одамлардан ҳимоя қилгандим»

- Шомуродовнинг хорижга сотишда менинг алоқам йўқ. Ҳа, мен Элдорга алоқам бор, аммо бошқа тарафдан. Мен уни тушунарсиз одамлардан ҳимоя қилгандим. Мен уни Герман Ткаченкога тавсия қилганман, ахир у ўзбек футболи жавоҳири, у муносиб жамоада ўйнаши лозим эди. У ва унинг иши билан шуғулланган одамларга керакли маслаҳатларни берганман. Шундай пайт бўлдики, унинг атрофида шубҳали одамлар пайдо бўла бошлади. Ана шунда мен уни тўғри йўналтира олдим, деб ўйлайман. У миллий жамоа футболчиси ва мен учун унинг тўғри йўлда кетиши муҳим эди. У ўз орзусига хиёнат қилмади. Унда араб жамоаларидан таклифлар бор эди, аммо у Европа йўналишини танлади ва хато қилмади.

«Аш-Шабоб» клуби раҳбари бир жомадон пул кўтариб келган эди»

- Трансферларда иштирок этганманми? Албатта! Ахир мен ўз жамоам футболчисини трансфер қилишда қандай қилиб қатнашмай? «Пахтакор» трансферлар орқали ўз харажатларининг маълум қисмини қоплар эди. Бугунги кунда футболчининг ривожланиши ва келажагини белгилашда тўғри одамлар қўлида бўлиши жуда муҳим. Масалан, Одил Аҳмедовни харид қилиш учун Саудиянинг «Аш-Шабоб» клуби раҳбари бир жомадон пул кўтариб келган эди. У Одилни жуда яхши кўриб қолган эди. Биз бундай катта пулни кўриб, ўзимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин эди, бироқ бундай бўлмади. Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси муносиб жамоада ўйнаши, мамлакат номини ёйиши лозим. Олдимизда нақд пул билан келган араб жамоаси таклифи бўла туриб, биз аниқ бўлмаган вариантларни танладик, яъни Кипрда йиғин ўтказаётган Москва «Динамо»сига фақатгина кўрик учун бориши, маъқул келса ўша ерда қолиши вариантигина бор эди. Одил учиб кетиши арафасида Ткаченко қўнғироқ қилди: «Анжи» лойиҳаси бор, бу катта лойиҳа, ҳаммаси жиддий, жамоа Москвада яшайди, Гуус Ҳиддинк, Роберто Карлос, Самуэль Это ва бошқа юлдузларни харид қиламиз, Сулаймон Керимовнинг лойиҳаси бу!». Аввалига жиддий қарамадим, лекин Ткаченко мени ишонтирди. Одилнинг бундан кейинги футболчилик фаолиятини яхши биласиз.

Лобанов ва Сергеев ҳақида

- Менинг айбим – ёпилиб олганим. Мен қарорларимни ўз вақтида тушунтирмай хато қилганман, эҳтимол. Бу икки футболчи миллий жамоада ўйнай оладиган рақобатбардош футболчи эди. Шимолий Кореядан учралган 2:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин жамоани қабул қилиб олганимни биласиз. Ўша ўйинда 3 голни иккинчи қаватдан ўтказиб юборганмиз. Игнатий Нестеров менинг футболчим, мен у билан жуда яқинман, оилавий борди-келдимиз бор, лекин мен уни асосий таркибдан чиқариб ташладим. Лобанов эса бизга керакли пайтда барқарор ўйин кўрсатди. Исталган мураббий барқарор ўйин кўрсатаётган дарвозабонни майдонга чиқаради. Мен бош мураббий бўлган даврда Лобанов юқори даражада ўйнади. Фақат охирги икки ўйинда Нестеровни майдонга чиқардим, у ҳам бўлса руҳий томондан муаммолар борлиги учун. Нестеров ҳам ишончимни оқлади. Дарвозабонлар орасидаги рақобатда Лобанов асосий таркибдаги ўрнини меҳнат қилиб қўлга киритди. Икки бора Ўзбекистон чемпиони бўлган, ўша пайтдаги энг яхши дарвозабон эди. Яна ким ўйнасин?

Сергеев масаласига келсак. Ким бундай гап-сўзларни чиқаради, тушунмайман. Ахир у юқори савияли ҳужумчи. Буни у клубдаги ва миллий жамоадаги ўйинлари билан исботлаган-ку. Унинг голлари, айниқса, бизга ғалаба келтирган ёки ўйин тақдирини буриб юборган голлари наҳотки ёдингизда йўқ? У ўша пайтда ҳам яхши эди, ҳозир ҳам яхши – Қозоғистон чемпиони бўлиш ва тўпурар бўлиш орқали у юқори даражадаги футболчи эканлигини ҳаммага аввал ҳам исботлаб бўлган, ҳозир ҳам исботлаяпти. Яна қандай эътироз бўлиши мумкин? Қайтараман, менга ким қаерда ўйнашининг аҳамияти йўқ, менга футболчининг сифатлари муҳим. Игорь нафақат гол уриш, балки прессинг қилиш, тўп учун курашиш, ҳудудларни очишда катта ишни бажарар эди. У жамоа учун жуда фойдали эди.

У руҳий босим остида қолди? Ишончим комил, у бу босимни аллақачон енгиб ўтган, у матонатли, иродали йигит. Уни яхши билган одам сифатида буни ишонч билан айта оламан. Бўлиб ўтган ишлар уни янада саботли қилганига ишонаман. Ортга қараб биз унга тўғри баҳо бера олмаяпмиз, негатив томондан қараяпмиз. Лекин ундай эмас. У энди ЕЧЛда ўйнайди.

ўша саралаш босқичининг охирги ўйинларида гол ура олмаган фақат Игорь эмас эди, бошқалар ҳам гол ура олишмади.

«Мираброр Усмоновдан мени лавозимимдан бўшатишини сўраганман»

- Мен Хитойга қарши ўйиндан кейин ЎФФ раҳбари марҳум Мираброр Усмоновнинг қабулига кирдим: «Мени бўшатинг, катта босим бўляпти, кетганим маъқул!». Бунга жавобан Мираброр Зуфарович Хитойга қарши ўйин унга ёққанини, энг яхши ўйинлардан бири бўлганини ва ишимни давом эттиришим зарурлигини айтди. Айрим нохолис журналистлар кераксиз гап-сўзларни пайдо қилишар, Сергеевга ҳам, менга ҳам керагидан ортиқ босим юклаб, бўлмағур гаплар тарқатишарди...

Босимлар балки йигитларга ҳам таъсир ўтказгандир?! Улар айнан шу босим туфайли яхши вазиятлардан фойдалана олмаган, бўш дарвозага гол уролмаган вазиятлар бўлди. Йигитларда руҳий толиқиш сезилди. Нима ҳам қила олардик, бу миллий жамоа! Жаҳон чемпионатига жуда яқин эканимизни ҳис қилиб тургандик.

«Бирдамлик йўқ эди»

- Миллий жамоада ишга киришишдан аввал мен барчани йиғдим – мураббийлар, журналистлар, мухлисларни ва бир нарсани сўрадим «бирга бўлайлик!». Бошида, ўша машъум мағлубиятгача, яъни 3-босқичнинг 2-раундига қадар бор эди ўша бирдамлик. Кейин эса тузатиб бўлмас хато – Эрон билан ўйин содир бўлди. Биз Кейрушнинг жамоасини ипидан игнасигача ўргандик, мен ёрдамчимни Эроннинг йиғинига ҳам юбордим. Биз ўша вақтда Эронни мағлубиятга учратишга қодир эдик. Еревандаги ўйинга борган ёрдамчим форсларнинг фақат иккинчи рақам сифатида ўйнашга тайёргарлик кўргани ҳақида маълумотлар олиб келди. Ҳаммаси яхши кетаётганди, бироқ...

«Краснодар» Европа лигасида ўйнаяпти, 3:0 ҳисобида олдинда боряпти ва Аҳмедов 93-дақиқада подкат ишлатиб, жароҳат оляпти. Бу энди унинг характери, у жангчи, охиригача ўйнайди. Афсуски, миллий жамоамиз ўйини Одилга боғлиқ эди. Бу жароҳат бизга қаттиқ панд берди. Эҳтимол, Эронга қарши ўша ўйин бурилиш нуқтаси бўлганди. Биз Одилни текширдик, уни оғриқни қолдирувчи укол билан майдонга чиқарсак бўларди, аммо 15 дақиқа ўйнай оларди, холос. Камига, жароҳатини чуқурлаштириб олиши мумкин эди. Эрон билан ўйинда таваккал қилмасликни, Хитой билан ўтадиган ўйинда майдонга чиқариш қарорини қабул қилдим. Эронни биз ҳар жабҳада енгдик, фақат гол уролмадик. Форслар эса стандарт вазиятдан гол уриб, ҳимояда ётиб олишди. Минг афсус, Одил яратиши мумкин бўлган шиддат ва креатив ўша ўйинда бизга етишмади. Хитойга қарши ўйинда Аҳмедов майдонга чиқди ва буткул бошқача ўйин намойиш этиб, ғалаба қозондик.

Эронга қарши ўйиндан кейин юқорида айтганим бирдамлик йўқолди. 15 очко жамғарсак биз ЖЧда ўйнардик. Дастлабки 2 ўйинда 6 очко олдик, Эронни ва Хитойни ютишимиз ва 12 очко жамғаришимиз лозим эди, бу бизнинг ишимизни жуда осонлаштирарди. Жанубий Кореяда ҳам биз 75-дақиқагача яхши ўйнадик. Мана шунақа.

Фото: KUN.UZ

«Қўл остимда ҳозирги даражадаги Шомуродов, Машарипов бўлганидами...»

- Жамоа ғалаба қозонаётгандагина қўллаб-қувватлаш, қарсак чалиш эмас, мағлубиятга учраётганида ҳам ўша алфозда қўллаб-қувватлаш зарур эди. Бизга шу етишмади. Албатта, мен ҳам хатоларга йўл қўйдим. Қўл остимда ҳозирги даражадаги Шомуродов, Машарипов бўлганидами...

«Марчелло Липпи ўйиндан кейин мендан узр сўраганди»

- Ўша жамоанинг кучи етиб борган манзилимиз даражасига мос экан. Эҳтимол, биз бошдан баландроқ ҳам сакрай олардик, аммо омад юз ўгирган вазиятлар ҳам бўлди. Жанубий Кореяга қарши ўйинда Ҳайдаровнинг зарбаси дарвоза тўсинига эмас, дарвозага борганида нима бўларди? Хитойдаги ўйинда биз рақибдан буткул устунлик қилдик, аммо 87-дақиқада шубҳали пенальти белгиланди дарвозамизга. Ҳатто Марчелло Липпи ўйиндан кейин мендан узр сўраганди: «Mister, sorry! Fortuna».

Биз рақобатбардош эдик. Биз Жанубий Корея, Эрон каби грандлар билан тенгма-тенг олишадиган жамоа эдик. Ҳозир-чи? Ҳозирги жамоамизга бир қаранг. Эрон-у Корея қаерда, биз қаердамиз.

Миллий жамоа рулидаги охирги матбуот анжуманидаги ваъдаси ҳақида

- Ҳа, мен бир кун келиб ҳаммасини айтиб бераман, сизлар билмайдиган гапларни очиқлайман, ҳозир мавриди эмас, дегандим. Жуда яхши эслайман. Ваъда бергандим ва бир кун келиб ҳақиқатан ҳам бу ишни амалга ошираман, фақат ҳозир бироз эрта, мени қийнаманг. Охирги матбуот анжуманига кириб келганимда мен буткул ҳориган ва руҳан бўм-бўш эдим. Нима дейишим керак эди? Кимлар учундир боксчилар урадиган қоп бўлиб беришим керакмиди? Ўша нутқимда мен барча муждаларни етказгандим.

Бир ҳолатни эслатай. Охирги ўйин олдидан қай бир журналист савол беряпти: «Сиз ғалаба қозонсангиз ҳам, ЖЧга чиқсангиз ҳам, истеъфога чиқасизми?» Саволга қаранг-да энди. Ахир бу мени мувозанатдан чиқариш, асабимга тегиш, босим ўтказиш учун берилаётган савол-ку. Мен ҳазилга йўйдим.

Яна бир воқеа. МЖ бош мураббийиман ва менга қўнғироқ бўляпти: «Фалончи ўйинчиларни олма, уларнинг клубда муҳим ўйинлари бор». Сенинг клубинг қаерда-ю Ватан жамоаси манфаати қаерда?! Ўйлаб гапиряпсанми? Мен унга яхшигина жавобни бердим, албатта!

Ҳозир ўша пайтда айтолмаган гапларимни айтсам хунук иш бўлади, яъни айбни кимгадир тўнкаб, ўзимни оқлаётгандек бўлиб қоламан.

Миллий жамоага яна бош мураббий бўлишим мумкинми? Биринчидан, бунга лойиқ бўлиш керак. Иккинчидан, жуда катта босим ва стрессга чидамли бўлиш керак. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Футболда ўзбек моделини яратганмиз

- Ҳозир миллий жамоани бошқараётганлар ўша пайтдаги хатолардан хулоса қилиши керак. Бизда ҳар доим яхши жамоа бўлган. Мен бизда яхши ўйинчилар йўқ, футболимиз яхши эмас, болалар футболи мураббийлари яхши ишламайди, деган гапларга қўшилмайман. Бу гапларни гапираётганлар пастроққа тушсин ва вазиятни кузатсин. Менинг иш куним академияни кузатишдан бошланар эди, мен болалар футболи билан яхши танишман. Бизда ҳозир, адашмаётган бўлсам, 30 дан ортиқ ПРО лицензиясига эга мураббий бор. Шунга қарамай биз испанча, нидерландча, португалча, бельгияча тизимлар билан тажрибалар ўтказиб, ривожланишга ҳаракат қилиб кўрдик. «Пахтакор» мисолида биз ўзбекча моделни яратдик. Биз футболчиларни тайёрлашнинг вертикал тизимини яратдик. Мен ўз даврим ҳақида гапиряпман.

Футбол доим ривожланяпти: физика, методика, тезлик, курашувчанлик ортяпти. Эски багаж билан яшашнинг имкони йўқ. Мен доим олдинга интиламан, ўқиб, ўрганаман, бир жойда қотиб қолмасликка ҳаракат қиламан.

Фото: Tribuna.uz

«Орзум ва армоним - давлат раҳбарини жаҳон лидерлари ЖЧ йўлланмаси билан табриклашларини истаган эдим»

- Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз энг катта орзум ва армонимдир. Ўша матбуот анжуманини эслайман. Ўшанда мен энг хоҳлаган нарса мухлисларимизга, халқимизга мундиал йўлланмасини тақдим этиш эди. Мен давлат раҳбарини жаҳон лидерлари Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклашларини истаган эдим. Бизда футболга эътибор жуда юқори. Агар давлат томонидан футболга берилаётган эътиборни оладиган бўлсак, биз бу борада жаҳон чемпионимиз. Футболимиз раҳбари футболни тушунади ва яхши кўради. У яратиб бераётган шароитлар бир кун мевасини беради ва биз, албатта, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришамиз.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Тасвирчи Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид