Спорт | 19:03 / 14.09.2022
16606
3 дақиқада ўқилади

ЎФА журналистга тазйиқ ўтказган Самвел Бабаянга чора кўрди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎФА расмий сайти.

Фото: Tribuna.uz

“Унда Суперлиганинг 18-тури доирасидаги “Сўғдиёна” — “Навбаҳор” учрашуви якунлангандан сўнг “Навбаҳор” футбол клубининг бош мураббийи Самвел Бабаян билан маҳаллий мухлис ҳамда ОAВ вакили иштирокида вужудга келган вазият ўрганиб чиқилди.

2022 йилнинг 10 сентябр куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига Суперлиганинг 18-тури доирасидаги “Сўғдиёна” — “Навбаҳор” учрашуви комиссаридан келиб тушган билдиргига асосан, “Навбаҳор” футбол клубининг бош мураббийи Самвел Бабаян учрашув якунлангандан сўнг матбуот анжумани залига кириш чоғида маҳаллий мухлис билан тортишгани, мазкур ҳолатни ўзининг телефони орқали видеотасвирга тушириб турган Championat.asia сайти фотомухбири Жаҳонгир Файзуллаевни кўриб қолгани, Самвел Бабаян ўз ёрдамчиларига ушбу телефонга ёзилган видеоматериални ўчиришини буюргани, ёрдамчилари эса журналистга тазйиқ ўтказиб, телефондаги ёзувларни ўчиртиришга мажбур қилгани аниқланди.

Мазкур вазият Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида “Навбаҳор” футбол клуби бош мураббийи Самвел Бабаян, Championat.asia сайти фотомухбири Жаҳонгир Файзуллаев, ушбу сайт журналисти Фахриддин Рўзиев иштирокида кўриб чиқилди. Йиғилишда тарафларнинг кўрсатмалари, тақдим этилган маълумотлар асосида Самвел Бабаян этика қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар содир этган деб топилди.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Самвел Бабаянга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Барча мураббий, футболчи, ҳакам ва расмийларга мурожаат қилиб, ҳар қандай вазиятда эҳтиросларга берилмасдан, оғир-вазмин ва профессионал бўлишга чақирамиз. Шу ўринда сизлар ўсиб келаётган ёшлар учун ўрнак-намуна эканликларингизни яна бир бор эслатиб ўтамиз!”, - дейилади ЎФА хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, Жиззахдаги ўйиндан кейин Самвел Бабаян буйруғи билан журналистга тазйиқ ўтказилгани учун “Навбаҳор” бош мураббийининг лицензияси ПФЛ томонидан вақтинчалик қайтариб олингани, клуб расмийларига эса чора кўрилгани ҳақида маълумот берганди. ЎФА қароридан кейин мураббийнинг лицензияси яна қайтарилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид