Спорт | 22:27 / 16.01.2022
19611
6 дақиқада ўқилади

Game. Set. Match. Жокович ва Австралия мавзусига нуқта қўйилди

Дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси Новак Жокович Australian Open'даги 10-совринини бу йил қўлга кирита олмайдиган бўлди. Сербиялик теннисчи Австралия судида ютқазди ва уни депортация қилишди. Узоқ давом этган можаро Жоковичнинг мағлубияти билан якунланди.

Фото: Darrian Traynor/Getty Images

Мельбурн федерал суди «Жоковичнинг иммиграция вазирига қарши иши»ни кўриб чиқди ва сербиялик теннисчининг арзномасини қаноатлантирмади. Олдинроқ Австралия иммиграция вазири Алекс Ҳоук теннисчининг визасини бекор қилганди. Суд теннисчининг ушбу қарорни бекор қилиш бўйича аризасини қаноатлантирмади. Жоковични антиваксер деб ҳисоблаган суд уни мамлакатдаги санитар ҳолатни издан чиқаради деган хулосага келди.

Нега бундай бўлди?

Новак Жокович атрофида можаро 5 январ куни бошланганди. Ўшанда у Австралия визаси билан яшил қитъага келди ва коронавирусга қарши эмланмагани учун мамлакатга киритилмади. 17 январ куни Австралияда «Катта дубулға» таснифидаги мусобақаларнинг биринчиси – Australian Open бошланади. 5 январ куни мамлакатга киритилмаганининг ўзи Жокович учун ёмон сигнал эди, чунки камида бир неча кун машғулотлардан мосуво бўлиши унинг имкониятларини пасайтириб юборарди. Аммо сербиялик спортчининг ҳеч бўлмаса мусобақа бошланишидан бир кун аввал мамлакатга кириш учун уринишлари ҳам бесамар кетди.

10 январ куни Жокович судда ғалаба қозониб, визасини қайтиб олганди. Аммо теннисчи ёлғон кўрсатма бергани ва унинг мамлакатга киритилиши вакцинация жараёнига салбий таъсир қилади деб ҳисоблангани учун Жоковичнинг визаси яна бекор қилинди. Бир муддат карантинга олинган Жокович меҳмонхонада жараён нима билан якунланишини кутишга мажбур бўлди. 16 январ куни Австралия очиқ чемпионатида 9 карра чемпион бўлган Новак Жокович мамлакатдан чиқариб юборилди.

Аэропортда Жоковичга полициячилар ҳамроҳлик қилмоқда. Фото: Reuters

Ҳукуматнинг даъвоси нима?

Дунё спорт жамоатчилиги бу ҳолатда Жоковични қўллаб-қувватлади. Австралия собиқ бош вазири Кевин Радд амалдаги бош вазир Моррисон ҳукуматини популизмда айблади: «Моррисон ҳукумати янгиликлар оламида сарлавҳаларни эгаллаш учун Жоковичнинг визасини бекор қилибди. Бошида унга қанақасига виза берилди бўлмаса? Бунинг барчаси мамлакатда экспресс-тестлар ва коронавирусга қарши бошқа тестлар етишмаётгани, дорихоналардаги бўш расталар учун қилинаётган танқидлардан одамларни чалғитиш учун қилиняпти», деди хусусан ҳукуматнинг собиқ раҳбари.

Аммо Австралия ҳукуматининг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Уларнинг фикрича, коронавирусга қарши вакцина олмаган Новак Жоковичнинг Австралияга киритилиши мамлакатдаги санитар ҳолатни издан чиқаради ва вакцина олишга қарши бўлган антиваксерларни қўзғатиб юборади. Бундан ташқари, Жокович ҳужжатларда Австралияга келишидан аввал 14 кун давомида бир ерда бўлгани ҳақида ёзган. Бироқ Монакода истиқомат қилувчи спортчи Австралияга келгунга қадар Сербия ва Испанияга боришга улгургани маълум бўлди.

Сербия пойтахти Белграддаги ўз сурати акс эттирилган почта маркаси тақдимотида коронавирусга чалинган бўлишига қарамай Жокович ниқобсиз юрган, одамлар билан қўл бериб кўришган, залда болалар ҳам бўлган. Бундан ташқари, у ўзида коронавирус аниқланганини била туриб L’Equpie нашрига интервью берган. Спортчи интервью ваъда қилинган журналист олдида уялиб қолишни истамаганини айтди. Белграддаги тақдимотдаги иштироки бўйича изоҳида эса Жокович ўша вақтда коронавирус юқтирганини билмаганини айтмоқда. Аммо маросим вақтида унинг тести аллақачон мусбат натижа бериб бўлганди.

Провокацион пост

У аллақачон Австралияни тарк этган. Фото: Reuters

Жокович Австралияга кираётганида эмланмаслик учун тиббий рухсатномаси борлигини айтиб, ушбу мазмундаги ҳужжатни кўрсатади. Аммо ҳужжатда нега вакцина олмаслигини изоҳловчи шикофорлар хулосаси бўлмайди. Австралия ҳукумати охирги дақиқаларгача шундай хулоса сўрашади, аммо Жокович уни тақдим эта олмайди. Афтидан, у шунчаки қайсарлиги учун вакцина олмаяпти.

Австралияга ҳам Жокович муаммосиз кириши мумкин эди, агар иккита катта ЛЕКИН бўлмаганда. Биринчидан, топ-100 рейтингидаги теннисчиларнинг 97 фоизи коронавирусга қарши эмланган. Уларнинг аксари вакцинани ўз хоҳиши билан эмас, мажбуран олган. Яна бир жиддий муаммо – Жоковичнинг Мельбурнга боришидан олдин инстаграмга жойлаган пости бўлди. Ўша постида Жокович унга коронавирусга қарши вакцина олмасликка истисно сифатида рухсат беришганини ёзганди. Бу эса австралиялик сиёсатчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Эндиликда Australian Open қироли нафақат бу йилги мусобақани ўтказиб юбориши, балки кейинги уч йил давомида мамлакатга киритилмаслиги ҳам мумкин. Унинг ташрифи Австралия учун фойдали деб топилсагина чеклов бекор қилинади.

Биринчи суд қарори бекор қилинмади

Новак Жокович ниқоб таққан ҳолда ўз адвокати офисига кетмоқда. Tania Lee / AFP / Scanpix / LETA

Мельбурн федерал суди Жоковични якуний тарзда депортация қилиш бўйича қарор чиқаргач, бир нарсага эътибор беришни сўради: Жоковичга визасини қайтариб бериш бўйича олдинги суд қарори бекор қилинмади. Бу гал шунчаки Австралия иммиграция вазири ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда Жоковични депортация қилишга қарор чиқарган деб топди. Яъни суд олдинги қарорини бекор қилмади, иммиграция вазири устидан берилган аризани рад этди.

Ўз навбатида, Австралия иммиграция вазири ҳам Жоковични антиваксер деб айтганига қарамай, бунга ҳуқуқий исбот келтира олмади. Вазир Жокович 2020 йил вакцина олишга қарши эканини айтиб интервью берганини асос қилиб келтирган. Теннисчининг юристи эса Жоковичнинг вакцина борасидаги ҳозирги нутқайи назарини ҳам инобатга олишлари кераклигини айтганди. Бироқ Жокович ҳамон вакцина олишни истамаётгани ғалати. Бу бутун бошли муаммоларнинг олдини олиши мумкин эди. Суд ҳам Жокович ҳозиргача вакцина олмаганини у антиваксер эканидан далолат деб топди.

Мавзуга оид