Жаҳон | 14:00 / 16.01.2022
29781
11 дақиқада ўқилади

Хорижий фильм контрабандаси учун ўлим, томоша қилганлик учун қамоқ – Шимолий Корея ташқи таъсирга қарши қандай курашмоқда?

Шимолий Кореяда «Кальмар ўйини» сериалини мамлакатга яширинча олиб ўтиб тарқатган талаба йигит отиб ташланган. КХДРда 2021 йилда кучга кирган янги қонунга кўра, хориж фильмини томоша қилиш, чет эл қўшиқларини тинглаш тақиқланган. Тақиқни бузганларни оғир жазо кутади.

Ўзи нима гап?

2015 йилда КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўзгача қарашларни тийиб туриш учун хорижнинг тақиқланган қўшиқлари ёзилган барча кассета ва дискларни йўқ қилишни буюрган эди. Ажнабий фильмларни тарқатиш ўлим жазосига ҳам олиб келиши мумкин. Мамлакатда бор-йўғи учта телеканал бўлиб, улар орқали эфирга узатиладиган телемаҳсулот давлат томонидан қатъий назоратга олинган.

Гарчи қонунга зид бўлса ҳам Шимолий Кореяда кўпчилик Жанубий Корея теледастурлари ва фильмларини томоша қилишади Фото: BBC

New York Times газетасининг Жанубий Кореядаги бюроси раҳбари Чой Санг Хун Шимолий Корея ташвиқотида кўп йиллардан буён Жанубий Кореядаги ҳаёт оғирлиги ҳақида гапириб келинаётганини таъкидлайди. Аммо мамлакатга ноқонуний равишда кириб борувчи Жанубий Корея фильмлари ва клиплари одамлар онгида сунъий равишда шакллантирилаётган бу манзарани йўққа чиқаради.

Пандемия вақтидаги карантин чоралари шароитида шимолда жануб фильмлари оммалашган. Шу сабабли 2020 йилнинг декабрида қабул қилинган қонун билан капиталистик мамлакатлар, айниқса, Жанубий Корея ва АҚШ теле ва киномаҳсулотларини томоша қилиш, уларга эгалик қилиш ёки тарқатиш қатъиян тақиқланади. Ушбу жиноят устида қўлган тушганлар 5 йилдан 15 йилгача меҳнат лагерларига ташланади. Бундай материалларни тарқатганлар эса ўлим жазоси билан жазоланиши ҳам мумкин.

Қонун қабул қилингач, ёшларнинг компьютерлари, телефонлари ва мусиқа плеерларида Жанубий Кореяга тегишли контент бор-йўқлигини текшириш бошланган. 2021 йилда Хитойдан мамлакатга қайтган талаба USB-флешкада «Кальмар ўйини» сериалини кўпайтириб сотган. Контрабандада айбланган талаба отувга, ундан ушбу сериални сотиб олган мактаб ўқувчиси эса бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, сериални биргаликда томоша қилган 6 ўқувчи 5 йил муддатга мажбурий меҳнатга юборилган. Бундан ташқари, тақиқланган сериални томоша қилган ўқувчиларнинг синф раҳбари, ёшлар етакчиси ҳамда мактаб директори ишдан ҳайдалган, улар ҳам кўмир конларида ишлашга мажбурланиши ёхуд чекка қишлоқларда ўқитувчилик қилишга юборилиши мумкин.

Мамлакатнинг Янгганг провинциясида яшовчи 14 ёшли ўсмир «Ҳеч қаердан келган одам» (2010 йил, Жанубий Корея) фильмини томоша қилганидан сўнг ҳибсга олинган. У кинокартинанинг атиги 5 дақиқасини кўра олганига қарамай, 14 йил муддатга мажбурий меҳнатга маҳкум этилган. Жанубий Кореянинг Daily NK нашри ўқувчининг ота-онаси ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Ўтган йилдан бери Шимолий Корея ҳукумати сиёсий маҳбуслар учун учта янги лагер очган. Ушбу лагерларда режим «реакцион фикрлаш» деб атайдиган нарсаларни, жумладан, хорижий теледастурлар ёки фильмларни томоша қилишни, хорижда ишлаб чиқарилган мобил телефондан фойдаланишни тақиқловчи қонунни бузганликда айбдор деб топилганлар сақланади. Жазо муддатини ўтаётганларнинг айримлари оилалари билан қамоққа ташланган.

Изоляциядаги давлат

Шимолдан қочган, ҳозирда Сеулда яшовчи Йон Мисонинг ҳикоя қилишича, янги қонун қабул қилингунга қадар ҳам хориж фильмини кўриш тақиқда бўлган, бунга амал қилмаганлар эса аёвсиз жазоланган. 11 ёшдалигида у яшаган даҳада бир эркак контрабанда орқали олиб келинган Жанубий Корея фильмини томоша қилаётганида қўлга олиниб, қатл этилган.

«Мен буни ҳеч қачон унутмайман. Унинг кўзлари боғланган, матоли боғич кўз ёшлардан нам бўлиб кетганди. Эркакни симёғоч устунига боғлаб, сўнгра отиб ташлашди», дея аёлнинг сўзларидан иқтибос келтиради BBC.

Маълум бўлишича, тақиқ фақат фильмлар ёки телекўрсатувларгагина тааллуқли эмас. Балки хорижда чоп этилган китобни ўқиш, чет элда ишлаб чиқарилган кийимни кийиш, ҳаттоки, сўзлашувда ажнабий жаргонларни ишлатиш, ноанъанавий соч турмакларини қилдириш ҳам таъқиб қилинади.

Ким Чен ИР ажнабий сўзлар, соч турмаги ва модани ҳам «саратон ўсмаси» деб атайди. Фото: EPA

Сеулда жойлашган Daily NK интернет нашри шимолдаги манбаларига таяниб, сочини Жанубий Кореянинг поп юлдузларидек қирқтиргани ва тўпиғи очиқ калта шим кийгани учун уч нафар ўсмир қайта тарбиялаш лагерига жўнатилгани ҳақида хабар берган. Бироқ бу маълумотнинг қанчалик тўғрилигини текширишнинг имкони йўқ.

Таҳлилчиларга кўра, Ким Чен Ин ўз фуқароларини ташқаридан келувчи ахборот оқимидан ажратиб қўйишни истайди. Чунки КХДРда ҳаёт борган сари оғирлашиб бормоқда, миллионлаб одамлар очликдан азият чекиши айтилади. Мамлакат етакчиси аҳоли фақат давлат ташвиқоти билан озиқланишини ва Осиёнинг энг бой шаҳарларидан бири бўлган Сеулда одамлар қандай яшаётганини кўрмасликларини истайди.

Шимолий Корея ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўра дунёдан узилиб қолган. Ўтган йили пандемия туфайли давлат чегаралари ёпилган, натижада Хитой билан муҳим савдо алоқалари тўхтаб қолганди. Бугунга келиб айрим юкларни ташиш қайта тикланаётган бўлса-да, импорт жараёни ҳамон қаттиқ чеклов таъсирида.

Ўз-ўзини изоляция қилиш, бундан ташқари, Ким Чен Иннинг ядровий режаларини амалга ошириш йўлида сарфланаётган улкан ресурслар шундоқ ҳам заиф бўлган иқтисодиётга путур етказмоқда. КХДРнинг олий раҳнамоси 2021 йил аввалида халқи барча даврлардаги энг оғир вазиятга дуч келганини тан олганди.

«Ходим учун иш берувчи, бола учун ота-она жазоланади»

Жанубий Кореянинг Daily NK интернет нашри 2020 йилда қабул қилинган қонун матнини қўлга киритган. Нашр бош муҳаррири Ли Сан Йон BBC’да қонунда нималар борлигини сўзлар берган

«Қонунда ёзилишича, агар ишчи жиноят устида қўлга олинса, корхона раҳбари жазоланади. Қонунбузар бола бўлса, унинг ота-онаси жазога тортилади. Шимолий Кореяда узоқ вақтдан бери амалда бўлган «ҳамма ҳаммани кузатади» тамойили янги қонунда янада тажовузкор қиёфа касб этган. Мақсад: ёшлар жанубдаги ҳаёт лаззатларини ҳатто орзу ҳам қилмаслигига эришиш. Сиёсий режим масъуллари бошқа мамлакатлар маданияти билан танишиш норозилик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин, деган хулосада», дея таъкидлайди Ли Санг Йон.

Ўтган йили шимолдан қочишга муваффақ бўлган саноқли кишилардан бири Чу Чжонхун КХДРда турмуш тарзи қанчалик оғирлашиб бораверса, қонун-қоидалар ва жазолар ҳам шунчалик қийинлашиб боришини таъкидлайди.

«Агар Жанубий Корея филмини тўқ қоринда кўрсангиз, бу сизга шунчаки маданий ҳордиқ беради. Лекин қорнингиз оч бўлса-ю, оғзингизга соладиган нарса тополмасангиз, бундай вазиятда қандай қилиб норози бўлмайсиз?» дейди у.

Хорижий дастурларни томоша қилиш учун баъзи уйларда телевизорлар автомобил аккумуляторларига уланган Фото: BBC

The Times’нинг қайд этишича, ўта қаттиқ цензура ва кучли назорат мавжудлигига қарамай, КХДРда Жанубий Корея теле ва киномаҳсулотларини яширинча олиб кирувчи бутун бошли саноат мавжуд. Шунинг учун ҳам мамлакат аҳолиси орасида бундай контентни томоша қилувчилар талайгина.

Флешкаларга жойланган хориж фильмлари КХДРга Хитойдан контрабанда йўли билан олиб кирилади. Ҳажми кичик бўлгани учун уларни яшириш осон, қолаверса, флешкалар парол билан ҳимояланган бўлади.

«Агар уч марта нотўғри парол киритилса, флеш-диск ичидаги маълумот автоматик равишда ўчирилади. Агар маълумот ёки фильм ўта хавфли бўлса, флеш-дискни битта нотўғри парол киритилгандан кейин ундаги маълумот ўчиб кетадиган қилиб созлаш мумкин», дейди Чу Чжонхун.

«Осмонга зинапоя» – тахминан 20 йил олдин ишланган Жанубий Кореянинг машҳур комедияси Фото: SBS

Йон Мисо қўшнилари чет эл филмларини томоша қилиш учун ақл бовар қилмайдиган найрангларни ўйлаб топганини эслайди.

«Бир куни улар қаердандир машина аккумуляторини олиб, телевизорни қувватлантириш учун уни генераторга улашди. Кейин улар Жанубий Кореянинг «Осмон сари нарвон» драмасини томоша қилишди», дейди у.

Дастлаб ўгай онасининг ёвузлиги, сўнгра саратон касаллигига қарши курашган қиз ҳақидаги бу романтик ҳикоя йигирма йил аввал Шимолий Кореяда машҳур бўлган.

Қатағоннинг бошланиши

Флешкалар пайдо бўлишидан аввал хорижий фильмлар Хитойда ишлаб чиқарилган арзон CD ва DVD дисклар орқали тарқалган. Тез орада бу ҳолатни расмийлар ҳам илғаб қолишади ва бундай турдаги дисклар оммавий равишда мусодара этилиб, йўқ қилина бошлайди.

2009 йилда Пхеньянда яшовчи 16 ёшли Ким Гуэм-ҳёк видеомаҳсулотлар контрабандасига қарши кураш учун махсус орган томонидан қўлга олинади. У дўстига отаси Хитойдан олиб келган Жанубий Корея поп мусиқасининг DVD дискларини бергани учун у вояга етмаганига қарамай қаттиқ калтакланади ва тўрт кун давомида ухлашига рухсат берилмайди.

Кимнинг оиласи маҳаллий элитага мансуб бўлгани қўл келиб, унинг отаси қўйиб юборилади. Айни пайтда вазият анча кескинлашгани боис жазодан бу тариқа осон қутулиш деярли имконсиз.

«Аввал бундай ҳаракат учун жавобгарлик анча енгил эди. Кўрилган видео икки соатдан кўпроқ бўлса, уч йил ёки ундан кўпроқ муддатга «кесилган». Ҳозир эса қамоқлардаги ёш маҳкумларнинг ярмидан кўпи хорижий видеоларни кўргани учун жазо муддатларини ўташмоқда. Бу – жуда катта муаммо», дейди Чу Чжонхун.

Шимоллик қочоқнинг фикрича, бир ёки иккита хорижий фильм ўнлаб йиллар давомида олиб борилган тарғибот таъсирини йўққа чиқариши қийин. Бироқ бусиз ҳам Шимолий Кореяда яшовчи аксарият фуқаролар давлат телевидениеси матбуоти орқали сингдирилаётган тарғиботнинг буткул ҳақиқат эканлигига шубҳа қилишади.

«Одамлар ичида норозилик бор, лекин уни кимга қарши йўналтириш ва нима қилиш кераклигини билишмайди. Буни кўриш оғир. Кимдир уларни уйғотиши ва маърифатли қилиши керак», дея таъкидлайди Чу Чжонхун.

Жамшид Ниёзов тайёрлади.

Мавзуга оид