Жаҳон | 20:42 / 17.01.2022
25838
7 дақиқада ўқилади

Порошенко Украинага қайтди. Уни Россия фойдасига ватанни сотишда айблашмоқда

Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко бўлган самолёт душанба куни эрталаб Киев халқаро аэропортига қўнди. Паспорт назоратидан ўтиб, минглаб тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Порошенко тўғри судга йўл олди. У Россия фойдасига ватанга хиёнат қилганликда айбланмоқда.

Фото: Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA

Порошенко Киевга Wizz Air лоукостерига қарашли самолётда Польшадан учиб келди. Собиқ президент учган самолётда унинг кўплаб тарафдорлари ва журналистлар бор эди. Варшава аэропортидан Украинага қайтаётганда россиялик журналистлар ундан «Ортга қайтгач, қўлга олишларидан қўрқмайсизми?» деб сўради. Порошенко «Қонун ва Украина халқи мен томонда. Қолгани сафсата», деб жавоб берди.

Самолётда Порошенко биринчи қаторда ўтирди. Одамлар у билан селфи тушишди. Экипаж эса парвоз қоидаларига риоя этишни илтимос қилди.

Украина собиқ президенти ва «Европача бирдамлик» партияси етакчиси бўлган Порошенко 2021 йил 17 декабрида мамлакатни тарк этганди. Олдинроқ эса Порошенко Донбассдан кўмир сотиб олишга рухсат беришда айбланиб, терговга чақирилган. Порошенко тергов бериш учун бормай мамлакатни тарк этгач, унинг устидан иш очилганди. Собиқ президент уруш ҳолатида руспарст гуруҳлар даромадига ҳисса қўшиб, Донбассдан кўмир сотиб олишга рухсат беришда гумонланяпти. Шунингдек, унга нисбатан тўғридан тўғри террорни молиялаштириш айблови ҳам илгари сурилган.

«Пётр Порошенко халқ сайлаган депутат, масъулиятли сиёсатчи ва фуқаро сифатида суд мажлисига ўз хоҳиши билан келишига ишонамиз», деганди Украина Давлат қидирув бюроси расмий вакили Татьяна Сапьян жума куни. Порошенконинг вакиллари ҳам у ҳеч нимадан қочмаслигини айтишди ва собиқ президент ўз хоҳиши билан арзон чипта сотиб олиб, Киевга қайтди.

Аэропортдан чиқиши билан Порошенкони минглаб тарафдорлари кутиб олишди. Собиқ президентга улар олдида нутқ сўзлашга рухсат берилди. Одамлар Украина байроғини кўтариб, Порошенкони олқишлашди.

Украина жиноят кодексининг Порошенко айбланаётган моддаси гумондорни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни кўзда тутмайди. Бироқ терговчиларга Порошенкони эҳтиёт чорасини белгилаш учун мажбуран судга олиб келишга ордер беришди. Улар Порошенко терговдан бўйин товлаган деб ҳисоблашмоқда. «Кўмир иши» бўйича гумонланаётган Порошенко эса сиёсий мотивлар билан судга тортилаётганини айтмоқда.

«Кўмир иши»

Украина прокуратурасининг маълум қилишича, россиялик ёлланма ҳарбийлар Донецк ва Луганск областларининг бир қисмини эгаллаб олгач, Украина жаҳон бозоридан кўмир сотиб олишга мажбур бўлган. Хусусан, ЖАРдан. Аммо Россия Украинанинг юқори мансабли мулозимлари билан алоқага чиқиб, мамлакат энергия тизимидаги таъсир доирасига эга бўлиш мақсадида ЖАР билан келишув бекор қилинишига ҳаракат қилган.

Россияга бу режани амалга оширишда украиналик сиёсатчи Виктор Медведчук ва шахсан мамлакат президенти Пётр Порошенко ёрдам бергани гумон қилинмоқда. «Кўмир иши» 2021 йил октябр ойидаёқ очилганди. Украина хавфсизлик хизмати бу борада бир неча аудиони қўлга киритган. Уларда Виктор Медведчук ва Украина президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакнинг овозига ўхшаш овоз кўмир бўйича шартномалар ҳақида гапирган. «Медведчукникига ўхшайдиган овоз» кўп марта Пётр Порошенко номини тилга олган.

«Сизга порох керакмиди? Марҳамат»

Порошенко аэропорт олдида ташкил этилган саҳнада нутқ сўзлади. Унинг самолётда ҳам журналистлар билан бирга келгани, аэропортда ҳам кўплаб ОАВ вакиллари кутиб олганини уюштирилган деб аташмоқда. Аммо мамлакатнинг энг машҳур одамларидан бири қайси вақтда аэропортга келишини билган журналистлар кутиб олиб, битта бўлса ҳам савол беришга ҳаракат қилиши табиий ҳолат. Бу учун алоҳида папарация ташкил қилиш шарт эмас.

Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Порошенко уни самолётда ёлғизлатмаган ва аэропортда ҳам кутиб олган жасур журналистларга раҳмат айтди. Собиқ президентнинг айтишича, журналистлар бўлмаганда вазият мураккаблашиб кетиши мумкин эди. «Улар халқдан, камера чироқлари ва жасур журналистларимиздан қўрқиб кетишди», деди Порошенко.

«Европача бирдамлик» партияси байроқлари ҳилпираб турган майдонда Порошенко бошқа мавзуларда ҳам гапирди.

«15 дақиқа аввал чегарачи либосидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари мени Украина ҳудудига киритишмади. Улар паспортимни олиб, шахсимни аниқлаштиришлари кераклигини айтишди. Афтидан, менинг Порошенко эканимга ишонишмади.

Ҳозир судга бориб, давлатга қарши ҳаракат қилаётганларнинг ёлғончилигини, улар ватанни сотаётганларини исботлаймиз. Ҳозир Путинга қарши туриш учун мамлакат бирлашиши керак. Биз 2014-15 йилларда Путинга қарши туришни уддалаганмиз. Мамлакатга порох керак деганмидингиз? Марҳамат, энди у бор», деди собиқ президент. Порох Порошенконинг лақаби.

Порошенконинг тарафдорлари унинг ортидан суд биносига ҳам боришди. Йиғилганлар Порошенкони Украинанинг бешинчи ва еттинчи президенти деб аташди. Уларнинг қўлида «Порошенко президент бўлиб қайтади» сўзлари ёзилган баннерларни кўриш мумкин эди.

Порошенконинг адвокатлари собиқ президент ҳеч қандай огоҳлантирувчи ҳужжат олмагани, судга бу ҳақда ОАВда билиб келганини маълум қилишди.

«Сиёсий тик-ток»

Украина президенти офиси вакили Михаил Подоляк собиқ президент атрофида содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдирди.

«Жаноб Порошенко омма олдида қилаётган ишлар сиёсатга ҳам, рақобатга ҳам алоқадор эмас. У гўёки сиёсий тик-токда ўз ўрнини топишга уринаётгандек. Мамлакатдаги бор муаммолар айнан собиқ сиёсатчилар даврида пайдо бўлгани бугун яна бир бор ўз исботини топди. Жаноб Порошенко чегарачиларнинг оддий ишини ҳам шоуга, ўзининг келишини эса яккахон концертга айлантириб юборди. Собиқ президент ҳеч бўлмаса мамлакатга ҳурмат нуқтайи назаридан бироз сипо ҳаракат қилса бўларди», деди Зеленскийнинг вакили.

Маълумот учун, Пётр Порошенко 2014 йилдан 2019 йилгача Украина президенти бўлган. 2019 йилги сайловларда Владимир Зеленскийга имкониятни бой берган эди. 56 ёшли Порошенко Украинанинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади. Дунёга машҳур «Рошен» қандолат компанияси асосчиси бўлмиш Порошенконинг ҳозирги молиявий ҳолати 1,6 миллиард долларга баҳоланади.

Мавзуга оид