Ўзбекистон | 14:41 / 24.01.2022
30947
2 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига ўтказилган Мирзоҳид Убайдуллаев ўрнига Восилжон Назаров Фарғона шаҳрининг янги ҳокими бўлди. У шу вақтгача Боғдод тумани ҳокими эди.

Бугун, 24 январь куни Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги ўзгаришлар, имкониятлар, қилинган ишлар ва олдинда турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди. Вилоят ҳокими Восилжон Шуҳратович Назаров номзодини Фарғона шаҳар ҳокими лавозимига тавсия қилди.

Восилжон Назаров

«Ташаббускор, изланувчан раҳбар, бефарқ эмас, ҳаракатчан, фидойи, ёш кадрлардан бири», деди вилоят ҳокими.

Тавсия этилган номзод шаҳар кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Восилжон Назаров 1984 йил Бувайда туманида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2006 йилдан молия тизимида меҳнат қилиб келган, 2019-2021 йилларда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи, 2021 йилдан Боғдод тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Бундан олдинроқ Восилжон Назаров ўрнига Фарғона вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юсуфжон Ҳусаинов Боғдод тумани ҳокими этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Юсуфжон Ҳусаинов
  • Фарғона шаҳрига 2021 йил февралидан ҳокимлик қилган Мирзоҳид Убайдуллаев 2021 йил декабрида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари – Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид