Грипп ва “омикрон”ни қандай фарқлаймиз? — вирусолог Дилдора Секлер билан суҳбат
“Омикрон” қандай даволанади, у ўзидан асорат қолдирмайдими, вакциналар янги штаммдан ҳимоя қиладими? ЖССТ ходими, фан доктори Дилдора Секлер Kun.uz'га берган интервюсида кўпчиликни қизиқтираётган шу каби саволларга жавоб берди.
Коронавируснинг “омикрон” штамми дунёни шиддат билан эгаллаб бормоқда. Гарчи енгил кечса-да, унинг юқувчанлиги олдинги штаммларга нисбатан анча юқори ва у айнан кўпчиликни зарарлаши билан хавфли.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходими, тиббиёт фанлари доктори, вирусолог Дилдора Секлер билан суҳбатимиз коронавирус мана шу штаммининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида бўлди.
— Омикрон билан касалланишнинг ўзига хос хусусиятлари қандай?
— Омикрон коронавируснинг бир штамми бўлиб, у ўткир респиратор касалликларнинг белгиларига жуда ҳам ўхшашдир. Бунда беморларда бурун битиши, йўтал, иситма, томоқ оғриғи, эт увишиши каби белгилар кузатилиши мумкин. Бу белгилар бошқа касалликларда ҳам кузатилади. Ҳатто коронавирус касаллигида кузатиладиган ҳид билмаслик ҳам бошқа касалликларда ҳам учраши мумкин.
— Грипп ва “омикрон” бир-биридан қандай фарқланади?
— Бу икки касалликни бир-биридан фақатгина лаборатор тест ёрдамида фарқлаш мумкин. Сабаби бу икки касаллик белгилари жуда ўхшаш ва ҳатто айнан бир хил. Қачонки ана шу икки касаллик бир вақтнинг ўзида беморни зарарласа, унинг клиник кечиши оғирроқ ва даволаниш муддати чўзилиши мумкин. Бундай ҳолатлар тиббиёт тарихида кузатилган
— “Омикрон” енгил ўтса, асоратлар кузатилмайдими?
— Коронавирус – янги касаллик. Шу сабабли унинг устида олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамон давом этмоқда. Касалликнинг енгил кечиши, беморда асоратлар қолдирмаслиги мумкин. Аммо бу барча беморларда бир хилда кечмайди. Бу беморнинг ҳолатига боғлиқ. Агар унинг ёндош касалликлари бор бўлса, асоратлар кузатилиши мумкин?
— Омикрон болаларда қандай кечади?
— Коронавируснинг дастлабки турлари ҳам, одатда, кекса ва сурункали касалликлари бор инсонларда оғирроқ кечган бўлса, болаларда нисбатан енгил ўтган эди. “Омикрон” ҳам худди шундай ва ҳатто ундан ҳам енгилроқ ўтмоқда десак муболаға бўлмайди. Лекин бу ҳам барча болаларда бир хил кечмайди.
— “Омикрон” қандай даволанади?
— Касалликни даволаш бемор ҳолати ва касаллик даражасига қараб белгиланади. Агар енгил даража кечаётган бўлса, умуман дори воситалари қабул қилиш шарт эмас. Ёки қандай белги кузатилса, шу симптомни бартараф этувчи дори воситаси қўлланилади. Иситма чиқса, иситма туширувчи, йўтал кузатилса, йўталга қарши дорилар шифокор тавсиясига кўра буюрилади.
Агар касаллик оғир даражада бўлса, муайян белгиланган йўриқномалар ва стандартлар орқали даволанади. Бемор мустақил даволаниши мумкин эмас.
— Бемор таомланишда нималарга эътибор бериши керак?
— Беморларда таомланишда бирор бир чеклов қўйилмаган. Инсон таъби нимани хоҳласа, шуни тановул қилиши мумкин. Энг муҳими, суюқлик етарли даражада истеъмол қилинишига аҳамият бериш лозим. Таомлардан ҳам суюқ овқатларни ичиш мақсадга мувофиқ бўлади.
— Амалдаги вакциналар омикронга қай даражада таъсир кўрсатади?
— Эмлаш – касалликни енгиш ва ҳимояланиш учун энг самарали восита. Бу бевосита “омикрон”га таъсир қилмайди, деб айтиб бўлмайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шифохоналарга оғир аҳволда келаётган беморларнинг аксарияти эмланмаганлар орасида учрамоқда.
Вакцина олганларда ҳам бу ҳолат кузатилмоқда, лекин уларнинг кўпчилигини сурункали касаллиги мавжуд ва иммунитети паст бўлган беморлар ташкил этади.
— Профилактик чоралар қандай бўлиши керак?
— Ҳозир кўпчилик ниқоб тақиш, масофа сақлаш қоидаларига амал қилмай қўйди. Бу эса ўз навбатида “омикрон”нинг тез тарқалишига сабаб бўлмоқда. Табиатан тез тарқалишга мойил бўлган ушбу штамм учун бу айни муддаодир.
Тўғри, “омикрон” бошқа штаммларга қараганда енгил даражада ўтиши мумкин, лекин у қисқа вақтда кўпчиликни зарарлаши мумкин. Улар орасида эса биз учун қадрли бўлган инсонлар бўлиши мумкин.
— “Омикрон”дан тузалгандан кейин иммунитет ҳосил бўладими ёки эмланиш шартми?
— Ҳар қандай вирус ва бактериялардан сўнг организмда иммунитет ҳосил бўлади. Баъзи бир респиратор касалликлар жуда тез пайдо бўлади ва улардан ҳосил бўлган иммунитет ҳам тезда ғойиб бўлади. Аммо вакцина олганларда танадаги антитаналар узоқроқ муддат ҳимоя вазифасини ўташи аниқланган.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:07 / 22.12.2024
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
13:42 / 02.12.2024
Дунёда 800 миллиондан ортиқ одам диабетдан азоб чекади — тадқиқот
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024