Ўзбекистон | 20:41 / 04.02.2022
7179
3 дақиқада ўқилади

Сенатор “Википедия”га Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни етарлича жойлаштирмаган вазирликларни танқид қилди

Сенатнинг Aхборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев Туризм ва спорт ҳамда Маданият вазирлиги “Википедия”га Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни киритиб боришни тизимли ташкил қилмаганини танқид қилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди. Унда маъруза қилган сенатор Фарҳод Боқиев ҳукуматга парламент сўровини юбориш масаласини қуйидагича изоҳлаган.

“Биринчидан, тараққиётнинг бугунги шиддатида Интернет жаҳон ахборот тармоғининг глобал ва миллий сегменти ривожланиши тенденцияларини мунтазам ўрганиш ҳамда миллий контентни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш масаласига етарли эътибор қаратилмасдан келинмоқда.

Мисол учун, “Википедия” Интернет энциклопедиясига Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари ва спорт ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ишлари Туризм ва спорт вазирлиги томонидан, ўзбек адабиёти ва санъати мумтоз намояндаларининг асарларидан барчанинг фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун веб-портал ташкил қилиш вазифаси Маданият вазирлиги томонидан бу борадаги ишлар тизимли ташкил қилинмаган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Иккинчидан, кейинги вақтларда Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот материалларини бериб бориш, болаларни Интернетдаги турли ахборот хуружларидан ҳимоялашга қаратилган электрон шаклда иллюстрация қўлланмалари яратиш борасидаги ишлар суст олиб борилган.

Масалан, “Википедия” платформасида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар тўлиқмаслиги ёки маълумотлар эскилиги, оммабоп онлайн платформаларда мамлакатимиз ҳақидаги сифатли контентлар камлиги оқибатида ёшлар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги турли маънавиятга зид контентларга қизиқиши тобора ортмоқда.

Оқибатда эса мафкуравий таҳдидлар орқали аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартиришга, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишлар бўлмоқда”, дея Фарҳод Боқиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Фарҳод Боқиев Twitter блокланган юртда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Ўзбекистонда блокланган Twitter’дан қандай қилиб фойдаланаётганига изоҳ бериб, Сенат раисининг қандай VPN’дан фойдаланишини билмаслиги, буни ўрганиб, қўшимча ахборот беришини айтганди.

Мавзуга оид