Ўзбекистон | 22:20 / 06.02.2022
86006
16 дақиқада ўқилади

Қимматлашаётган автомобиллар, судланаётган “кино вазири” ва IMEI машмашаси — ҳафта дайжести

Миллиардларни “ютиб юборган” UzAuto Motors, блогерлар қаҳрига учраган вазир, ҳайдовчиларга огоҳлик қўнғироғи, Андижонда ёнаётган тунги гулханлар ва 33 кунга “кечиккан” Фирдавс Абдухолиқов. Kun.uz якунланган ҳафта дайжестини тақдим этади.

Kun.uz янги видеорукн – ҳафта мавзулари дайжестини тақдим этади. Ҳафталикларимизда якунланаётган етти кунликнинг энг асосий мавзулари ҳақида фикр юритамиз, рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўз субъектив фикрларимизни ҳам билдириб ўтамиз. Ва албатта, биз тилга олган мавзулар бўйича фикрларингизни изоҳларда кутиб қоламиз.

Уч фоизлик йиғимни “ютиб юборган” UzAuto Motors

Февралнинг биринчи ҳафтаси ортда қоляпти ҳамки, 1 февралдан контрактацияни тиклашни ваъда қилган UzAuto Motors'дан ҳамон дарак йўқ. Компания энг харидоргир машиналар учун шартнома тузишни қачондан бошлаши номаълумлигича қоляпти.

Фото: UzAuto Motors

Монопол корхона ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Бунинг ўрнига, масалан, Украина полициясига Cobalt етказиб берганини айтиб мақтаняпти. Бу Cobalt'ларнинг магнитоласи бор-йўқлиги номаълум.

Янги машиналар учун шартнома тузиш бундан салкам 50 кун олдин тўхтатилган эди. Қишга яқин автомобили учун пул тўлаб қўйган, лекин навбати келишини кутаётганлар сони 90 мингга яқинлашганди. Микрочиплар муаммоси ростдан ҳам бор, лекин ана шу шароитда UzAuto Motors'нинг чорасиз ўзбекистонликларга нисбатан муносабатини кўрсатадиган биргина фактга эътибор қаратинг:

Компания 2021 йилда автомобил ишлаб чиқаришни 16 фоизга камайтирган, лекин экспортни 36 фоизга оширган. Аввалги йиллардаги рақамларни қўшса, бу фарқ янаям ошади, чунки UzAuto Motors экспортни йилдан йилга оширяпти. Шу монополия пешонасига битган ўзбекистонликлар эса ярим йиллаб навбат кутишда давом этяпти.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинган енгил автомобиллар сони
(Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида Kun.uz ҳисоб-китоблари)

Натижада иккиламчи бозордаги автомобиллар нархи сезиларли қимматлашди. UzAuto Motors контрактацияни бошлаши билан нархларни ҳам ошириши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Агар шундай бўлиб чиқса ва компания: “Нархлар охирги марта 2020 йил март ойида оширилганди, ўшандан кейин ўтган икки йил ичида бутловчи қисмлар қимматлашди”, деб изоҳ берса, бу ёлғон бўлади.

Гап шундаки, 2022 йил 1 январдан бошлаб янги автомобил сотиб олганда бюджетга тўланадиган 3 фоизлик йиғим бекор қилинди. 2019 йил 1 октябргача бу йиғимни харидорлар тўлаётганди, ўша санадан бошлаб эса ишлаб чиқарувчилар тўлайдиган бўлди. Табиийки, UzAuto Motors йиғимни машиналар нархи устига миндириб, нархни 3 фоизга оширди.

Энди ана шу 3 фоизлик йиғим бекор қилингач, машиналар нархи 3 фоизга арзонлайдими? Йўқ, албатта. Чунки UzAuto Motors президент қарори чиққанидан кейин кўп ўтмай бу йиғимни бюджетга тўламасдан, ўз чўнтагига ура бошлаган: 2020 йилда Ҳисоб палатаси бу компания томонидан бюджетга тўланмаган сумма ярим триллион сўмдан ошиқлигини эълон қилганди.

Компания матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан автомобиллар нархи 3 фоизга пасаймаслигини тасдиқлади.

“Автомобиллар нархлари пасайтирилмайди, 2 йил давомида автомобил нархларининг ўзгармай келгани айни дамда 3 фоизлик фарқни “ютиб юборган”, деди UzAuto Motors матбуот котиби Зумрад Шожалилова.

Яқинда эълон қилинган тараққиёт стратегиясида, кейинги 5 йилда 25тадан ортиқ монополия тугатилиши кўзда тутилган, лекин айнан қайси монополиялар экани тўлиқ ёзилмаган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда турли тоифадаги монополиялар сони 220тадан ошади.

***

Ўзбекистон офлайн таълимга қайтмоқда

Талабалар шаҳарчаси, Тошкент / Фото: Kun.uz

Тугаётган ҳафтанинг шов-шувли янгиликларидан бири офлайн таълимга қайтиш бўлди. 7 февралдан мактаб, коллеж, лицей, техникум, олийгоҳлар ва хусусий таълим масканларида анъанавий таълим бошланади.

Коронавирус ва яна бошқа айрим сабаблар туфайли бу йилги қишки таътил одатдагидан бироз эртароқ бошланди ва анча узоқроқ давом этди. Аввалига таътил муддати икки ҳафтага узайтирилди (24 январгача), кейин 1 ойлик онлайн таълим эълон қилиниб (24 февралгача), кейинчалик у 2 ҳафтага қисқартирилди (7 февралгача).

Умуман, таътил муддати 2 ҳафтага узайтирилиши ва 2 ҳафталик онлайн таълим ҳисобига ўқувчи ва талабалар 1 ой вақтини амалда йўқотди, дейиш мумкин. Ваҳоланки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар коронавируснинг “омикрон” штамми таълимгоҳларни ёпишга асос бўлмаслиги кераклигини айтиб келаётган эди. Ўзбекистонда ҳам бу ўз исботини топди: “омикрон” гарчи жуда тез тарқалса-да, оддий гриппдан кўра хавфлироқ эмаслиги маълум бўлди.

Албатта, таътилнинг (онлайн таълимни ҳам амалда таътил ҳисобига қўшавериш мумкин) бир ойга чўзилиб кетишида биз юқорида айтган “бошқа айрим сабаблар”нинг ҳам ўрни бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.

Шу ўринда, қарорлар жуда тез ўзгарганидан, ҳатто расмийларнинг ўзлари ҳам бу ўзгаришлардан орқада қолиб кетганини айтиш керак. 3 феврал куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов ХПК сессиясида чиқиш қилиб, айрим истисноларни инобатга олмаганда 7 февралдан бошлаб ҳамма талабалар синфхонага қайтиши шартлигини эълон қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, вазирлик матбуот хизмати расмий баёнот бериб, 7 февралдан 24 февралгача дарслар ҳам онлайн, ҳам офлайн давом этиши (бу вақтда талаба истаганини танлайди), 24 февралдан бошлаб эса тўлиқ офлайнга қайтилишини маълум қилди.

Албатта, расмийларнинг ўзи юз минглаб талабаларни чалғитувчи баёнотлар берганини танқид қилиш билан бирга, талабаларнинг эътирозлари инобатга олинганини ҳам эътироф этиш адолатдан бўларди. Бошқа томондан қараганда эса, инобатга олмасликларининг иложи ҳам йўқ эди: шунча талаба қандай қилиб атиги 4 кун ичида Тошкентга келиб жойлашиши мумкин?

Эслатиб ўтамиз, 24 февралгача офлайн таълимнинг давом этиши фақат олийгоҳларга тааллуқли, бошқа таълимгоҳларда 7 феврал, душанбадан анъанавий дарслар бошланади.

***

UzIMEI'ни танқид қилаётганлар “доля”да ўтирганларми?

Шерзод Шерматов / Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда кўпгина муаммолар бўйича одамларнинг фикри ҳар хил, ечими бўйича жамоатчиликнинг фикри бир жойдан чиқадиган муаммолар эса саноқли. Ва айнан шуларнинг ҳал этилмаётгани амалдорлар имижига энг катта доғ бўлиб турибди. Булар орасида ўқитувчи ва шифокорларнинг маоши, коррупция ва монополиялар каби мураккаброқ масалалар қаторида, “тонировка” ва IMEI сингари ечими осон муаммолар ҳам бор. Бу масалалар бўйича жамоатчиликда мутлақ умумконсенсус бор ва буни тан олмаслик давлатни халқдан фақат узоқлаштиради.

Тугаётган ҳафтада ёш ва ўбрўли вазирлардан деб ҳисоблаб келинган Шерзод Шерматов IMEI-кодлар муаммоси ҳақидаги фикрлари билан, юмшоқ қилиб айтганда, кўпчиликнинг хафсаласини пир қилди.

“IMEI керак эмас, IMEI'ни йўқ қилинглар деган гаплар тагида бошқа сабаблар турибди: ноқонуний бозордан “доля” олиб, фойда қилиб турганларнинг лоббиси турибди”, – деди АКТ вазири лавозимига қайтган Шерматов Kun.uz'га берган интервюсида.

Қайд этиш керакки, фаол жамоатчилик шу пайтгача IMEI'ни йўқ қилиш кераклиги ҳақида эмас, IMEI'ни қулай ва текин (ёки арзон) қилиш кераклиги ҳақида айтиб келади (бу иккиси ўртасида фарқ катта). “Йўқолсин IMEI!” деяётганлар ҳам бордир, лекин тахмин қилиш мумкинки, уларнинг аксари – бу тизим нега муҳимлиги ҳақида етарли тушунчага эга эмас ва буни соққа қилиш учун ўйлаб топилган деб ҳисоблайди, бунақа деб ҳисоблашига сабаб эса тизимнинг ўзида: одамни асабийлаштирадиган бюрократия ва осмондан олиб қўйилган нарх.

Шундай экан, танқидчиларни айблаш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Вазирнинг фикрлари билан интервюда тўлиқ танишишингиз мумкин, биз эса у айни шу соҳага масъул сифатида жавоб бериши керак бўлган, лекин бошқа нарсаларга чалғиб жавоб бермаган саволларни такрорлаймиз:

  1. Оддийгина кодни рўйхатдан ўтказиб қўйиш нега бунча қиммат?
  2. Нега одамлар IMEI'ни рўйхатдан ўтказиш учун почтага шахсан боришга мажбур (туристлар, eSim ва ҳоказо)? Бу бюрократия қачон тугайди?
  3. IMEI'дан тушаётган миллиардлар нимага сарфланяпти, кимларнинг чўнтагига бориб тушяпти? Нега бу яшириляпти?
  4. Шахсий маълумот ўғриларига қарши нега тайинли чора кўрилмаяпти? Бу бўйича кимдир жазолангани ҳақида умуман маълумот йўқ. Жазо бўлмагандан кейин давом этаверишмайдими?

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тизимида янги давр

“Тошкент имтиҳон маркази” синов майдони / Фото: Kun.uz

116 киши имтиҳонга келиб, улардан 103 нафари назарий имтиҳондан ўта олмади. Бу – Тошкентда фаолият бошлаган, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олувчи янги типдаги марказнинг 2 кунлик статистикаси. Тасаввур қиляпсизми?

Бундай хусусий марказлар келгусида бутун республика бўйлаб фаолият бошлайди. Уларга қўйилган асосий талаб – имтиҳон жараёни тўлиқ автоматлаштирилган бўлиши, инсон омили умуман қатнашмаслиги керак.

Бу нима дегани? Назарий имтиҳонда сиз ўтирган компютернинг камераси юзингизни автоматик идентификация қилиб, бу айнан сиз эканингизни тасдиқлайди. Натижаларни ўзгартириб бўлмайди. Амалий имтиҳонда ҳам автомобилга ёлғиз ўзингиз ўтирасиз, автомобилда ва синов майдонида ўнлаб датчиклар ўрнатилган, бу датчиклар сиз синовни қандай бажараётганингизни автоматик қайд этиб боради. Жарима баллари ҳам инсон аралашувисиз ҳисоблаб борилади ва якуний натижа дарҳол мониторда кўринади.

“Права” олишдаги коррупциянинг йўқотилиши йўллардаги автоҳалокатлар камайишига ёрдам беради, деб умид қиламиз. Ахир Ўзбекистон йўлларида ўлаётган одамлар сони унча-мунча урушлардаги қурбонлардан ҳам кўп.

***

Андижон: давомли дарахткесарлик, тунги гулханлар ва фермерларга тўғаноқ ҳоким

Ҳафта давомида Андижон вилояти яна диққат марказида бўлиб турди. Айниқса Асака тумани. Аввалига бу туманда ҳокимлик ходими нақ 8 минг доллар пора билан ушланди, кейин мактаб директори 300 доллар олаётганда қўлга тушди. Бу орада худди шу туманда мораторийга қарамай ўнга яқин дарахт кесиб ташлангани маълум бўлди.

Лекин, вилоятда ўқитувчилар аллақандай “тунги гулхан” тадбирларига жалб қилингани ҳаммасидан ўтиб тушди.

Гап шундаки, Андижон вилоятидаги таълим масканларида ўқитувчилар ва раҳбарлар кечқурун ўтказилаётган “Гулхан атрофида” тадбирларига сафарбар қилинди. Бу тадбирларда мактаб ўқувчилари қоронғи ва совуқ бўлишига қарамай юпун кийимда рақсга туширилди.

Энг қизиғи, бу тадбирлар ортидан таълим муассасалари раҳбарларига оммавий тарзда “Виждон хати” ёздирилди. Бу хатда директорлар ва уларнинг ўринбосарлари тадбирларда виждонан иштирок этишга ваъда бериши ҳақида ёзишди.

Муҳокамалар ортидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов мурожаат билан чиқиб, тадбирлардан расм тарқатаётган ўқитувчиларни “гап ташиш” ва “ғийбатчилик қилиш”да айблади.

“Сиз ниманинг ҳисобига асосланмаган хабарларни тарқатмоқдасиз? Онлайн дарсни назорат қилдингизми ёки бирор ўқувчининг ўзлаштириш жараёнини виждонан назорат қилдингизми? Сизларга иш бўлмаса-да, фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз. Таълим сифатига ҳам ана шундай фидойилик билан ёндашганингизда Андижон таълими юксалармиди?” – дейди вилоят ХТБ бошлиғи.

Кўриб турибмизки, ХТБ бошлиғи ўқитувчиларни ҳақ ёки ноҳақ айблашга келганда тезкор баёнотлар беришга шай. Лекин у, масалан, Асака туманидаги мактаб директорларидан ишсизларни ишга жойлаш талаб қилинганига ҳеч қандай муносабат билдирмайди. Kun.uz ҳокимликнинг бу қилиғи ҳақида январ ойи охирида хабар берган эди, икки ҳафта ўтдики, халқ таълими бошқармаси жим. Чунки ҳокимликнинг ноқонуний буйруғига қарши чиқишдан кўра, ўқитувчини айблаш анча осон, шундай эмасми?

Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Ҳа, охирги воқеалар халқ таълими тизимидаги мансабдорларнинг савиясини яна бир марта кўрсатиб берди. Ёдингизда бўлса, IT-танловда ғолиб чиққан ўқувчига эски ноутбук совға қилинганида, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг бўлим бошлиғи болани танқид қилиб, бунақа йўл билан ҳаққини ажратиб олиш нотўғри деганди.

Бу воқеалар фонида Tribuna.uz “Андижон” клубининг собиқ футболчиси ва мураббийи Бахтиёр Ҳамидуллаев билан интервюни эълон қилди. Унинг айтишича, Андижонга четдан қанча кўп футболчи келса, раҳбарнинг чўнтагига шунча фойда. У миллий жамоада кўплаб андижонлик футболчилар тўп сургани, лекин айнан “Андижон” клубидан миллий жамоага чақирилганлар камлиги ҳақида гапириб, шундай фикр билдирди.

“Жамоа ёш иқтидорларни ушлаб қолмаган. Нега маҳаллий ўйинчилар қадрланмаган? Сабаби, четдан қанча футболчи келса, раҳбарнинг чўнтагига шунча фойда. Бу – тизимлашиб кетган Андижон футболидаги иллат”, – деди Бахтиёр Ҳамидуллаев.

***

33 кунга “кечиккан” Фирдавс Абдухолиқов

Фирдавс Абдухолиқов / Фото: Kun.uz

Ҳафтанинг шов-шувли воқеаларидан яна бири – Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг суд қилиниши бўлди.

Қонунчиликка зид равишда ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган бу маҳкама шуниси билан аҳамиятлики, Ўзбекистон тарихида биринчи марта салкам вазир даражасидаги амалдор манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун судланяпти.

Қисқа қилиб тушунтирганда, Абдухолиқов давлат хизматчиси бўла туриб, ўз оила аъзоларига тегишли “Sevimli” телеканалига 1,8 млрд сўмлик давлат буюртмасини берган. Бу буюртма – “Тузоқ” номли миллий сериал.

Ҳолатни текшириб судга ошириш учун Бош прокуратурага бир кун етарли бўлди. Бўлган воқеани прокуратура давлат харидлари қоидаларини бузиш деб топди. Энди агентлик раҳбари 8,1 млн сўмгача маъмурий жаримага тортилиши мумкин.

1,8 млрд сўмлик давлат харидида қонун бузилгани учун жарима суммаси бор-йўғи 8,1 млн сўмгачами, деб ҳайрон бўлишдан олдин, бир қизиқ фактга эътибор қаратиш керак. Агар Абдухолиқовнинг бирозгина омади келганида, шу жарима ҳам бўлмаслиги мумкин эди. Чунки Маъмурий кодексдаги бу модда 2021 йил 15 апрелдан кучга кирган, агентлик ва телеканал ўртасидаги шартнома эса бундан бор-йўғи 1 ой ўтиб, 18 май куни имзоланган. Агар шартнома 33 кун олдин тузилганида, прокуратура ҳолатга қанақа баҳо берган бўларди, қизиқ... Балки маъмурий эмас, бошқа кодексдаги “мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” деган қўрқинчли моддаларни қўллашга тўғри келармиди, ким билсин...

Келинг, фақат Абдухолиқов эмас, керак бўлса ундан катталар ҳам манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб жазосиз қолаётгани, бу можаро аслида нимадан бошлангани, Фирдавс Абдухолиқов ўзи асос солган НАЭСМИ раҳбарлигидан кетгани... ва ҳоказолар ҳақидаги гаплар билан ортиқча вақт кетказмаймиз. Фақат энг муҳим бир жиҳатга эътибор қаратамиз.

Биласизми, бу ерда энг катта муаммо – давлат буюртмачиси ва хусусий ижрочи бир-бирига боғлиқ одамлар эканида эмас. Аввало, бунақа йўналишдаги буюртманинг берилаётгани – асосий масала. Кўп-кўп йиғлагудек муаммоларимиз турган пайтда, биз нега сериал ишлаб чиқаришга бюджетдан пул ажратишимиз керак?

Биз ўқувчиларни шу савол атрофида фикрлашга ундаган ҳолда, ҳафталик дайжестимизга якун ясаймиз.

Мавзуга оид