«Юқорига қараманг» — озчилик манфаати устунлиги сабаб содир бўлган Ер ҳалокати ҳақида фильм
«Юқорига қараманг» (Don’t look up) фильмида, аслида, юқорига қараш керак. Олимлар жуда аниқлик билан Ерга улкан комета яқинлашиб келаётгани, тезроқ чора кўриш зарурлиги ҳақида бонг уришади. Бироқ сиёсий доиралар бу хабарни ўз манфаатларига мослаштиришга уринади, оддий одамлар эса уни эътиборсиз қолдириб, таниқли қўшиқчининг шахсий ҳаётига кўпроқ қизиқиш билдиради. Оқибати эса...
Сатира йўналишида ишланган Америка илмий фантастик фильми 2021 йил декабрида Netflix томонидан намойиш этилди. 2,5 соатга яқин (138 дақиқа) давом этувчи фильмга 75 млн доллар сарфланган. Фильм намойиш қилинган санадан буён халқаро миқёсда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Фильм нима ҳақида?
Фильм машҳур фильммэкер Адам МакКей томонидан суратга олинган. Ҳолливуднинг таниқли актёри ва экофаол Леонардо Ди Каприо ҳамда актриса Женнифер Лоуренс бош ролларни ижро этган.
Бош қаҳрамонлар – астрономлар, улар 6 ойдан сўнг Ерга жуда йирик ҳажмли комета келиб урилишини ва оқибатда бутун сайёрада ҳаёт тўхташини аниқлашади. Комета шунчалик хавфли ва унинг мавжудлиги юқори аниқликда эдики, астрономлар унинг галактикадаги кўринишини суратга олишга ҳам эришади. Бироқ бу илмий фактга, олимларнинг чақириғига АҚШ президентидан тортиб журналистлар, сиёсатчилар ва оддий одамларгача бефарқ бўлишади. Оқибатда, астрономлар айтган йўналишда чоралар кўрилмайди ва улар муттасил инкор қилиниб, Ер ҳалокатга маҳкум этилади.
Факт аниқлангач, астроном Риндалл Минди (Леонардо Ди Каприо) ва унинг ассистенти, аспирант Кейт Дибиаски (Женнифер Лоуренс) президент Жени Орлеан (Мэрил Стрип) қабулига киришади ва Ерга хавф солаётган комета ҳақида айтиб, 6 ойдан сўнг у Тинч океанига қулаши мумкинлиги, оқибатда бутун планета бўйлаб 10-11 баллик зилзилалар содир бўлиб, инсоният ҳалокатга юз тутиши мумкинлигидан огоҳлантиришади. Чора сифатида эса дронларни ядро қуроллари билан жиҳозлаб, улар ёрдамида кометанинг орбитадаги йўналишини ўзгартиришни таклиф қилишади. Бироқ ўз президентлик сайлови кампанияси билан банд бўлган президент олимларни жиддий қабул қилмайди.
Ноилож қолган астрономлар телевидениеда жонли эфир орқали янгиликни одамларга эълон қилишади. Бироқ реакция – улар кутгандекмас. Астрономларнинг Ер хавф остида экани ҳақида айтган янгилигидан кўра ўша кунги жонли эфирда ўз севгани билан қайта топишган машҳур қўшиқчи аёлнинг шахсий ҳаётидаги воқеа одамларни ўзига маҳлиё қилади ва рейтинги топ даражага чиқади.
Сал кейинроқ президент астрономларни чақиради ва комета йўналишини ўзгартириш операциясига старт беради. Бироқ – президент хонимнинг мақсади дунёни қутқариш эмас, ўз рейтингини кўтариб олиш эди.
Шундай қилиб фақат ташқи кўриниши мос бўлган, астрономияга эса умуман алоқаси бўлмаган бир қаҳрамон операцияни бошқарувчи этиб тайинланади (аслида, комета йўналишини ўзгартиришни масофадан бошқариладиган технологиялар орқали ҳам қилиш мумкин, лекин қаҳрамон билан ҳаммаси пафослироқ чиқади). Бироқ ракеталар учирилганидан сўнг улар ярим йўлда қайтарилади.
Сабаби Оқ уйга яқин бўлган, дунёнинг 3-рақамли бадавлат одами, BASH технокорпорацияси эгаси Питер Ишервел (Марк Райлэнс) кометада 140 млн доллар қийматдаги минераллар ва металлар борлиги, улар телефон ва гаджетлар ишлаб чиқариш учун ўта камёб эканлигини маълум қилади. Ишервел битта катта комета Ер учун хавфли экани, бироқ уни 30 та кичик астероидга парчалаб юбориш мумкинлиги, шунда астероидлар тезлиги пасайиб, зарарсиз тарзда Тинч океанига қулаши ва сўнг уларни ўзлаштириш мумкин бўлишини айтади.
Бунинг учун Нобель мукофоти совриндори бўлган олимнинг технологияси ишлатилиши маълум қилинади. Яна энг муҳими, кометани ўзлаштириш очлик, ижтимоий тенгсизлик каби муаммоларни бутунлай ҳал қилиши даъво қилинади. Лекин моделлаштирилган технология қанчалик аниқликда ишлай олиши илмий жиҳатдан кўриб чиқилмаганди ва кўриб чиқилмайди ҳам. Ерга яқинлашиб келаётган хавфга таваккал қилиш аспирант қиз Кейтни ақлдан оздирай дейди ва у Ерни қутқариш операциясидан воз кечади.
Фанни истисно қилиб бизнес кўзи билан бошланган операция муваффақиятсизликка учрагач, охирги лаҳзаларда юқори доира вакиллари махсус космик капсулаларда бошқа сайёрада жон сақлаш учун учиб кетишади ва минг йиллар ўтиб Ерга қайтиб келиб табиатдаги ўзгаришлар сабаб ҳалок бўлишади.
Иқлим ўзгариши муаммолари ва комета
«Киноконо» блоги муаллифи «Юқорига қараманг» фильмида Ер юзи йўқ бўлиб кетиш арафасида бўлишига қарамай «катта» одамлар ўз чўнтагини ўйлаши, ҳукумат қарорларига таъсир ўтказа олишини абсурд сифатида қайд этади.
«Давлат биз ўйлаганчалик халқники эмас, шунчаки бойларники демоқчи бўлишгандек», деб ёзади муаллиф.
Халқаро нашрларда эса «Юқорига қараманг» фильмида иқлим ўзгаришлари муаммолари долзарблиги кўрсатилган, деган таҳлиллар кўплаб берилмоқда.
Кинода гўё глобал исиш муаммоларининг олдини олиш ишларини қилишга қодир бўлганлар қандай қилиб қасддан ҳаракат қилишдан қочишлари ва манфаатдор шахслар жамоатчиликни чалғитиши мумкинлигини кўрсатади.
Масалан, бир тасаввур қилиб кўрсак, иқлим ўзгариши Ер сайёрасига қанчалик хавф солаётганини ҳамма кўриб турибди, бироқ кескин чоралар кўриш ҳануз орқага сурилмоқда.
Лекин фильм билан реал ҳаётда битта фарқ бор: кометанинг Ерга урилишига қарши одамлар бирор кескин ҳаракат қила олмасалар-да, иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун ҳамма нимадир қилиши мумкин.
Фильм орқали илм-фанни инкор қилувчи ўйлаб топилган 5та афсонани ва уларнинг зарарли эканини санаб ўтиш мумкин.
Ҳаммаси 100 фоиз аниқ бўлиши керак
Астрономлар президент Орлеанга комета ҳақидаги маълумотларни етказишганда у биринчи бўлиб «Бу қанчалик аниқ?» деган саволни беради. Астрономлар эса «99,78 фоиз» деган жавоб қилишади. Шунда президентнинг ўғли, президент администрацияси раҳбари Жейсон Орлеан (Жон Ҳилл) «Хайрият, 100 фоиз эмас экан-ку», дея енгил тортади. Астрономлар билан бирга келган ҳукумат олими Тедди Оглторп (Роб Морган) «Олимлар 100 фоиз аниқликни ёқтиришмайди», деб жавоб беради.
100 фоиз аниқликни даъво қилмаслик – илм-фаннинг кучидир. Ҳатто далиллар аниқ бир йўналишни кўрсатиб турса ҳам, олимлар барибир изланишда давом этади ва 100 фоиз аниқликни даъво қилмайди, ўз навбатида, ўз далилларини ҳаддан ташқари кучли ҳимоя қилишади. Масалан, ёнилғиларнинг ишлатилиши сабаб иқлим ўзгариб бораётгани ҳақида кўп фактлар мавжуд. Лекин сиёсатчилар худди кинодагидек «Келинг, кутайлик ва аниқроқ кўрайлик», дея масалаларни четга суришмоқда.
Олимлар маълум қиладиган ташвишли фактларни одамлар қабул қилиши қийин
Кинода комета одамларга кўрина бошлагач, «Юқорига қараманг» деган шиорлар билан турли тадбирлар, митинглар сиёсатчилар томонидан одамларни чалғитиш, олимларга эмас ўзларига кўпроқ ишонишга ундаш учун ўтказилади. Президент ва унинг жамоаси одамларни тепага қарамасликка, астрономлар эса тепага, осмонга қарашга чақиради.
Иқлим масаласида ҳам худди шундай: одамларга кўпроқ маълумот берилса, улар чалғитилмаса, олимларни қабул қила олишади. Фақат уларга воқеалардан хабардор бўлиш учун кўпроқ имкон бериш керак. 2021 йилда ўтказилган халқаро тадқиқотга кўра, 80 фоиз одам иқлим ўзгаришига мослашиш учун ҳаёт ва иш тарзини ўзгартиришга хоҳиш билдирган.
Технологиялар биз ҳаракат қилмасак ҳам, бизни асраб қола олади
Лекин фильмда ундай эмаслиги кўрсатилади. Президент астрономларга эмас, дунёнинг энг бой одамларидан бири, ҳукуматга яқин шахс Питер Ишервелл таклиф қилган технология асосида кометани йўқ қилишга уриниб кўради ва ҳаммаси барбод бўлади.
Одамларнинг ҳақиқатга эмас, ўзлари умид қилган нарсага ишонишлари реал ҳаётда бор ҳолат.
Масалан, углеродни тутиб қолувчи технология инсониятни иқлим ўзгаришлари таъсирларидан ҳимоя қилади, деган ишонч (турмуш тарзида, иш жараёнида ва сиёсий даражада ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан) ҳақиқатдан кўра умидга кўпроқ яқин бўлиши мумкин. Албатта, технологиялар иқлим муаммоларига қарши курашда ёрдам беради, бироқ натижа кутилганидай тез бўлмаслиги мумкин.
Иқтисодиёт – ҳамма нарсадан муҳим
Иқлим муаммоларини ҳал қилиш, ўзгаришларни секинлаштириш учун чоралар кўриш иқтисодиёт учун қимматга тушиши мумкин, бироқ шу сабаб учунгина ҳаракатларни бошламаслик, иқтисодиётни кўпроқ ўйлаш худди кинодагидек фавқулодда йўқотишларга сабаб бўлади.
Қилинадиган ҳаракатлар одамлар мансуб бўлган сиёсий гуруҳларга мос бўлиши керак
Ривожланган давлатларда кўпинча одамлар турли сиёсий қутбларга мансуб ва улар турли масалаларда ўзлари мансуб бўлган гуруҳ кайфиятига қараб ҳаракат қилишади. Бироқ йирик хавфлар, экологик офатлар, пандемиялар одамларнинг сиёсий қарашларига қараб ўтирмайди, улар ҳаммага бирдай зарар етказаверади. Коронавирус пандемияси даврида ҳам инсоният бунинг исботини кўрди.
Кино қаҳрамонлари реал ҳаётда мавжудми?
Кинодаги образларни ҳаётдаги ҳақиқий шахслар сифатида ҳам талқин қилишмоқда.
Масалан, доктор Минди – реал ҳаётда Ди Каприонинг ўзи. Ди Каприони экофаол сифатида жаҳон ҳамжамияти яхши танийди.
Унинг ассистенти Кейт эса Грета Тунберг бўлиши мумкин. Кейт Гретанинг айнан акси эмас, лекин уларнинг характерларида кўп параллеллар мавжуд. Кейт дунё тақдирига жуда ташвишланиб қарайди ва бошқалардан ҳам шуни кутади, жиддий қабул қилишмаганда ғазабланади, одамлар эса уни мемга айлантиришади.
2018 йилда илк чиқишлари билан танилган Гретани ҳам одамлар шундай кутиб олишган эди.
Технология магнатларидан бири, фильм бошида даҳо инсон сифатида тасвирланган Питер Ишервелни Илон Маск, Марк Цукерберг, Жефф Безос каби миллиардерларга ўхшатиш мумкин. Миллиардерлар иқлим муаммоларидан кўра бойликни биринчи ўринга қўйгани, космос парвозларига қизиққани учун доимий танқидларга учраб келади.
Президент Жени Орлеан эса собиқ президент Дональд Трампнинг карикатураси. Унинг астрономлар аниқ хавфни айтишса ҳам, инкор қилган ҳолда фанни ўзига мослаштириб, «Юқорига қараманг» дея оммавий митингларда ҳайқириқлар уюштириши худди Трампнинг фаолиятини эслатади. Трамп коронавирус пандемияси бошланган даврда айтилган фактларни жиддий қабул қилмасликда айбланади.
Умумий муаммо акси
«Юқорига қараманг» фильми воқеалари гарчи биздан бутунлай фарқли бўлган маданият одамлари билан содир бўлса ҳам, кўп ҳолатларда унда ўзимизга тааллуқли муаммолар ва ҳолатларни ҳам кўриш мумкин. Масалан, одамлар жуда жиддий ва ўзларига хавф солиб турган илмий муаммодан кўра таниқли қўшиқчининг шахсий ҳаётидаги воқеага кўпроқ қизиқади.
Агар кинога иқлим муаммоларининг сатираси, деган таҳлиллар нуқтайи назаридан қарасак, унда акс этган мавзуни ҳамма учун долзарб деб қабул қилиш мумкин.
Масалан, Ўзбекистон иқлим ўзгаришидан кўпроқ зарар кўрадиган ҳудудда жойлашган бўлса-да, ҳали одамлар иқлим муаммолари ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришни бошлагани йўқ. Сўнгги пайтларда глобал ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрлардан 1 даража исиган бўлса, Марказий Осиё 2 даражага исиди. Ўзбекистонда ҳарорат глобал миқёсдагидан кўра тезроқ кўтарилган ва бу давом этади.
«Юқорига қараманг» фильмидаги каби кометани ўзимиз осмондан кўрмагунимизча ҳеч нарсани сезмасдан яшайверсак, оқибати нима бўлиши ҳақида ўйлашнинг ўзи қўрқинчли...
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади
Мавзуга оид
17:12 / 20.12.2024
Google қидирувида «Калмар ўйини»ни ўйнаш имконияти пайдо бўлди
21:44 / 05.11.2024
Netflixʼнинг Париж ва Амстердамдаги офисларида тинтув ўтказилди
21:12 / 08.06.2023
Ўзбекистон ривожланишнинг қай босқичида: иқтисодиёт, сиёсат ва таҳдидлар
07:57 / 11.04.2023