Ўзбекистон ривожланишнинг қай босқичида: иқтисодиёт, сиёсат ва таҳдидлар
Ўзбекистон ўз тарихидаги 7-президентлик сайлови арафасида турибди. Хўш, бу сиёсий жараён мамлакат ривожланишининг қайси тарихий босқичида рўй бермоқда? Kun.uz мухбири яқин сиёсий ўтмиш ва бугунги статус-кво ҳақидаги саволларни фаоллар билан муҳокама қилди.
Интервю меҳмонлари Сиёсатшунос Фарҳод Толипов, ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ва таълим масалалари бўйича эксперт, иқтисодчи Баҳодир Ғаниевни бўлди.
— Инсоният тарихида ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий формацияси, яъни ривожланиш босқичи бўлади. Бу дейлик, қулдорлик, феодализм ёки капитализм. Бу босқичларга хос хусусиятларни ҳам яхши биласиз.
Хўш, иқтисодчи, ёзувчи ва сиёсатшунос сифатида бугунги ўзбек давлатчилиги, жамияти qaysı ижтимоий-иқтисодий формация босқичида деб ўйлайсиз?
Фарҳод Толипов:
— Ижтимоий-иқтисодий формация тушунчаси сиёсатшуносликда бир хилда қабул қилинган қатъий тушунча эмас, лекин тушунарли бўлган атама. Тарихдан маълумки, инсоният бугунга қадар бир нечта босқичлардан ўтган: қулдорлик, феодализм, капитализм, социализм каби. Лекин буларни қатъий даврлаштириб бўлмайди, ҳар бир жойда ҳар хил. Формацияларнинг баъзи босқичдаги кўринишлари баъзи ҳолатларда иккинчи бир босқичда ҳам меросдек сақланиб қолади. Бизда ҳам, баъзи собиқ иттифоқ давлатларида ҳам социализмнинг баъзи элементлари сақланиб қолмоқда. Соф бўлиниш, фарқланиш кейинчалик бўлиши мумкин.
Тарихчилар, бошқа бир мутахассислардан бу борада сўз сўраганимда, доим бозор иқтисодиёти дейишади. Тўғридан тўғри капитализм дейишга чўчишади. Мустақилликнинг илк давридан шунақа бизда. Менимча, Совет давридаги қўрқув онгда бор ҳалиям. Умуман олганда, капитализм бу. Ўзи адабиётларда капитализмдан сўнг социализмга ўтилади, дейилади, лекин биз социализмдан сўнг капитализмга ўтдик.
Улуғбек Ҳамдам:
— Марксизм нуқтаи назаридан қаралса: синфлар бўлмаган тизим, яъни ибтидоий жамоа тизими, синфлар мавжуд бўлган қулдорлик, феодализм, капиталистик тизимлар, кейин эса социализм. Социализм ҳам босқичларга бўлиниб кетади.
Одамларни, ҳаётни кузатиб айтадиган бўлсам, бизда ҳаммаси аралаш. Яъни қанақадир «mix» ҳолатда турибмиз. Айб формацияларда ҳам эмас, менимча. Биз социализмдан воз кечдик деймиз, лекин шу социализмни ҳам жуда яхши ривожлантираётган мамлакатлар бор, масалан, Хитой, Австрия каби давлатлар. Қозоғистон ривожланди ёнимиздаги, шунинг учун айбни формациядан қидирмаслик керак. Масалан, кўпгина капиталистик мамлакатларда ижтимоий ҳимоя масаласи жуда яхши йўлга қўйилган, бизда бу нарса фақат социализмга хос дейилади.
Қишлоқлардаги кластерлар, ижарачилар, фермерлар бор — феодализм кўринишида булар. Шаклда ривожланиш бор, лекин мазмун-моҳияти шундай. Инсоният ҳу ортда қолдириб келган нарса бизда яшаяпти. Шунинг учун аралаш. Бу ерда гап ўша формацияларни қай даражада ривожлантириш, халқ савиясида гап.
Баҳодир Ғаниев:
— Мен учун қайсидир ҳудудда, қишлоқ бўлсин, туман, вилоят бўлсин, қарорлар қабул қилишда ўзини эга ҳисобласа, бу — феодализм. Яъни муносабатга боғлиқ. Қачонки халқни ўйлаб, халқ вакили сифатида иш кўрса, ўшанда феодализмдан чиққан бўламиз. Ҳокимларни сайлаш масаласи деймиз, лекин унинг ҳам бунга таъсири йўқ. Демократия ривожланмаган жамиятда сайлов — элиталарнинг ўз лавозимини расмий тасдиқлаш усули, холос.
Бизда капитализм йўқ, лекин шунга қараб кетяпмиз. Юқорида айтилгандек, қишлоқ жойларда ер эгалиги, маҳаллий ҳокимликлар масаласида феодализм ҳали ҳам бор. Бундан ташқари, Совет давридан қолган социализм кўринишлари бор. Оддий мисол: коммунал тўловлардаги субсидиялар, яъни арзон. Яхши-ёмон демаяпман, аммо уч формация ҳам бор бизда — аралаш.
Шок терапиясини ўтказган давлатлар биринчи навбатда энергия ресурсларининг нархини эркинлаштирган. Аҳоли тўлов қобилияти ҳам ҳисобга олинади, лекин асосий омил бўлмайди. Бизга қимматроқ бўлиб, қишда ҳам энергия узилишлари бўлмагани яхшироқ, менимча, арзон бўлиб, қишда йўқ бўлиб қолгандан кўра. Тўланаётган сўммалар қаерга кетаётгани эса ижтимоий сиёсат масаласи эмас, балки шаффофлик ва демократия масаласи. Нарх ошиши ва коррупция, нотўғри сарфланиш каби нарсалар икки хил масала.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:41 / 16.12.2024
2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 200 млрд долларга етиши мумкин
20:24 / 14.12.2024