Иқтисодиёт | 13:41 / 16.12.2024
5257
2 дақиқада ўқилади

2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 200 млрд долларга етиши мумкин

Ҳиндистонда чоп этиладиган Business Central Asia ойлик журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистонга бағишланган туркум материаллар эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

"Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда икки баравар ўсиб, 100 миллиард долларлик маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 2024 йилда 3 минг долларга етиши кутилмоқда. Экспорт ҳажми қарийб икки баравар кўпайиб, биринчи марта 25 миллиард доллардан ошди, олтин-валюта захиралари эса 40 миллиард долларлик довонни забт этди. Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръатлари энг юқори бўлган учта давлат қаторидан жой олишини эътироф этди", – деб таъкидланган мақолада.

Журнал давлат раҳбарининг парламент қуйи палатасидаги нутқида келтирилган қуйидаги рақамларга алоҳида эътибор қаратган. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган эди. Барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу кўрсаткич жорий йилнинг ўзида 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Шундай суръат жадал давом эттирилса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш салоҳияти мавжуд. Бу аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга асос бўлади.

Нашр Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, келгуси беш йил давомида иқтисодий ўсиш суръатларини 6-7 фоиз даражасида таъминлаш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш, давлат-хусусий шериклик доирасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа долзарб вазифалар ҳақида батафсил маълумот келтирган.

Business Central Asia Ўзбекистон ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёни ҳақидаги мақолаларни ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилган.

Мавзуга оид