Жаҳон | 09:36 / 12.02.2022
56913
4 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти ҳокимиятни ўғлига топширишга қарор қилди. У давлат бошқарувига ёшлар келишини айтди

Фото: Kun.uz

11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламенти олий палатасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Туркманистон давлат ахборот агентлиги.

Йиғилиш якунида, 2022-2052 йилларда давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш миллий дастури қабул қилингандан сўнг, президент Гурбангули Бердимуҳаммедов сўз олди.

У бундан роппа-роса 15 йил аввал президент этиб сайланганини қайд этиб, чарчаганига ишора қилди.

«Мана 15 йилдан буён Туркманистон президенти сифатида энг юқори ва ўта масъулиятли лавозимда ишлаяпман. Шу билан бирга, мен Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси, Давлат хавфсизлик кенгаши раиси, Туркманистон Қуролли кучлари олий бош қўмондони, Туркманистон халқ маслаҳати миллий кенгаши раиси вазифаларини бажаряпман», — дея Бердимуҳаммедовнинг сўзлари келтирилган расмий хабарда.

Туркманистон президенти давлатни ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга оширишда ёшларга катта умид боғлашини, бундан икки йил аввал пайғамбар ёшига етганини ва сенаторлар билан ўзи ҳақидаги қийин қарорни муҳокама қилмоқчи эканлигини таъкидлади. 

«Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви сари йўлни маънавий муҳитда ва замоннинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш етакчиларга бериш керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Мен Халқ маслаҳати раиси сифатида катта ҳаётий ва сиёсий тажрибамни бундан буён ҳам шу соҳага йўналтириш ниятидаман», — деди Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Ўтган йилдан бери Туркманистон парламенти юқори палатаси бўлиб келаётган Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари сессияси 11 февраль куни, Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келганининг 15 йиллиги куни бўлиб ўтди. 

Январь ойи бошида навбатдан ташқари сессия ўтказилиши эълон қилинганидан бери, қўшни Қозоғистонда тартибсизликлар давом этар экан, кўпчилик 64 ёшли Бердимуҳаммедов ўзи раислик қилаётган парламент юқори палатаси ваколатларидан фойдаланган ҳолда ҳокимиятни ўз ўғли Сардор Бердимуҳаммедовга ўтишига йўл очувчи қарорлар қабул қилиш ниятида эканини кутган эди.

Ўтган йилнинг сентябрида 40 ёшга тўлган Сардор Бердимуҳаммедов энди конституцияга кўра энг юқори давлат лавозимига даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга. Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2021 йилнинг 11 февралида отаси уни бош вазир ўринбосари ва ҳукуматдаги бошқа бир қатор муҳим лавозимларга тайинлаганидан сўнг, Сардорнинг сиёсий карьерасида жиддий ўсиш кузатилди. 

Туркманистон президентининг сўзларидан у ўз тажрибасидан фақат Халқ маслаҳатида ишлашда фойдаланмоқчими ёки ҳокимиятни имкон қадар тезроқ ёш авлодга топширишни назарда тутганми, ҳозирча аниқ эмас. 

Эътиборлиси, Бердимуҳаммедовнинг ўзи раислик қилган парламент юқори палатаси навбатдан ташқари сессияси фақат давлат телевидениеси янгиликлар дастурининг кечки сонида кўрсатилган. 

Шунингдек, сессияда «2022-2052 йилларда давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг Миллий дастури» қабул қилингани ҳам хабар берилган. «Суверен давлат янги даврининг тикланиши» деб номланган ушбу дастурни Сардор Бердимуҳаммедов тақдим этгани ҳам эътиборга молик. 

Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистонда ҳокимият тепасига 2006 йилда, мамлакат биринчи президенти Сапармурод Ниёзов вафотидан кейин президент вазифасини бажарувчи сифатида келган эди.  

Мавзуга оид