ЎзМУ кутубхонасидаги ўнлаб нодир қўлёзмалар йўқолгани тасдиқланди. Мансабдорларга нисбатан жиноий иш очилган
Ўзбекистон Миллий университети фондида сақланаётган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон-торож қилингани тасдиқланди. Бош прокуратуранинг Kun.uz'га маълум қилишича, университет мансабдорлари ва Ахборот ресурс маркази директорига нисбатан 3 та модда бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура Ўзбекистон Миллий университетида йўқолган бўлиши тахмин қилинаётган ўнлаб нодир қўлёзмалар билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини якунлади. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, текшириш давомида ЎзМУ Ахборот ресурс маркази фондида сақланган ХIII-ХIХ асрларга оид қиймати 2,6 млрд сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон-торож қилингани ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
«2022 йил 19 февраль куни университет мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, хусусан Ахборот ресурс маркази директори (И.К.) ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ва 227-моддаси (Ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Иш ҳужжатлари тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди», дейилади Бош прокуратура тақдим этган маълумотда.
Kun.uz сайтида 2021 йил 23 декабрь куни 2019 йилдаги таъмирлаш ишларидан сўнг Ўзбекистон Миллий университетининг нодир қўлёзмалар сақланадиган музейи фаолияти тикланмагани ва у ердаги қимматбаҳо ва ўта нодир ҳисобланган 100дан ортиқ китоблар сотиб юборилган бўлиши мумкинлиги хабар берилган эди.
2021 йил 24 декабрь куни кутубхонадаги ҳолатни Бош прокуратура ўрганишни бошлади.
Дастлаб вазиятга изоҳ беришдан қочиб юрган ЎзМУ ректорати ишни прокуратура ўрганишни бошлагач, суриштирув ўтказиб, муаммони кўтариб чиққан нашр – Kun.uz қолиб, телевидение ва бошқа интернет нашрлар вакиллари чақирилди ва уларга бир неча китобларни олиб чиқиб, булар ўша «йўқолган ёки сотиб юборилган» деб айтилаётган нодир китоблар эканини айтиб, улар йўқолмаганига ишонтирмоқчи ҳам бўлди.
Шунингдек, 24 декабрь куни ЎзМУ ректори Иномжон Мажидов ОАВ вакиллари билан учрашиб китоблар йўқолмагани ҳақида гапирган, лекин бирорта ҳам ишонарли далил келтира олмаган эди.
«Бу китоблар бор, борлиги аниқ. Биз бугун ҳаттоки китобларни олиб чиқиб ҳам қўйдик, кейин ўзимиз ҳам қўрқиб кетиб бир кабинетга олиб кириб қўйдик. Кечроққа яқин прокуратура ходимлари ҳам келган, мутахассисларга ҳам ўқитди. [Прокуратура ходимлари] бориб уни ёпиб қўйди.
Мен айтмоқчиманки, ўша китобларни менга ҳам ўша дейишди. Мен араб тилидаям, форсийдаям ўқий олмайман. Лекин у аниқ бор, бизга мутахассислар «ҳа, бу ўша китоблар», деб айтяпти», - деган эди Иномжон Мажидов.
Kun.uz томонидан эълон қилинган мақоладаги йўқолгани тахмин қилинаётган ХIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа ўнлаб нодир, жаҳон бозорида миллион доллар турадиган қўлёзмалар қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб, жиноий иш оқибатларидан жамоатчиликни хабардор қилиб боради.
Мавзуга оид
07:37 / 24.12.2024
Аҳолини кўмир билан таъминлаш учун ажратилган маблағни талон-торож қилган шахс ушланди
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
19:59 / 17.12.2024
Қорақалпоғистонда 1 млрд сўмлик кўмир талон-торож қилингани аниқланди
08:00 / 05.12.2024