Ўзбекистон | 18:56 / 02.03.2022
5483
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонга Термиз орқали ЮНИСЕФнинг инсонпарварлик ёрдами юборилди

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Инсонпарварлик юклари ортилган юк машиналари карвони Термиздан Афғонистонга йўл олган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2022 йил 2 март куни БМТнинг болалар фонди ЮНИСЕФ Сурхондарё вилоятида жойлашган “Термиз каргоцентр” логистика марказидан оғир ижтимоий шароитда яшаётган афғонистонлик оилалар учун инсонпарварлик ёрдами юборган.

Мазкур инсонпарварлик юклари ортилган автокарвон 16 та юк машинасидан иборат бўлиб, уларга санитария-гигиена воситалари ва уй-рўзғор буюмларидан иборат.

Мазкур юклар қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига етказиб берилади.

БМТ болалар фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг маълумотларига кўра, бугун  Афғонистонда 3 миллиондан ортиқ она ва бола оғир ижтимоий шароитда яшамоқда. Мазкур ёрдам ЮНИСЕФнинг Афғонистонга юборилаётган илк инсонпарварлик ёрдами ҳисобланади. Фонд Афғонистонда оғир шароитда яшаётган оналар ва болаларга йил давомида инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни режалаштирган.

Қайд этилишича, Афғонистонга юборилган барча санитария-гигиена воситалари ва уй-рўзғор буюмлари тўлиқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.

Маълумот учун, БМТ Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиш учун асосий логистика марказини бунёд этган. Шу пайтгача мазкур марказ орқали бир неча марта БМТнинг инсонпарварлик юклари Афғонистонга етказиб берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам бир неча бор Афғонистонга кўп минг тоннали озиқ-овқатдан иборат инсонпарварлик юкларини етказиб берди.

Мавзуга оид