2021 йилда қарийб 40 минг нафар аёлга ҳимоя ордери берилган – Сенат
2020 йилда салкам 15 минг аёл ҳимоя ордери олганди. Бир йил ичида бундай ордерларга зарурат 1,5 баробардан кўпроққа ўсган.
2021 йили тазйиққа учраган 39 343 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Бу маълумот Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 7 март куни бўлиб ўтган мажлисида очиқланди.
Мажлисда оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги, бундай масалалар маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилаётгани танқид қилинди.
Таъкидланишича, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмагани оқибатида ўтган йили 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи, яъни 8 589 таси Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят содир этилган.
Мажлисда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолаётгани, ушбу турдаги жиноятларнинг 65,2 фоизи атиги 4 та ҳудуд – Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятлари ҳиссасига тўғри келиши маълум қилинди.
Аввалроқ, ИИВ мулозими Kun.uz’га берган интервьюсида 2020 йилда оилаларда ўтказилган суҳбатлар орқали зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 14 774 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқлари ИИВ томонидан ҳимояга олинганини айтганди. 2021 йилда берилган ҳимоя ордерлари сони 2020 йилдагидан 1,5 баробардан ҳам кўпроққа ўсган.
Аввалроқ, ИИВ 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида аёлларга зўравонлик ҳолатлари кескин ошгани, натижада республика бўйича 20 минг 387 та ҳимоя ордери расмийлаштирилгани, бу 2020 йилнинг шу даври билан солиштирилганда қарийб 6 баробарга кўп эканини очиқлаганди. Маълумот учун: 2020 йилнинг дастлабки 7 ойида республика бўйича 3 592 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси оилавий келишмовчиликлар боис содир этилади. Қайд этилишича, Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг 73 фоизи оилада юз беради. Мутахассислар ҳақиқий рақамлар расмий маълумотлардагидан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлашади.
Қонунга кўра, ҳимоя ордери зўравонликка учраган шахсларни қуйидагича ҳимоялайди:
- тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлайди;
- тарафлар ўртасида алоқани тақиқлайди (иш ва таълим муассасаларида билвосита алоқага йўл қўйилади);
- тарафларнинг бир хонада бирга бўлишига йўл қўйилмайди;
- зўравон шахс зиммасига мажбуриятлар юклайди (жабрланувчини даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш каби);
- зўравон шахснинг қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи чекланади (хизмат қуролидан ташқари).
Ҳимоя ордери қай тартибда берилади:
- Жабр кўрган аёл ёки бу ҳақда хабардор бўлган учинчи шахс (қўшни, қариндош ва бошқалар) яшаш ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади.
- Хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари жабрдийданинг яшаш шароитини ўрганиб чиқади. Маҳалла фаоллари, ҳудуддаги хотин-қизлар қўмитаси масъул вакиллари иштирокида вазият ўрганиб чиқилади, қўшниларнинг фикри ҳам олинади. Ҳар бир инстанция хулосаси жамланиб, 24 соат муддатда ордер бериш масаласи ҳал қилинади. 30 кунлик муддат учун бериладиган ҳужжат уч нусхада бўлади, яъни аризачи, зўравонлик содир қилган шахс ва профилактика инспекторида сақланади.
- Ҳужжат юридик кучга эга бўлиб, шу 30 кун муддат ичида зўравонлик қилган шахс томонидан жабрланувчига нисбатан яна шундай ҳолат такрорланса, унга нисбатан жиноят иши очилади. Хавф-хатар ҳали ҳам мавжудлиги аниқланса, ҳимоя ордерининг муддати яна узайтирилиши мумкин.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
15:48 / 20.11.2024