Жамият | 18:08 / 07.03.2022
37834
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда ёш оила 4 нафар эгизак фарзандли бўлди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳри Юнусобод туманида туғилган 4 нафар эгизак — 3 ўғил ва 1 қизнинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, 6 март куни шу туманда яшовчи Камола Шукруллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи — туман ички ишлар бўлими лейтенанти Беҳруз Худойбердиев бирйўла 4 нафар эгизакнинг ота-онасига айланган. Республика перинатал марказида чақалоқларнинг соғлом туғилиши учун зарур шароит ҳозирланиб, кесарча усулида, асоратсиз туғуруқ амалиёти ўтказилган. Натижада оғирлиги 1,5, 2,3 ва 2,5 килограммлик 3 нафар ўғил ҳамда 2,3 килограммлик қизалоқ дунёга келган.

«Ҳозирда гўдакларнинг аҳволи яхши. Уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланиши неонатолог шифокор ва ҳамширалар назорати остида», — дейилади ССВ хабарида.

Таъкидланишича, бу 2022 йилда Республика перинатал марказида тўрт нафар эгизак туғилиши билан боғлиқ учинчи ҳолат ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 25 январь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Тоировлар оиласида тўрт эгизак - 2 қиз ва 2 ўғил дунёга келганди.

Мавзуга оид