Ўзбекистон | 11:32 / 08.03.2022
18802
4 дақиқада ўқилади

«Имтиҳондан 5 марта йиқилганман» — ишни фаррошликдан бошлаган инспектор аёл

Ҳаётда ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, у томон тинимсиз ҳаракат қилаётган матонатли инсонлар жуда кўп. Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз — ўқишдан 5 марта йиқилиб, фаолиятини фаррошликдан бошлаган инспектор аёл.

Ҳурзада Реймқулова Қорақалпоғистоннинг олис Тахтакўпир туманида туғилган. Қиз бола бўлишига қарамай, ёшлигидан ҳарбий, ички ишлар органлари соҳасига қизиққан. У ҳозирда Тахиатош тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимида ишлайди. Подполковник унвонига эга.

Ҳурзада Реймқулова ИИВ академиясидан бир эмас, икки эмас, нақ 5 марта йиқилган. Шунга қарамай, мақсадига етишиш йўлида ортга чекинмади. Соҳага қизиқиши сабаб, у бу йиллар мобайнида ИИВ академиясида оддий фаррош бўлиб ишлади. Яшаш ва ўқишга тайёргарлик учун пул етмагани сабаб тунги соат 22:00 дан кейин мактабларнинг полини ювишига ҳам тўғри келди.

«Соҳага қизиқиш шу даражада бўлдики, ҳатто академияда фаррошлик қилдим. Бу хизматим учун ойига 17 минг сўм олардим. Тахтакўпирдан, онамдан ойига фақат 10 минг сўм келарди. 27 минг сўм Тошкентда яшашга етмасди. Шундан кейин ёнимдаги дугонам билан қўшимча иш топишга қарор қилдик. Тунги соат 22:00 дан кейин мактабларнинг полини ювардик. Бу ишимиз учун ойига 5 минг сўмгина олардик. Шундай қилиб, бир ойда 32 минг пул билан Тошкентда яшаганмиз. Бу пулларнинг 7 минг сўмини ижарага, қолганини озиқ-овқат учун ишлатардик», — дейди у.

Ҳурзада тенгқурлари орасида турли хил гап-сўзлар қайтанга унга куч берганини, академиядан йиқилган йиллари қишлоғидаги синфдошлари айтган камситишлар мотивация берганини айтади. Ҳар доим ўрнидан туришга бир воқеа сабаб бўлганини таъкидлайди.

«Қишлоғимиздаги қўшни йигитнинг айтган гаплари ҳалиям эсимдан чиқмайди. Академияга қандай қизлар топширади?! Ҳой, академияга топширмоқчи экан қизлар, деган сўзларни эшитганман. Шу пайтда, албатта, шу соҳага кираман, деб мақсад қўйганман. Вақти келиб ўша йигит билан учрашиб қолганмиз. У ҳозир мендан қаттиқ уялади. Иши тушиб келган вақтлари ҳам бўлди. Барибир мен уларга раҳмат айтаман. Агарда ўша вақтда шу айтган камситишлари бўлмаганда эди, мен бу даражага эриша олмасдим», — дея эслайди қаҳрамонимиз.

Ҳурзада Реймқулова 14 йилдан бери ИИВ соҳасида ишламоқда. Оилали, 3 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси. Ҳам ишга, ҳам оилага бирдай улгура олади. Нукус шаҳридан Тахиатош туманига ҳар куни қатнаб ишлайди. Уй-рўзғор юмушларига улгуришга ҳаракат қилади. Ҳар куни сигир соғишга ҳам вақт топади. Кечқурунлари онаси, 3 нафар қизи кутиб олади. Қаҳрамонимиз биз билан суҳбатда фаолиятидаги энг оғир дамларни эсга олди.

«2020 йил сентябр ойида қаттиқ карантин шароити эди. Ҳамма коронавирус билан касалланган бир давр. Халқимиз жуда оғир ҳолатга тушиб қолганди. Шифокорлар ва ички ишлар органлари ходимларига ҳар доимгидан кўпроқ талаб бўлаётганди. Ўшанда чидаб тура олмадим. Яқинда кўзим ёришига қарамай, 3 ойлик фарзандимни уйга ташлаб, ишга чиқиб кетдим», — дейди Ҳурзада Реймқулова.

Инспектор аёл билан суҳбатимиз якунида Ҳурзада ўзи каби аёлларга, ёшларга тавсияларини берди. Унинг айтишича, энг муҳими, инсон ўз олдига катта мақсадларни қўя олиши ва унга етишиш учун тинимсиз ҳаракат қилиши керак.

«Ҳар бир инсон олдига мақсад қўйиши керак. Шу мақсад йўлида тинимсиз ҳаракат қилса, албатта, ниятига етади. Йиқилиб қолсангиз, албатта, ўрнингиздан туришингиз керак. Ҳеч ким сизни йиқилган жойингиздан турғизиб қўя олмайди. Ҳеч ким сизни тубликдан олиб чиқа олмайди. Фақат ўзингиз буни қила оласиз. Қизларга айтарим, ҳаракатдан тўхтаманг, мақсад қўйинг ва ҳаракат қилинг. Мақсадингизга етмагунча асло ҳаракатдан тўхтаманг».

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид