Жаҳон | 18:11 / 22.03.2022
22001
4 дақиқада ўқилади

Алексей Навальний 9 йилга қамалди

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний фирибгарлик ва судьяни ҳақорат қилишда айбли деб топилиб, суд томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо қаттиқ тартибли колонияда ўталиши белгиланди.

Фото: Сергей Фадеичев / ТАСС

Москва шаҳридаги Лефортово суди 22 март куни россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийни фирибгарлик ишида айбдор деб топди.

Алексей Навальний ўзи асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди пулларини ўзлаштириш ва судьяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилди. Прокурор Навальнийга 13 йил қамоқ жазоси сўраганди, суд 9 йил қамоқ жазоси беришга қарор қилди.

Жазо қаттиқ режимдаги колонияда ўталиши белгиланган. Шунингдек, 1,2 миллион рубль миқдорида жарима ҳам белгиланган.

Навальнийга нисбатан илгари сурилган айбловда у фондга хайрия қилинган 2,6 миллион рубль пулни ўзлаштиргани айтилган. Навальнийнинг айтишича, ҳатто айбловда ҳам бунга исбот келтирилмаган, даъвогарлардан бири эса чилангар бўлиб, Навальнийнинг фондига 1 миллион рубль ўтказгач, уч ҳафтадан кейин унинг устидан арзнома киритган.

Алексей Навальний олдинги судда судяни ҳақорат қилмаганини ҳам айтганди.

«Балки кулги учун шундай банд қўшишгандир. «Жаноб судья, сиз қонунни бузяпсиз» иборасининг нимаси ҳақорат? «Сиз якунлашингизни кутяпман», деган сўзим кимни ҳақорат қилди?» деганди сиёсатчи суд мажлисида.

Навальний ўзига қарши айбловларни сиёсий позицияси учун деб билади.

2021 йил 2 феврал куни Москванинг Симоновский суди Алексей Навальнийни «Ив Роше» иши бўйича айбдор деб топиб, чиқарилган шартли жазо муддатини бекор қилган ва унга 3,5 йилни умумий тартибдаги колонияда ўташ жазосини тайинланганди. Яъни ўтган йил феврал ойида Навальний 2 йил-у 8 ойни қамоқда ўтказиши белгиланганди.

«Ив Роше» иши нима ўзи?

2014 йил Алексей Навальний укаси Олег билан «Ив Роше» иши бўйича айбдор деб топилган. Улар фирибгарлик ва пул ювишда айбланган. Навальний ўшанда шартли равишда 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган ва унинг синов муддати 2020 йил 30 декабрда ўз ниҳоясига етган. 2017 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Навальнийнинг ишида Европа конвенцияси талаблари бузилганини эълон қилганди.

Кейинчалик Россия Олий суди ишни қайтадан кўриб чиққан, лекин ҳукм ўзгармаганди. Олий суд жиноят аломати бўлган ишларни фақат маҳаллий судлар кўриб чиқишини иддао қилган. Айбловга кўра, Навальнийлар оиласига тегишли бўлган корхона офшор компанияларда пул ювишда қатнашган. Яъни 2008 йил Франциянинг «Yves Rocher» парфюмерия компаниясининг Россиядаги филиали бўлган «Ив Роше Восток» фирмаси Кипрдаги ошфор компаниялардан бири билан шартнома имзолайди. Ўзаро ҳамкорлик давомида «Ив Роше»дан Навальнийлар оиласига қарашли корхона ҳам 19 миллион рубль пул олади. Бу пуллар ижара учун деб ўтказилган. 2012 йил «Ив Роше» ижрочи директори Бруно Лепрунинг аризасига кўра, Навальнийларга нисбатан иш очилади. Компания улардан 26 миллион рубль зарар кўрганини айтади. Шу тариқа, Олег ва Алексей Навальний суд томонидан айбдор деб топилади.

Алексей Навальний 2020 йил 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётганида самолётда ўзини ёмон ҳис қилади. Аҳвол ўнгланмагач, экипаж самолётни Омскда фавқулодда қўндиришга мажбур бўлади. Омск аэропортига борган тез ёрдам машинасида Навальний заҳарлангани аниқланади ва сиёсатчининг айтишича, тез ёрдам машинасида унга қилинган оғуга қарши укол кейинчалик ҳаёти сақланиб қолишига имкон берган.

Кома ҳолатидаги Навальнийни оиласи Германиядаги «Шарите» клиникасига олиб кетди. У ерда ўзига келган мухолифатчи ўзи фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганини айтганди. 2021 йил 17 январ куни Алексей Навальний Россияга қайтди ва аэропортдаёқ қўлга олинди. Шундай буён сиёсатчи озодликка чиққани йўқ. Навальний Россияга қайтганидан икки кун ўтиб унинг каналида Владимир Путин ҳақидаги суриштируви эълон қилинганди.

Мавзуга оид