Спорт | 12:37 / 06.04.2022
29293
12 дақиқада ўқилади

Де Брюйне Симеоне деворини бузиб ўтди, «Ливерпуль» масалани деярли ҳал қилди. ЕЧЛ ўйинлари

Манчестерда мадридликлар бутун жамоа бўлиб ҳимояланишди, аммо барибир таслим бўлишди. Клопп жамоаси эса Португалиядаги қийин ўйиндан ғалаба билан қайтди.

«Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси 1/4 финалида «Атлетико»га қарши уй учрашувида минимал ҳисобда ғалаба қозонди.

Манчестер Сити — Атлетико 1:0
Гол: де Брюйне (70). 
Манчестер Сити – Эдерсон, Канселу, Стоунз, Лапорт, Аке, Гундўған (Грилиш, 68), де Брюйне, Родри, Силва, Стерлинг (Жезус, 68), Маҳрез (Фоден, 68). 
Атлетико – Облак, Врсалько, Савич, Фелипе, Рейнилду, Лоди, Коке (де Пауль, 60), Кондогбиа, Льоренте (Кунья, 60), Гризманн (Корреа, 60), Фелиш (Лемар, 81).
Огоҳлантиришлар: де Пауль (69), Корреа (83), Жезус (85), Врсалько (90+2), Эдерсон (90+2).

Хосеп Гвардиола ва Диего Симеоне жамоаси ўйини – турлича футбол фалсафалари тўқнашуви. Табиийки, Манчестердаги илк ўйин олдидан Пепдан аргентиналик мутахассиснинг «антифутболи» ҳақида сўрашди. Каталониялик мутахассис ҳамкасбини танқид қилишни истамади: «Мен бу аҳмоқона баҳсга бир секунд ҳам сарфламайман. Ҳамма ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Агар улар енгишса, улар ҳақ бўлиб чиқади. Агар биз ғалаба қозонсак, биз ҳақмиз. Футболчилар ҳал қилишади. Биз ҳам натижага эришиш учун шундай ўйин кўрсатишимизга тўғри келган. Бу футболнинг бир қисми. Мен уларнинг услубини танқид қилмайман, балки қандай яхши натижага эришиш учун таҳлил қиламан. Чиройли бўлмаган ўйин нима дегани? Менинг жамоам «Олд Траффорд»да 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Бернарду Силва бурчак зарбаси ижро этишга беш дақиқа сарфлади. Бу чиройли ҳолат эмас, бу ҳисобни сақлаш. Мен ҳеч қачон рақибни қилаётган ишлари учун танқид қилмайман».

«Атлетико» — Европадаги энг ҳимоявий ўйин кўрсатувчи топ-клуб ҳисобланади. Диего Симеоне ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида мадридликларни бошқариб, бу ерда идеал ишловчи тизим қурган. Уни бундай ўйин учун ёқтирмасликлари мумкин — ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлислар танқид қилишади — аммо бу стратегия самара бериб келмоқда.

Сайёранинг энг кучли жамоаларидан бирини сафарда қандай ютиш ёки ҳеч бўлмаганда очко олиш мумкин? Симеоне рецепти: очиқчасига автобус қўйиш. Аргентиналик мутахассис бундан ҳеч қачон уялмайди ва бошқаларнинг фикри уни ташвишга солмайди, у бу ўйинда ҳам фақат ўзи ва жамоаси натижаси ҳақида ўйлади.

Ўйин чиндан ҳам худди «Сити» 12 киши бўлиб ўйнаётгандек тасаввур уйғотди. «Атлетико» 5-5-0 схемасида жойлашди. Бу муболаға эмас: биринчи бўлимда (аниқроғи бўлимнинг тўртдан уч қисмида) тўпсиз ҳолатда Гризманн ва Жоау Фелиш қанотларда ўйнади. «Атлетико» икки номинал ҳужумчи билан майдонга чиққан бўлса-да, амалда улар мудофаа доктринасининг бир қисмига айланишди.

Айтиш мумкинки, Симеоне бундай йўл тутишининг сабабларидан бири сафардаги гол қоидаси бекор қилингани ҳам бўлди. Бундай картинага икки ой муқаддам, 1/8 финал доирасида «ПСЖ» — «Реал» ўйинида ҳам гувоҳ бўлгандик, аммо энди Испания пойтахтининг бошқа бир жамоаси янада чуқурроқ ҳимояланди. «Сити» майдон марказидан ёриб ўтишга ҳаракат ҳам қилмади, бу бефойда эди, шунинг учун бутун ўйин давомида тўп бир қанотдан иккинчисига ўтказилди. Шу билан бирга мезбонлар қанотлардан ўйнаб, деярли ҳеч нарса қила олишмади, танаффусга қадар «Атлетико»нинг режаси идеал даражада ишлади.

Иккинчи бўлимда Гвардиола Стерлингни марказга кўчирди, Гризманн эса ҳамон мудофаанинг олдинги чизиғини акс эттирса-да — «Атлетико» футболчилари жойлашуви 5-4-1 кўринишини эслата бошлади. Аммо бу ўйиннинг боришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. «Сити» ҳамон ўйин вақтининг 75 фоизида тўпга эгалик қилар, Гвардиоланинг ҳолати эса дежа-вюга қараб борарди, 2016 йилда — у ҳали «Бавария» бошқарувида эканида худди шу тарзда ЕЧЛ яримфиналида «Атлетико»га мағлуб бўлганди (2:1, 0:1).

Мадридликларда гол уриш учун ҳам имконият бўлди — масалан, иккинчи бўлим бошида Эдерсон дарвозасига Гризманн хавфли тарзда яқинлашиб келди, аммо уни тўхтатишга улгуришди, Льоренте эса 51-дақиқада дарвоза соҳаси томон аниқ зарба бера олди. Аммо голга «Манчестер Сити» яқинроқ эди ва ғалабага ҳақлироқ ўйнади.

Гвардиола жамоаси идеал ўйин кўрсатмади. Рақиб дарвозаси атрофида оригинал ҳаракатлар жуда кам бўлди, ўйиндаги энг хавфли вазият узоқ вақт давомида Де Брюйне томонидан амалга оширилган жарима зарбаси бўлиб турди (55-дақиқада). Симеоне иккинчи бўлим ўрталарида ҳужум чизиғи вакилларини бирданига алмаштириб, Гвардиолани чалғитиб ташлашга уринди, аммо испаниялик мураббий чалғимади ва ўзи керакли футболчи алмаштиришни амалга оширди.

Фото: DAVID S. BUSTAMANTE/GETTY IMAGES

Фил Фоден — «Сити» ўз мақсадига эришишини таъминлаган футболчи бўлди. Англиялик ёш футболчи 68-дақиқада майдонга чиқди ва ҳеч қанча ўтмай жарима майдони ичкарисига ташланган айёрона паси билан Де Брюйнени голли вазиятга чиқарди. Кейинроқ у яна бир голли вазият юзага келтирди, лекин Савич бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтариб юборди. Англиялик футболчи ўйинни жонлантирди ва яна бир бор бўлажак жаҳон даражасидаги юлдуз эканини намойиш этди.

Ўйин охирига бориб «Атлетико» футболчилари асабийлаша ва мезбонларга провокация қила бошлади, аммо меҳмонлар жавоб голини ура олишмади. 1:0 — Гвардиолани қониқтирадиган ҳисоб дейиш қийин, аммо бу барибир дурангдан яхшироқ.

«Ливерпуль» ўзига муаммо яратишига бир бахя қолди, аммо класс эвазига натижага эришди. Лиссабонда «Бенфика» устидан ғалаба қозонган (3:1) Юрген Клопп жамоаси яримфинал йўлланмасини деярли нақд қилди.

Бенфика — Ливерпуль 1:3
Голлар: Нуньес (49) — Конате (17), Мане (34), Диас (88).
Бенфика – Влаходимос, Жилберто, Вертонген, Отаменди, Гримальдо, Таарабт (Мейте, 70), Рафа Силва, Вайгль, Эвертон (Яремчук, 82), Нуньес, Гонсалу Рамуш (Мариу, 86).
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 89), ван Дейк, Конате, Робертсон, Алькантара (Ҳендерсон, 61), Фабиньо, Кейта (Милнер, 89), Салоҳ (Жота, 61), Мане (Фирмино, 61), Диас.
Огоҳлантиришлар: Алькантара (58), Таарабт (63).

Португалия — УЕФА коэффициентлари жадвалида олтинчи чемпионат. Топ-5дан кейинги энг яхши лига, назарий жиҳатдан Франция чемпионати билан рақобатчи. Аммо амалда айнан португал жамоалари грандлар ва бошқаларни ажратиб турувчи жарликни энг яхши ифодалайдиган клублардир. Ўтган мавсумда турнирдан «Ювентус»ни чиқариб юборган ва «Челси»га қарши муносиб ўйинлар ўтказган «Порту» эса истисноли ҳолат.

Бу мавсумда «аждарлар» гуруҳда учинчи ўринда қолиб кетишди, уйда «Ливерпуль» қаршисида имконсиз қолиб, йирик ҳисобда мағлуб бўлишди (1:5). Мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Спортинг» гуруҳдан чиққан бўлса-да, плей-офф стартида ўз мухлислари кўз ўнгида «Манчестер Сити» томонидан тор-мор этилди (0:5). «Бенфика» ҳам гуруҳда «Бавария»га қарши ўйинларда тўққиз гол ўтказди (0:4, 2:5). «Бургутлар» гуруҳ босқичида «Барселона»ни ортда қолдирган бўлса-да, каталонияликлар Роналд Куманнинг сўнгги ойларида жуда бечораҳол ҳолатда эди, сўнгги турда эса Хавининг магияси ҳали ишга киришмаганди.

Лиссабонлик «бургутлар» ҳам ўзгаришди. Янги йил арафасида клуб Жорже Жезушни истеъфога чиқарди. «Фламенго»дан қайтган мураббий мухлисларни ранжитди ва футболчилар билан келиша олмади. Якунда штурвал «Бенфика В» жамоасида ишлаб келган Нелсон Вериссимуга топширилди. Ички чемпионатда жамоа учинчи ўринда ва етакчидан 15 очко ортда қолган, бундай ҳолатда вақтинча мураббийга кейинги мавсумда ҳам ишонч билдирилиши даргумон.

Шунга қарамай, барча прогнозларни йўққа чиқарган ҳолда Вериссиму нимчорак финалда «Аякс» тўсиғидан ўтди ва чоракфиналда шунчаки статист ролида бўлишга рози эмаслигини кўрсатди. 44 ёшли мутахассис ҳатто «Ливерпуль»нинг заиф томонларидан фойдаланиш имконияти борлиги ҳақида гапирди. Матбуот анжумани вақтида Вериссиму бир неча бор 12-ўйинчи омилига тўхталганди, фақат «Да Луж»даги мухлислар Клопп ва унинг жамоасини қўрқита олмади. Бу ўйинда экстраординар ҳаракатлар талаб қилинарди, амалда эса мактаб ўқувчилари даражасида хатога йўл қўйилди, бурчак зарбаси амалга оширилган чоғда 192-сантиметрли Конатени негадир 174-сантиметрли вингер Эвертон қўриқлади.

Балки мезбонлар «Ливерпуль»нинг француз ҳимоячиси бомбардирлик хусусиятларини намойиш этиб, клуб сафидаги илк голини Чемпионлар лигасида уришини кутишмагандир? Лекин эътиборга олиш керакки, қизилларнинг бу мавсумда гол урган футболчилари сони йигирма нафардан ошади. Қолаверса, Клопп штаби португаллар ўйинини ипидан игнасигача ўрганишган эди. Меҳмонлар рақиб мудофаасини 34 ёшга чиққан ва тезлигини йўқотган Фертонген ҳамда Салоҳга индивидуал бириктирилган Гримальдо орасидан ёриб ўтишга эътибор қаратишди.

Аммо мисрлик футболчида барибир имкониятлар бўлди, Маненинг товон билан берган узатмасидан кейин жарима майдонига ёриб кирган Салоҳ дарвозабоннинг вақтида қарши олиши туфайли гол уролмади, Кейтанинг кесик пасидан кейин Диасда ҳам имконият бўлди. «Бенфика» ҳам қарши ҳужумлар уюштириб турган бўлса-да, «Ливерпуль» захира билан ўйнади ва савиядаги фарқни кўрсатиб қўйди.

Иккинчи гол эса рақибнинг устидан кулишга айланиб кетди. Александр-Арнолднинг диагонал узатмасидан кейин Диас тўпни бўш дарвоза қаршисида турган Манега ташлаб берди — барчаси бу мақомдаги ўйин учун жуда осон бажарилди.

Салоҳ яккама-якка вазиятга чиқиб кетганида учинчи голни урганида барчаси биринчи бўлимдаёқ ҳал бўларди, аммо Влаходимос яна қутқарди ва «Бенфика» сафидаги бу даражадаги ўйинга тайёр бўлган кам сонли футболчилардан бири эканини исботлади. Иккинчи бўлим бошида Рафа Силванинг қанотдан узатмаси Конатенинг оёқлари орасидан ўтиб кетди ва «бургутлар»нинг энг яхши тўпурари Нуньес вазиятдан фойдаланди.

Бу мавсумда «Барселона», «Бавария» ва «Аякс» дарвозаларига гол урган уругвайлик футболчи яна бир гранд рақибни бу рўйхатга қўшиб қўйди. Ҳисоб қисқарганидан кейин иккинчи бўлим зерикарли ўтмайдиган бўлди. Мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга ҳам яқин келишди ва майдондаги воқеалардан жаҳли чиққан Клопп бирданига уч футболчисини алмаштирди. Бу ёрдам берди. «Порту»нинг собиқ футболчиси, трибунадаги мухлислар томонидан ҳуштакбозликка учраган Диас ўйин охирида учинчи голни уриб, «Энфилд»да кечадиган жавоб ўйини расмиятчилик учун ўтказилишини таъминлади.

Мавзуга оид