Қозоғистон буғдой ва ун экспортига квота киритди
Қозоғистон ҳукумати ички бозорда тақчиллик юзага келишининг олдини олиш учун буғдой ва уннинг икки ойлик экспортига квота киритди. 15 апрелдан 15 июнгача кўпи билан 1 млн тонна буғдой ва 300 минг тонна экспорт қилиниши мумкин. Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондан 100 минг тонна буғдой импорт қилиш бўйича қарор қабул қилган эди.
15 апрелдан бошлаб Қозоғистонда буғдой ва ун экспортига чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаровнинг сўзларига кўра, бу чеклов ички бозорда тақчиллик юзага келиши ва ун ишлаб чиқарувчи корхоналар зўриқишининг олдини олиш учун киритилган.
“2022 йил 1 апрелда Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия 15 апрелдан 15 июнгача буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Буғдой учун квота 1 миллион тонна, ун учун 300 минг тоннадан иборат бўлади”, деган у онлайн брифингда.
Нега Қозоғистон буғдой ва ун экспортини чеклаяпти?
Март ойининг ўрталаридан бошлаб Россияда буғдой экспортига тақиқ жорий қилинди. Бу чекловлар ЕОИИ мамлакатларига нисбатан ҳам жорий йилнинг 30 июнигача амалда бўлиши кўзда тутилган. Қозоғистон буғдой етиштириш бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланса-да, мамлакатга маълум миқдорда Россиядан дон маҳсулотлари импорт қилинарди. 2021 йилда Қозоғистонда ғалла ҳосили меъёрдан тахминан чорак бараварга кам бўлган. Бу эса буғдой экспортини бож ёки квоталар орқали чеклаш масаласини кун тартибига чиқарган.
Аммо Россиядан Қозоғистонга катта миқдорда буғдой экспорт қилиниши (ЕОИИ доирасида товар етказиб беришда экспорт божлари олинмаслиги ҳисобига ҳам Россиядан импорт қилиш нархларни қимматлаштирмайди) мамлакат ички бозорини сезиларли даражада қўллаб-қувватлаган. Рақобат вужудга келиши нархларнинг барқарорлигини таъминлаган ва Қозоғистонда етиштирилган дон маҳсулотларининг бир қисми Марказий Осиё давлатларига (хусусан, Ўзбекистонга) экспорт қилинган.
Ҳозирги вазиятда Россиядан дон маҳсулотлари келишининг тўхташи натижасида жорий йилги ҳосил йиғимидан олдин нархлар ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида квоталар жорий қилинаётган бўлиши мумкин.
Март ойида буғдой нархи қарийб 20 фоизга қимматлашган
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботига кўра, март ойида дон маҳсулотлари нархи 17,1 фоизга (хусусан, буғдой нархи 19,7 фоизга) қимматлашган.
Таъкидланишича, буғдой ва бошқа донли экинлар нархининг ошиши бевосита Украинадаги уруш билан боғлиқ. Чунки сўнгги уч йил ичида жаҳондаги буғдой экспортининг қарийб 30 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, АҚШдаги экинлар ҳолати билан боғлиқ хавотирлар ҳам буғдой нархлари ошишини янада қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистон ички бозорининг Қозоғистондан буғдой ва ун импортига боғлиқлик даражаси
Ўзбекистонга дон маҳсулотлари ва ун асосан Қозоғистондан импорт қилинади. 2021 йилда Қозоғистондан Ўзбекистонга дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн долларни (умумий дон импортининг қарийб 98 фоизи), ун етказиб бериш эса 92,9 млн долларни (умумий импорт улушининг 97 фоизи) ташкил қилган.
2022 йилнинг январь-февраль ойидаги кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак ҳам, Қозоғистондан 113,1 млн долларлик 436 минг тонна буғдой (ушбу давр мобайнидаги умумий импортнинг 100 фоизи) ва 15,9 млн долларлик 51,3 минг тонна буғдой уни ( умумий импортнинг 97 фоизи) олиб келинган. Рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ички бозорини дон маҳсулотлари ва ун билан таъминлашда Қозоғистондан импорт муҳим аҳамият касб этади.
Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг 31 мартдаги “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил апрель-июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна 3-синф буғдойини (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилиш кўзда тутилганди.
1 апрелдаги қарорда, бу борада “Ўздавзахира” қўмитаси ва Қозоғистоннинг “Продовольственная контрактная корпорация” миллий компанияси ўртасида шартнома тузилиши кўзда тутилган. Мазкур шартнома Қозоғистон томони квота киритгунига қадар имзолангани юзасидан ҳозирча маълум йўқ.
Ҳукумат қарорида, шунингдек, яна 500 минг тонна буғдой импортига заруратни ўрганиб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган.
Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистонда 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2 млн 533 минг тоннаси республика дон захиралари учун “Ўздонмаҳсулот” АЖ ҳудудий корхоналарида жамғарилган, 4 млн 123 минг тоннаси эса фермер ва аҳоли ихтиёрида қолган.
Мавзуга оид
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
20:23 / 10.12.2024
Ёғ-мой маҳсулотлари экспортига рухсат берилиши мумкин
11:31 / 18.11.2024